АҚШда рекорд ўрнатиш учун ҳавога учирилган 1,5 миллионта шар – Кливленддаги экологик фалокат қандай содир бўлганди?
1986 йилда АҚШдаги шаҳарларнинг бирида шарлар фестивали ўтказилади. Унда ташкилотчилар Гиннесснинг рекордлар китобига кириш учун ҳавога 1,5 миллионта шар учирмоқчи бўлишади. Охир-оқибат бу иш кўплаб ЙТҲларга, парвозларнинг тўхтаб қолишига ва шаҳар ҳамда унинг атрофи бўйлаб жиддий экологик фалокат содир бўлишига олиб келади.
Бугун инсоният онгли равишда атроф-муҳитни пластик чиқиндилар билан ифлослантириб боряпти. Айниқса полиэтилендан ишлаб чиқарилган елим пакетлар дунё бўйлаб қуруқликда ва сув оламида турли жонзотлар ҳаёти учун жуда катта хавф туғдирмоқда.
Жойларда пластик пакетларга қарши “кураш” кетмоқда. Жумладан, уларнинг ўрнига қоғоз пакетлар ёки кўп марта ишлатса бўладиган матодан тикилган тўрхалталар ишлатиш тавсия этилмоқда. Бироқ кўрилаётган чораларни етарли деб бўлмайди.
АҚШ тарихида, ҳали Ер юзида пластик чиқиндилар масаласи долзарб бўлмасидан анча аввал оддий резина шарлар туфайли экологик муаммо келиб чиққан эди.
Инсоният ўшандаёқ айрим нарсаларнинг Ер юзи бўйлаб тўхтовсиз сочилиши аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушуниб етиши керак эди. Бироқ бошқа ҳолатларда бўлгани каби, АҚШдаги ҳодиса ҳеч кимга ибрат бўлмади.
Йўқ, қисман ибрат бўлди. Ўшанда экологик ва бошқа муаммоларга дучор бўлган америкаликлар ҳодисадан сўнг ақлларини йиғиб олишди ва зинҳор бир вақтнинг ўзида осмонга миллионлаб шар учирмайдиган бўлишди. Бу ҳодиса 1986 йилда Оҳайо штатидаги Кливленд шаҳрида содир бўлганди.
Ҳодисадан аввал
Барчаси 1984 йилда АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида ўтказилган олимпия ўйинларидан бошланганди. Ўшанда бу шаҳар ўз тарихида иккинчи марта олимпия мусобақаларини ўтказганди (биринчиси 1932 йилда ўтказилган).
Маълумот учун, 1980 йилда Москвада ўтказилган олимпия ўйинларига совет армиясининг Афғонистонга бостириб киришига қарши норозилик сифатида АҚШ бошчилигидаги 100 дан ошиқ давлат спортчилари келмайди. Бунга жавобан, 1984 йилда Лос-Анжелесда ўтказилган олимпия мусобақаларига СССР бошчилигидаги социалистик лагерга кирувчи саноқли давлатлар ўз спортчиларини юбормайди.
Лос-Анжелесда олимпия ўйинларининг очилиш маросими пайтида ҳавога ичига газ тўлдирилган кўплаб шарлар учирилади ва улар ёрдамида “Welcome” (Хуш келибсиз) сўзи ёзилади.
Орадан бир йил ўтгач, 1985 йилда Калифорния штатидаги Анахайм шаҳрида жойлашган Диснейленд мажмуасининг 30 йиллик юбилейи шарафига ҳавога 1 млн (!) дона шар учирилади. Бу иш ўша пайтда кўп шар учириш бўйича рекорд натижа эди.
Лос-Анжелесда ҳам, Диснейленднинг юбилейида ҳам шарлар учириш шоусини “Balloonfest” компанияси ўтказиб берганди.
1986 йилда Оҳайодаги Кливленд шаҳрида жойлашган United Way of Cleveland фонд компанияси шарлар фестивалини ўтказишга ва унда ҳавога бир пайтнинг ўзида 2 млн дона шар учиришга қарор қилади.
Шарлар фестивалини ўтказишдан мақсад Диснейлендда ўрнатилган рекордни янгилаш ва Гиннесснинг рекордлар китобига кириш бўлган.
Компания эълон бериб, бу иш учун хайрия пулларини йиғади. Шаҳар маъмуриятидан рухсат олингач, “Balloonfest” компаниясига тадбирни ўтказиб бериш юзасидан буюртма беришади. Фестивалга “Balloonfest-86” деб ном берилади.
Шар учиришга тайёргарлик
United Way of Cleveland бошида “Balloonfest” компаниясига ҳавога 2 млн дона шар учириш бўйича буюртма берганди. Бироқ компания тадбир куни ноқулай об-ҳаво кузатилиши эҳтимоли туфайли уларни 1,5 млн донага қисқартиради.
