Жаҳон | 20:04 / 17.02.2024
16105
6 дақиқада ўқилади

Қамоқхонада ўлган Навалний, Авдийивкани тарк этган Украина ва Нетаняҳунинг ялло қилаётган ўғли — кун дайжести

Дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз.

Фаластиндаги вазият

БМТ Бош котибининг ўринбосари ҲАМАС террорчилик ташкилоти эмаслигини таъкидлади.

«БМТ ҲАМАСни террорчилик ташкилоти деб ҳисобламайди. Исроил Фаластин қаршилик ҳаракати вакиллари билан музокаралар олиб бориб, муаммога ечим топиши керак», — деган БМТ бош котибининг ҳуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитс Sky News телеканалига берган интервюсида.

Ғазода Исроил агрессияси томонидан ўлдирилган фаластинликлар сони 28 минг 775 кишига етди. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, урушнинг 133-кунига келиб, ярадор бўлганларнинг сони 68 минг 552 нафарга етган.

Биргина сўнгги сутка ичида Исроил қўшинлари 10 та қирғин ўтказган ва унда 112 киши ҳалок бўлиб, 157 инсон ярадор қилинган

Жо Байден маъмуриятининг Фаластин-Исроил можаросида сулҳ ўрнатилиши бўйича қилган чақириқларига қарамасдан АҚШ бир неча ўн миллион долларлик ўқ-дориларни Исроил ҳокимиятига етказиб беришни режалаштирмоқда, деб ёзади The Wall Street Journal.

Нетаняҳунинг ўғли қаерда?

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг ўғли армиядан қочиб, Америкадаги ҳашаматли квартирада яшаётгани маълум бўлди. Отаси исроилликларни урушга ўлимга жўнатаётган, фаластинликларни ўлдираётган бир пайтда унинг эрка ўғли Яир Нетаняҳу Майамида кайф қилиб юрибди.

Daily Mail нашри 32 ёшли Яир Нетаняҳунинг ойига 5000 долларга ижарага турган квартираси фотосуратларини кўрсатди. Бу ерда уни Исроил Shin Bet хавфсизлик хизмати ходимлари ҳам қўриқлашар экан. Бино голф майдони биқинида жойлашган, пляжгача 15 дақиқа пиёда юриш керак.

Нетаняҳунинг ўғли Ғазода аскар бўлиб хизмат қилиш ўрнига Флоридада қолишни маъқул кўрган. Кичик Нетаняҳу ултраўнг қарашлари, ижтимоий тармоқлардаги агрессив чиқишлари билан ном қозонган ва бир неча марта судга тортилган.

Яир Нетаняҳу ўтган йилнинг катта қисмини АҚШда ўтказган ва кўриниб турибдики, у истиқомат рухсатномасини қўлга киритмоқчи.

Навалнийнинг ўлими

Россия мухолифат етакчиси Алексей Навалний қамоқхонада вафот этди. Навалнийнинг қариндошлари ҳали буни тасдиқлаганича йўқ.

Дунё етакчилари унинг ўлимида Владимир Путинни айблаб баёнотлар бермоқда. Жумладан, АҚШ президенти Жо Байден ҳам.

«Россия ҳокимияти ўзининг версиясини айтади, лекин алданманглар, Навалнийнинг ўлимида бор жавобгарлик Путиннинг зиммасида», — деган Байден.

Америка президентининг қайд этишича, «Навалний жасур, принципиал инсон эди ва у нима учун курашаётгани ва қандай Россия учун ишонишини аниқ биларди».

«Навалний коррупция ва диктатурага қарши курашган. Ҳаттоки қамоқхонада ҳам у ҳақиқат овози бўлиб қолди. Уни заҳарлашганларидан сўнг, ўлим таҳдидига қарамасдан барибир Россияга қайтди», — деган АҚШ президенти.

Байденнинг сўзларига кўра Навалнийнинг ўлими Путиннинг «ёвузлигига яна бир далил»дир.

«Биз Украинада шоҳиди бўлаётганимиздек, Путин нафақат бошқа давлатлар фуқароларига ҳужум қилади, балки ўзининг халқига нисбатан ҳам ёвуз жиноятлар содир этади», — деган у.

Россиянинг ўзида Навалнийнинг ўлими туфайли келишилмаган хотира акциялар бўлиб ўтган. Унда ушланган намойишчилар сони юздан ортган. Россия прокуратураси норозилик акциясида қатнашганларни экстремизмда айблаб ҳибсга олиш билан таҳдид қилган.

Украина Авдийивкани топширди

Украина қуролли кучларининг янги бош қўмондони Олександр Сирский қўшинларни Авдийивкадан олиб чиқиб, афзалроқ позицияларга жойлаштиришни эълон қилди.

Украинанинг «Таврия» қўшинлар гуруҳи қўмондони Олександр Тарнавский ҳам бўлинмалар Авдийивкани тарк этганини хабар қилди.

Авдийивканинг эгалланиши 2024 йилда Россиянинг жанг майдонларида эришган илк жиддий муваффақияти бўлади. Россия қўшинлари томонидан эгалланган сўнгги шаҳар Бахмут эди. У 2023 йилнинг май ойида эгалланган эди. Оккупация остидаги Донецк шаҳридан 25 км наридаги Авдийивка Россия учун Бахмутдан кўра катта стратегик аҳамиятга эга. «Йўллар, боғловчи йўллар ва логистиканинг катта қисми Авдийивкада бирлашган», — деган Украина қуролли кучлари пиёда взводи 53-бригадаси қўмондони.

Россиянинг аҳолиси камаймоқда

Росстат саккизинчи йилдирки Россия аҳолиси табиий равишда камайиб бораётганини қайд этди.

Владимир Путиннинг саккизтадан фарзанд кўриш ҳақидаги чақириқларига қарамасдан, Россияда демографик қирилиш спирали буралишда давом этмоқда. Аҳолининг табиий камайиши натижасида 2023 йилда Россия 495 минг аҳолисидан айрилган. Яъни ўлимлар сони туғилишлар сонидан устун келган. Бу Росстат тарқатган расмий маълумот.

Йил якунларига кўра гарчи ўлганлар сони 1990-йиллар бошидан буён илк марта 7,6 фоизга қисқариб 1,76 миллиони қайд этган бўлса-да, туғилиш даражаси ҳам 3,6 фоизга пасайган. Россияда ўтган йили 1 млн 264 минг чақалоқ туғилган. Бу 1999 йилдан буён энг паст кўрсаткич.

Аҳолининг табиий қисқариши саккизинчи йилдирки давом этмоқда ва 2016–2023 йилларда умумий сони 3,5 млн кишини ташкил этган. 2000 йиллардан бошлаб мамлакат ўлимлар сонининг туғилишдан катталиги натижасида 11 млн одам йўқотган. Бу Санкт-Петербург аҳолисининг икки баробарига тенг.

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид