Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил армиясининг йўқотишлари, Эрон ҳарбий кемасига киберҳужум ва Россияда адмирал истеъфоси — кун дайжести
Дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз.
Фаластиндаги вазият
Ғазода ва Ғарбий соҳилда 130 кундан зиёд давом этаётган агрессия оқибатида Исроил армиясининг йўқотишлари ҳам кундан кунга ортиб бормоқда.
Исроил армияси ҳалок бўлган зобитлар ва аскарлар тўғрисидаги янгиланган маълумотни эълон қилди. Унга кўра, 7 октябрдан буён ҳалок бўлган исроиллик ҳарбийлар сони 571 нафарга етган. Уларнинг 233 нафари оддий аскарлар.
Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» шиалар ҳаракати Исроилнинг 11 нафар аскарини ўлдирган. Яна икки аскар Ғарбий соҳилда «Ислом жиҳоди» томонидан ўлдирилган.
Йўқотишлар рўйхатига ўз кучлари томонидан отиб ўлдирилган ёки носоз ўқ-дориларнинг портлаши натижасида ўлган ҳарбийлар ҳам киритилган. Жанговар ҳаракатлар асносида Исроилнинг олий мартабали беш нафар полковниги ўлдирилган. Шунингдек, 10 нафар подполковник ва 42 нафар майор ўлдирилган.
Буларнинг барчаси Ғазода ҳалок бўлган фаластинликлар сони олдида ҳеч нарса эмас. Чунки биргина ўтган сутка ичида Ғазо секторида 87 киши ўлдирилди, 104 киши жароҳатланди.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 7 октябрдан буён Исроил агрессияси қурбонлари сони 28 минг 663 кишига етган, яна 68 минг 395 киши турли даражада ярадор қилинган.
Қизил денгиздаги вазият
Пентагон Ямандаги ҳусийчилар мўлжалланган, Эронда ишлаб чиқарилган қурол-яроғлар ортилган кемани ушлашганини маълум қилди.
NBC телеканалининг хабарига кўра, АҚШ Эроннинг «Беҳшод» кемасига ҳам киберҳужум уюштирган. Ушбу кема Адан қўлтиғида сузиб, разведка билан шуғулланиб, ён-атрофдан ўтаётган юк ташувчи кемалар ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида «Ансоруллоҳ» ҳаракатига аъзо ҳусийчиларга узатиш билан шуғулланиб келган.
Эрон томонининг маълумотларига кўра, киберҳужум «Ансоруллоҳ»га маълумот узатилишининг олдини олиш мақсадида ташкиллаштирилган.
АҚШ ва Буюк Британия ҳарбий ҳаракатлар билан ҳусийчиларни тўхтата олмаяпти. Ҳусийчилар ҳаракати вакили Яҳё Сария юк кемаларига берилган янги зарбаларни санаб ўтди
«Биз Адан қўлтиғида Британиянинг «Lycavitos» кемасига ҳужум қилдик. 7 октябрда буён бизнинг кучларимиз жами 34 та кемага қарши операциялар ўтказишди. Уларнинг 14 таси АҚШга, 3 таси Буюк Британияга ва 17 таси Исроилга тегишли. Бизнинг Қизил денгиздаги операцияларимиздан сўнг бу йўлдан фойдаланаётган Исроил кемалари сони нолга тушди».
Яҳё Сария ҳусийчилар Америка-Британ агрессиясига жавоб бериш учун келгусида чоралар қабул қилиш, Фаластинни қўллаб-қувватлаш бўйича позицияни мустаҳкамлаш жараёнида эканини маълум қилган.
Украина Авдийивкадан чекинмоқда
Россия қўшинлари Украинанинг Донецк областидаги Айдийивка шаҳарчасини қарийб эгаллаб бўлган, деб ёзади The Washington Post. Украина қуролли кучлари аскарларига кўра, Авдийивкани ташлаб чиқиш — вақт масаласи, пайшанба куни улар айрим позицияларни тарк этишга мажбур бўлишган, чунки Россия кучлари шиддат билан бостириб келишган.
3-алоҳида штурм бригадаси вакили Олександр Бородин Авдийивкадаги вазият «жуда оғир»лигини таъкидлаган: Россия қўшинлари сон жиҳатидан устун, кучлардаги нисбатан 7 га 1 ни ташкил этмоқда. «Бу ерда иккита ҳужум армияси ҳаракатланмоқда. Булар еттита бригададан иборат. Айни пайтда позицияларни сақлаб қолиш тўғрисидаги буйруқларни бажармоқдамиз», — деган у.
Россиянинг Z-каналлари Россиянинг Славянск бригадаси жангчилари «Зенит» истеҳком ҳудудида байроқ тикишганини маълум қилиб, видеодалил ҳам эълон қилишди. Бу жойнинг эгалланиши Авдийивкани штурм қилишни осонлаштиради.
Украина Қуролли кучлари «Таврия» қўшинлари гуруҳи қўмондони Олександр Тарнавский «барча сценарийлар ҳисобга олинган ҳолда» янги позициялар тайёрлаб қўйилганини маълум қилди. Шаҳардаги вазиятни у ҳам мураккаб, бироқ назорат қилса бўладиган деб атаган.
«Ҳаммаси Беларусдан бошланган»
Беларус етакчиси Александр Лукашенко ва Беларус ҳудуди Россиянинг Украинага нисбатан агрессиясининг бошланғич нуқтаси бўлган. Бу ҳақда журналистларга вазирлар иштирокидаги Шимолий Атлантика кенгаши бошланиши олдидан НАТО бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилган.
«Россия Украина чегаралари бўйлаб қўшин тўплаётган пайтда улар бу фақат қўшинларни тақсимлаш, деб баҳона қилганди. Босқиннинг катта қисмини айнан Беларусдан туриб амалга оширишди. Шу сабабли Беларус Россиянинг Украинадаги босқинига энг аввалидан иштирокчи бўлган», — деган Столтенберг.
Столтенберг Беларус жаҳоннинг ҳар қандай бошқа давлати каби эркинлик ва демократия шароитида яшашга ҳақли эканини қайд этган.
«НАТО эркинлик ва демократиянинг асосий қадриятларига кўра қурилган. Биз барча халқлар эркинлик ва демократия шароитида яшашга ҳақли, деб ўйлаймиз. Бу Беларус халқига ҳам тааллуқли», — деган НАТО бош котиби.
Украинага ёрдам
НАТО Украина ва унинг мудофаа инвестициясини қўллаб-қувватлашни оширади.
НАТОга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари Россиянинг Украинага ҳарбий агрессияси шароитида русларни тийиб туриш ва улардан мудофаа қилишни муҳокама этишган.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Украинага зарур қурол-яроғлар, таъминотлар ва ўқ-дориларни етказишга, шунингдек, 10 млрд долларлик мудофаа инвестицияси режаси доирасида ишлаб чиқаришни янада кучайтиришга тайёрлигини маълум қилган.
Столтенберг Қора денгизда Россия денат кемасига зарба берилиб чўктирилгани учун Украина ҳарбийларини мақтаб қўйди ва АҚШ Украинани қўллаб-қувватлаш юзасидан қўшимча чоралар кўришидан умид қилаётганини билдирди.
Буюк Британия ортидан Франция ҳам Украина билан хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги келишувни имзолайди.
Франция президенти Эммануэл Макрон ва Украина президенти Володимир Зеленский хавфсизлик кафолатлари тўғрисида иккитомонлама келишув имзолайди, деб хабар беради Associated Press.
Кутилишича, ҳужжат 16 феврал куни имзоланади. Бу ўтган йили Вилнюсда ўтган НАТО саммитида Украина ва G7 давлатлари ўртасидаги келишилган битимлар бўйича имзоланаётган иккинчи келишув бўлади.
Россияда адмирал истеъфоси
Дарвоқе, Қора денгизда чўктирилган кема бўйича. Русларнинг «Цезар Куников» катта десант кемаси ғарқ қилингач, Россияга тегишли Telegram-каналлар Қора денгиз флоти қўмондони истеъфога чиқарилди.
Адмирал Виктор Соколовнинг истеъфога чиқарилганини 15 феврал куни бир нечта Z-Telegram-каналлар ёзиб чиқди. Россия Мудофаа вазирлигига яқин Telegram-каналларнинг ёзишича, Қора денгиз флотига вақтинчалик янги қўмондон этиб флотнинг штаб бошлиғи Сергей Пинчук тайинланган.
Агар Соковловнинг истеъфоси таслиқланса, у Россиянинг Украина билан уруши мобайнида Қора денгиз флотининг ишдан олинган иккинчи қўмондони бўлади. «Москва» крейсери йўқ қилингач, 2022 йилнинг августида Соколов ўша вақтдаги қўмондон адмирал Игор Осипов ўрнига тайинланган эди.
Немис таҳлилчиси Юлиан репкенинг ҳисоб-китобларига кўра, икки йил ичида Россиянинг Қора денгиз флоти ўзининг 20 фоиз кемаларидан айрилган. Уларнинг ичида флот флагмани «Москва» крейсери ҳам бор. Айни пайтга келиб Россия Қора денгиздаги энг катта флотга эга давлат рутбасини Руминияга топшириб бўлди.
Украинанинг зарбалари
Украинанинг Россиядаги йирик нефтни қайта ишлаш заводларига берган зарбаларидан сўнг Россия миллион тонна нефт маҳсулотлари экспортидан айрилган.
Йил бошидан буён камида тўққиз марта Россиянинг нефт-газ инфратузилмасига Украина пилотсиз парвоз қурилмаларининг ҳужумлари йирик нефт компанияларининг экспортига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади.
Январ ойи якунларига кўра, Россиялик нефтчилар хорижга денгиз портлари орқали 10,8 млн тонна нефт маҳсулотлари сотган, деб хабар беради Reuters очиқ манбаларга асосланиб. Украина ҳужумлари натижасида йирик нефтни қайта ишлаш заводлари ишлаб чиқаришни тўлиқ ёки қисман тўхтатишга мажбур бўлгани учун йиллик ҳисобда экспорт 1 млн тоннага ёки 9 фоизга камайган.
Дарвоқе, Европа Иттифоқи Россия газини Украина орқали транзит қилишдан ортиқ манфаатдор эмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.
Европанинг айрим давлатларига Украинанинг «Нафтогаз» компанияси газ ҳайдаш қувурлари орқали Россия газини етказиб бериш тўғрисидаги шартнома 2024 йилнинг 31 декабрида тугайди. Европа томони шартномани узайтириш ниятида эмас.
Мавзуга оид
13:40 / 28.05.2025
Талабаларга виза суҳбатларини тўхтатган АҚШ, Исроилни танқид қилган канцлер ва Ҳайит кунини эълон қилган Саудия – кун дайжести
13:15 / 27.05.2025
ҲАМАСга таклиф қилинган сулҳ, Ливерпулдаги фожиа ва рафиқасидан шапати еган Макрон — кун дайжести
13:31 / 26.05.2025
Путин вертолёти атрофида дронлар ҳужуми, Ҳамаснинг ҳарбий операцияси ва ЕИга божларни кечиктирган Трамп – кун дайжести
14:21 / 24.05.2025