ҲАМАСга сўнгги муддат, Британия кемасига зарба ва НАТОга муқобил ташкилот муҳокамаси — кун дайжести
Янги иш ҳафтаси бошланди. Дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз.
ФАЛАСТИНДАГИ ВАЗИЯТ
БМТ Бош ассамблеяси Халқаро суддан Исроилнинг Фаластин ҳудудларидаги ҳаракатлари ҳуқуқий оқибатларини баҳолашни сўраган эди. Эшитувлар Исроилнинг Ғазо секторидаги амалиёти фонида бўлиб ўтади.
Халқаро суд бугун Исроилнинг 1967 йилдан бери Фаластин ҳудудидаги ҳаракатларининг ҳуқуқий оқибатлари бўйича эшитувларни бошлаган.
Судда 52 давлат вакиллари сўзга чиқиши кутилмоқда. Гап бошқа нарсалар қаторида «Исроилнинг Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини доимий равишда бузиши» ҳақида кетмоқда.
Исроил Ғазо жанубида жойлашган Рафаҳ шаҳрига ҲАМАС кучларини йўқ қилиш учун ҳужумга тайёрланмоқда. Бу шаҳарда кўплаб фаластинлик қочқинлар тўпланган. Исроилнинг режалари дунё етакчиларини хавотирга солди.
Сўнгги олинган хабарларга кўра, Исроил агар ҲАМАС гаровда ушлаб турилган асирларнинг барчасини озод қилмаса, 10 март куни Рафаҳни штурм қилишини эълон қилган.
«Ким Рафаҳдаги операциямизни тўхтатмоқчи бўлса, охир-оқибат бизга: «Урушни ютқазинглар» демоқда», — деди Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Исроил ҲАМАС ҳаракати кучларини йўқ қилиш мақсадида Рафаҳ шаҳрига ҳужумидан воз кечмаслигига урғу бериб.
Ҳужум «тинч аҳолига жанговар ҳудудлардан хавфсиз жойларга кўчишга имкон берганимиздан кейин бошланади», — деган Нетаняҳу.
Бундан ташқари, Нетаняҳу ҳамасчилар билан Миср ва Қатар воситачилигида уюштирилган музокараларда муваффақият қозонмаганига ишора қилди. Исроил томони «ҲАМАСнинг алдамчи талабларидан бошқа ҳеч нарса олмади», деган Нетаняҳу.
Рафаҳда 1,3 миллионга яқин ички фаластинлик қочқин бошпана топган. Норвегия қочқинлар кенгаши раҳбари Ян Эгеланднинг сўзларига кўра, бу ҳудудга келганлар озиқ-овқат ва ичимлик суви етишмаслиги билан тўқнашмоқда. Европа ва жаҳоннинг бир қатор сиёсий арбоблари Исроилнинг режаларидан келиб чиқиб, Рафаҳ тинч аҳолиси тақдиридан хавотир билдирди.
ФАЛАСТИН ОЗОДЛИГИ МАСАЛАСИ
Айни пайтда Исроил президенти Иcҳоқ Ҳерцог Яқин Шарқда келишувга эришиш истиқболига изоҳ берди.
«Исроил-Фаластин можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш минтақадаги бошқа давлатлар билан тузилган кенг қамровли келишув доирасидагина мумкин», — деган Исҳоқ Ҳерцог Мюнхенда ўтган хавфсизлик конференциясида.
«Исроил хавфсизлиги масаласига самарали ечим топмагунимизча, бу содир бўлмайди», — деган Исроил президенти Фаластин давлатини яратиш имконияти ҳақидаги саволга жавобан.
Гарчи аввалроқ Исроил оммавий ахборот воситалари Исроил Саудия Арабистони билан муносабатларнинг яхшиланиши эвазига Фаластин давлатини тан олиш бўйича АҚШ билан келишувга эришгани хабар қилинган бўлса-да, Исроил вазирлар маҳкамаси «биртомонлама кўринишда» Фаластин давлатини тан олишни рад этиш тўғрисидаги декларацияни маъқуллаган. Яъни Исроилнинг ҳозирги ҳукмрон ҳукуматида Фаластин давлатини тан олиш нияти йўқ.
