Ўзбекистон | 08:21 / 18.02.2024
5625
3 дақиқада ўқилади

ФВВ аҳолини томдан тушиши мумкин бўлган қор ва музлардан эҳтиёт бўлишга чақирди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларини қорли ва совуқ кунларда кўчада эҳтиёткорлик билан ҳаракатланишга, бинолар томидан тушиши мумкин бўлган қор ва музлардан эҳтиёт бўлишга чақирди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳавонинг совиши ва қор ёғиши муносабати билан кўчада эҳтиёт бўлиш ва томидан қор массалари ҳамда муз тушиши мумкин бўлган бинолардан масофа сақлаш кераклигини эслатди.

Вазирлик бинодан чиқаётганда, томларда қор массалари, сумалаклар ва музларнинг тўпланиши, уларнинг тушиши мумкин бўлган жойларни четлаб ўтишга эътибор бериш кераклиги, болаларни хавфли деб ҳисобланган жойларда бўлишига йўл қўймаслик лозимлигини таъкидлади.

Вазирлик тавсиялари:

  • Қор массалари, сумалак ва музлар бўлиши мумкин бўлган томлари баланд уйларга яқинлашмаслик ва болаларнинг бундай жойларда ўйнаши ҳамда бўлишига йўл қўйиш керак эмас;
  • Агарда хавфли жойда панжараси, огоҳлантирувчи белгилари мавжуд бўлса, улардан ўтишга уринмаслик, хавфли жойни бошқа йўл билан айланиб ўтиш керак;
  • Қулоқчин таққан ҳолда кўчада юриш, томдан тушаётган қор массалари шовқинини эшитмасликка олиб келиши мумкин;
  • Пиёдалар йўлакчаси бўйлаб ҳаракатланаётганда, юқори қаватларда шубҳали шовқин эшитилса, тўхташ керак эмас, бошингизни кўтариб ва у ерда нима бўлганини ўйлаб кўриш керак. Эҳтимол, бу қор массалари ёки сумалак ва музлар тушаётган бўлиши мумкин. Бундай вақтда қочиб кетиш қийин, имкон қадар тезроқ бино деворига ёпишиш керак, бу хавфсиз бўлишга хизмат қилади.
  • Автотранспорт воситаларини томи баланд бинолар ёки тепасида қор массалари, сумалак ва музлар бўлган иншоотлар яқинига қўйиш керак эмас.
  • Агар одам томдан тушган қор массалари, сумалак ва музлар туфайли жароҳатланса, дарҳол тез ёрдам чақириш керак.

Ижтимоий тармоқларда 17 феврал куни Tashkent Index автомобил бозорида сотилаётган автомобиллар устига темир конструкцияли соябон (навес) қулагани ҳақида хабар берилди. Қайд этилишича, соябон ёғган қор оғирлигига бардош бера олмаган ва 6 та автомобилга шикаст етган.

Ўзгидромет хабарига кўра, Ўзбекистонда якшанба куни ҳарорат кечаси −3…−8 даражагача пасаяди, кундузи −3…+2 даража атрофида бўлади. Шимолда эса кечалари −11…−16 даража совуқ бўлиши мумкин. Дам олиш кунлари ҳудудларда асосан қор ёғиши, йўлларда яхмалак ҳосил бўлиши кутилмоқда.

Мавзуга оид