Учта вилоятда 50 мингдан ошиқ истеъмолчи электр таъминотидан узилди
Бир кун олдин кучли шамол оқибатида Бухоро вилоятидаги 2 та юқори кучланишли электр узатиш тармоғида носозлик юзага келганди.
Самарқанд, Бухоро ва Жиззах вилоятларининг бир қанча ҳудудларида 50 мингдан ошиқ истеъмолчи вақтинчалик электр таъминотидан узилган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар бермоқда.
Бунга ҳудудларда ноқулай об-ҳаво кузатилаётгани ва кучли шамол эсаётгани сабаб бўлган.
Жумладан:
- Самарқанд вилоятининг Самарқанд, Паст Дарғом, Булунғур, Жомбой, Тойлоқ ва Пайариқ туманларида 35 000 истеъмолчи;
- Бухоро вилоятининг Ромитан, Бухоро, Олот, Когон ҳамда Жондор туманларида 15 000 истеъмолчи;
- Жиззах вилоятининг Бахмал туманида 700 истеъмолчи электр таъминотидан узилган.
«Ҳозирги вақтда вилоят электр тармоқлари корхоналарининг махсус бригадалари томонидан носозликларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Носозликлар босқичма-босқич бартараф этилиб, истеъмолчиларнинг электр таъминоти қайта тикланади. Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз», дейилади хабарда.
Газлидаги авария
17 феврал куни вазирлик Бухоро вилоятида кучли шамол натижасида 2 та юқори кучланишли электр узатиш тармоғида носозлик юзага келгани ҳақида хабар берганди.
«Бугун соат 18:03 да кучли шамол натижасида Бухоро вилоятидаги 110 кВ кучланишли «Л-Газли-1», «Л-Газли-2» электр узатиш тармоқларида носозлик юзага келган.
Бунинг натижасида «Газли» магистрал газ қувурлари бошқармасига қарашли бир нечта газ ҳайдаш агрегатлари фаолиятида қисқа муддатли узилиш кузатилмоқда.
Мазкур тармоқлардаги носозлик тезкор бригада томонидан 2-3 соат ичида бартараф этилади ва газ ҳайдаш агрегатлари фаолияти тўлиқ тикланади.
Шу вақт оралиғида республиканинг жанубий қисмига йўналтириладиган табиий газ ҳажми бироз қисқариши, шунингдек, магистрал газ қувурларида босим нисбатан пасайиши ҳолати юзага келяпти.
Газ босими камайишини инобатга олган ҳолда, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида айрим автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига қисқа муддатли чекловлар киритилмоқда.
Шунингдек, бир қатор иссиқлик электр станцияларида газ босими пасайиши ҳолати кузатилиши туфайли республикамизнинг баъзи бир ҳудудларида электр энергияси таъминотида қисқа муддатли чекловлар ўрнатилади», дейилганди хабарда.
Мавзуга оид
20:04
Отасининг ёнига кўмилган қизалоқлар: опа-сингил маст “пойгачи”нинг қурбони бўлди
09:51
Бухоронинг айрим ҳудудларида газ таъминоти вақтинча тўхтатилади
08:10
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
20:55 / 20.11.2024