Ўзбекистон | 20:28 / 19.02.2024
14166
2 дақиқада ўқилади

«Боланинг отаси билан ғурурланиши эмас, ота-онанинг ўз фарзанди билан ғурурланиши муҳимроқ» — Эркинжон Турдимов

Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов мактабда ота-оналар олдида чиқиш қилар экан, дабдабавозликдан воз кечиб, фарзандларга шароит яратиш ҳақида гапирди.

Пайариқ туманидаги 102-мактабда ўтказилган йиғилишда болаларнинг таълим-тарбияси масаласида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, миллий гвардия ходимларининг мактаблар билан ҳамкорлиги тартиби айтиб ўтилди.

«Энг яхши нарса нима: Фарзанднинг оталари билан ғуруланиши эмас, ота-оналарнинг ўз фарзандлари билан ғурурланиши муҳим. Ота-оналар мактабга келсин, боласининг ўзлаштириши ва давомати, қайси касбга меҳр қўйгани билан қизиқсин. «Ўзим-ку бўлмадим, нима бўлсам бўлдим, энди болам яхши ўқисин. Болам яхши ўқиса, тил билса, бир касбнинг устаси бўлса, келгусида яхши яшайди, қариган чоғимда менга суянчиқ бўлади», деб фикрлаш керак», — деди Турдимов

Ота-оналар мажлисида чиқиш қилган Турдимов фарзандларнинг мактабдаги ўқиши ва таълим олиш учун шароит яратишга бефарқ ота-оналар ҳақида ҳам гапирди.

«Гиламнинг яхшиси меҳмонхонада туради, диван, стол-стулнинг ҳам меҳмонхонага қўяди, телевизорнинг каттаси ҳам меҳмонхонада туради. Бола эса ерда ётиб, чироқ соясида кўзларини пирпиратиб дарс қилади. Биринчи навбатда уйда болаларга шароит қилиб бериш керак», — деди Турдимов.

Эслатиб ўтамиз, 5 феврал куни президент шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтган эди. Йиғилишда мактаб таълимидаги ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган вазифалар белгилаб берилган эди. Жумладан, мактабларда оғриқли масалалардан бири бу – тарбия ва маънавият эканлиги қайд этилиб, мактаблардаги инспектор-психологлар штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилиши белгиланган эди.

Мавзуга оид