Режага кўра, Кливлендда шарлар шунчаки қўйиб юборилмасди. Улар ҳавога учирилиб, пишиқ арқондан тўқилган жуда катта тўр ичига қамалиши, сўнг тросслар ёрдамида тўр ҳавога кўтарилиши ва охирида қўйиб юборилиши керак эди.
Тадбир 27 сентябрга мўлжалланганди. “Balloonfest” ишларни эртароқ бошлайди. Аввал шаҳар марказида атрофи панжара билан ўралган махсус жой қилинади.
Сўнг енгил арқондан тўқилган ўлчами жуда катта бўлган улкан тўр олиб келиниб, арқонлар ёрдамида махсус жойга боғланади. Шундан кейин шарлар гелий гази билан тўлдирилиб, қўйиб юборилади. Улар бориб тўрга илиниб қолаверади.
Ташкилотчилар барча шарларни шишириб, тўр остига тўплаб, сўнг ҳавога учиришни режа қилганди. Компания ходимлари билан барча шарларни шишириб улгура олмасди. Шу сабабли вақтни тежаш мақсадида шаҳар аҳолиси ёрдамга чақирилади.
Ёрдам беришни истаган одамлар куни бўйи шар шиширишади. Бу ишда айниқса талабалар жонбозлик кўрсатади. 2 500 нафар талаба газбаллончалар ёрдамида шарларни шиширишда ёрдам беради. Шу тариқа тўр тўлиб бораверади.
Тадбир бўлиб ўтиши режалаштирилган 27 сентябр куни эрталаб телеканаллар шар шишириш жараёнини тўғридан тўғри эфирда кўрсата бошлайди.
Фалокат
Бир неча кун аввал метеорологлар тадбир ўтказиладиган кунда ҳаво совиб кетиши, кучли шамол эсиши ва ёмғир ёғиши ҳақида огоҳлантиришганди. Бироқ ташкилотчилар байрамни ортга суришни хоҳламайди.
Кўнгиллилар шарларни шишириб қўйиб юборар экан, қарийб 1,5 млн дона шар тўрга илиниб, жуда улкан массани ҳосил қилади. Шар шишириш якунига етиб, уни учиришга тайёргарлик бошлангач, улкан тўр кучли шамол туфайли йиртилиб кетади.
Бошқа манбага кўра шарлар билан тўлган улкан тўр ҳавога кўтарилаётганда бинолардан бири унинг арқонини кесиб юборади. Оқибатда тўр тешилиб, шарлар очиққа чиқиб кета бошлайди.
Ичи гелий билан тўлдирилган шарлар очиқ ҳавога учиб чиққач кучли шамол туфайли улар тезлик билан атрофга тарқай бошлайди. Қисқа вақт ичида шаҳар кўчалари ва атрофини шиширилган шарлар қоплаб олади.
Пастда шар учириш маросимини томоша қилиш учун келган одамлар жараённи ҳаяжон билан кузатарди. Ҳодиса гувоҳи бўлган маҳаллий газета мухбири Жейн Кахун шундаай эслаганди:
"Шарларни шишираётган кўнгиллиларнинг сони икки ярим минг атрофида эди. Бундан ташқари, атрофда уларнинг ишини кўплаб одамлар кузатиб турарди. Иш якунланаётгани учун одамлар ҳаяжонланарди.
Улкан тўр ичидаги ранг-баранг шарлар катта нақшинкор гумбазни эслатарди. Шу пайтда кимдир сигнал берди ва тўр боғланган арқонни бўшата бошлашди. Шарлар осмонга кўтарила бошлади. Бироқ шу пайтда тўр гумбаз бинолардан бирининг минораси ортига ўтди, лекин у ердан шарлар яхлит эмас, бўлакларга бўлинган ҳолда чиқди. Шундан сўнг улар шамол йўналиши бўйлаб ҳар ёққа тарқала бошлади”.
Аслида гелий билан тўлдирилган шарлар тепага қараб учади. Бироқ ўша куни тушдан кейин ҳаво совиб кетади ва ёмғир ёға бошлайди. Шу сабабли шарлар тепага эмас, ерга туша бошлайди.
Кучли шамол уларни жуда катта ҳудудга сочиб юборади. Шаҳар ичи ва атрофида кўчалар, томлар, сув юзалари, ҳамма ёқ шарга тўлиб кетади.
Миллионлаб шар ҳавода учиб ерга тушар экан, шаҳар аҳолисининг қувончи ичига сиғмасди. Чунки ерга ёмғир аралаш шар ёғарди. Шунингдек, рекорд ўрнатган ташкилотчилар ҳам хурсанд эди.
Фалокат оқибатлари
1,5 млн дона шар ҳамма ёқни қоплаб олгач, биринчи навбатда Кливленд шаҳри ва унинг атрофидаги кўчаларда, йўлларда транспортлар ҳаракати издан чиқади.
Оқибатда, 50 дан ошиқ йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлади. Шундан сўнг дарҳол шаҳар ичидаги йирик кўчалар ва унинг атрофидаги йирик магистрал йўллар ёпилади.
Шарлар нафақат ерда ҳаракатланаётган транспорт воситаларига, балки самолётлар парвозига ҳам халақит қилади. Шу сабабли Кливленд аэропортида бир неча соат учиши ва қўниши лозим бўлган самолётларнинг барча парвозлари бекор қилинади.
Шаҳар яқинидаги Эри кўли ва дарё бутунлай шарлар билан қопланади. Бу икки кишининг ўлимига сабаб бўлади.
Гап шундаки, ўша куни кўлда қутқарувчилар бедарак йўқолган икки балиқчини қидираётганди. Қидирув ишларига қайиқлар билан бирга вертолёт ҳам жалб қилинганди.
Ҳавода учиб юрган шарлар туфайли кўлнинг юзасини шарлар қоплаб олади ва қутқарувчилар балиқчиларни топа олишмайди. Ҳавода учиб юрган сон-саноқсиз шарлар сабабли вертолётнинг ҳам парвози тўхтатилади. Оқибатда, балиқчиларни топиб бўлмайди ва улар ҳалок бўлади.
Кўп ўтмай ҳалок бўлган балиқчилардан бирининг хотини тадбир ташкилотчиси бўлган United Way of Cleveland ва Balloonfest компанияларини судга бериб, 3,2 млн доллар товон пули талаб қилади.
Ҳавога чиқиб кетган 1,5 миллионта шар Кливленд ва унинг атрофига тушгандан сўнг маълум муддат ўтиб, уларнинг барчаси ёрилади ва ҳамма ёқни резина бўлаклари босиб кетади.
Бундан шаҳар коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, оқова сув ташкилотлари, фермерлар зарар кўради. Шаҳар тозалиги учун масъул бўлган компания ходимлари ёрилган шарларни йиғиштириб олиш учун узоқ вақт анча маблағ ва куч сарфлайди.
Ёрилган шарлар оқова сув қувурларга тиқилиб, муаммолар келтириб чиқаради. Фермерлар эса ўз ерларини тозалаш учун жиддий тер тўкишларига тўғри келади.
Шунингдек, ёрилган шарлар туфайли шаҳар атрофидаги ёввойи табиат жонзотлари, кўлдаги сув ҳайвонлари ва қушлар нобуд бўлади.
Бундан ташқари, ҳаводан ерга тушаётган шарлар отлар сақланаётган фермага тушади ва қимматбаҳо араб отларини ҳуркитиб юборади. Оқибатда уларнинг бир қанчаси жароҳатланади ва отларнинг эгаси ташкилотчиларни судга беради.
Гарчи якуни кўнгилсизликлар ва экологик фалокат билан тугаган бўлса ҳам Кливлендда шар учириш ташкилотчилари ўз мақсадига етади – рекорд ўрнатилади.
Бироқ бу ишни Гиннесснинг рекордлар китобига киритиш осон бўлмайди. Аввалига рекордларни қайд этувчилар бунга рози бўлмайди.
Анча пайт давом этган тортишувлардан сўнг Кливленддаги шарлар фестивали 1988 йилда чоп этилган Гиннесснинг рекордлар китобига “Бир пайтнинг ўзида ҳавога энг кўп шар учирилган” деб киритилади.
Айтганча, ўшанда жуда кўп шар учиб, қўшни Канада ҳудудига ҳам ўтади ва улар ёрилгач атроф шар бўлакларига тўлиб кетади. Шунда Канада ҳукумати америкаликлардан атроф-муҳитни тозалаб қўйишни ёки харажатни тўлаб беришни талаб қилади.
Америкаликлар Канада ҳудудини ҳам тозалаб беради. Ўшанда улар Канада ҳудудидан 3 тонна оғирликдаги шар бўлакларини йиғиштириб олган эди.
Кливлендда ташкилотчилар шарлар фестивали учун 500 минг доллар сарфлашни мўлжаллашганди. Охир-оқибат атроф муҳитга, мулкдорларга, коммунал соҳа ва ободонлаштириш компанияларга ва бошқа ишларга етказилган зарар миқдори 7 млн доллардан ошиб кетади.
Хулоса шуки, Кливленддаги ҳодиса инсоннинг кўнгилхушлиги учун амалга ошириладиган турли ишларнинг барчаси ҳам хайрли якун топмаслигини ва атроф-муҳитга жуда катта зарар етказиб қўйиш мумкинлигини кўрсатди.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024