ҚИЗИЛ ДЕНГИЗДАГИ ВАЗИЯТ
Яман қирғоқлари яқинида яна кема ҳужумга учради. Хабарларга кўра, кема яқинидаги портлаш унга зарар келтирган, аммо экипаж хавфсиз ҳолатда.
Яманнинг жануби-ғарбий соҳилларида яна кемага ҳужум қайд этилди. Британия бирлашган қироллик денгиз савдоси операциялари маркази 19 феврал, душанбага ўтар кечаси воқеа Ал-Муха порт шаҳридан 35 денгиз миляси жанубда содир бўлганини маълум қилди.
«Капитан кема яқинида портлаш содир бўлгани ва зарар етказилгани ҳақида хабар берди. У барча экипаж аъзолари хавфсиз эканини маълум қилди», — дейилади марказ хабарида.
Гарчи марказ кеманинг номи ва турини келтирмаган бўлса-да, ҳусийчилар Адан қўлтиғида Британиянинг Rubymar кемаси зарбага учраганини хабар қилган. Уларга кўра, кемага жиддий шикаст етказилган ва чўкиб кетиши мумкин.
АҚШ Эрон томонидан қўллаб-қувватланиб келинаётган ҳусийчиларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати назорати остида бўлган Яманнинг 5 та ҳудудига зарба берган. Зарбалар учта мобил кемаларга қарши қанотли ракеталар, битта сувости ва битта сувусти дронларига тўғри келган .
Америка ҳарбийлари Қизил денгиздаги операция давомида илк марта ҳусийчиларда пилотсиз бошқариладиган сувости сузиш қурилмаси борлигини аниқлаган. АҚШ марказий қўмондонлигининг хабарига кўра, бу факт Қизил денгиздан ўтаётган савдо кемаларига таҳдидни янада кучайтиради.
УКРАИНАГА ЁРДАМ
Европа зудлик билан ўқ-дориларга муҳтож бўлган Украинага ҳарбий ёрдамни кучайтириши керак. Бу ҳақда Дания бош вазири Метте Фредериксен 18 феврал, якшанба куни Мюнхен хавфсизлик конференциясидаги (MSC) муҳокамалар чоғида айтиб ўтди.
Дания бош вазири Метте Фредериксен фикрича, Европа Киевни қўллаб-қувватлаш учун етарлича ҳаракат қилмаяпти. Дания «барча артиллериясини» Украинага топширди, деди Скандинавия қироллиги бош вазири.
«Биз ишонч ҳосил қилишимиз керакки, уруш бошланганига икки йил тўлганида, Украина кўпроқ юкларни олади», — деган Фредериксен. У Киевни ўқ-дорилар, артиллерия, узоқ масофага учувчи ракеталар, учувчисиз учоқлар ва F-16 қирувчи самолётлари билан таъминлаш учун коалиция доирасидаги кўмакнинг кучайишини назарда тутган.
Foreign Policy нашрига кўра, дастлабки F-16 қирувчи самолётлари Украинага июн ойида етказилиши мумкин. Нашр Литва мудофаа вазири Арвидас Анусаускаснинг сўзларига таяниб бу маълумотни келтирган.
Чехия президенти Петр Павел Украина учун 155 мм ли ярим миллион, 122 мм ли 300 минг снаряд топганини ва бу снарядлар бир неча ҳафта ичида Украинага етказиб берилишини айтган.
Япония Украинани тиклашга 106 млн доллар ажратади. Пуллар Украинанинг еттита областида инфратузилма объектларини тиклаш учун сарфланиши белгиланган.
НАТОГА МУҚОБИЛ ТАШКИЛОТ?
Германиянинг Мюнхен шаҳрида Хавфсизлик бўйича конференция якунланди. Унда НАТО давлатлари Россиянинг ҳужум қилиш таҳдидини муҳокама қилган, деб хабар беради Bloomberg.
The Washington Post нашрининг ёзишича, томонлар агар АҚШдаги сайловларда Доналд Трамп ғалаба қозонадиган бўлса, НАТОга муқобил ташкилот тузиш масаласини муҳокама қилишмоқда.
Politico нашри эса Украинанинг иттифоқчилари конференция доирасида украин армиясининг пароканда бўлишига йўл қўймаслик ҳақида сўзлашгани тўғрисида хабар берган.
Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Европа Иттифоқини Киевни янги қуроллар билан таъминлашда иккиланаётгани учун қоралади. Энди кутишга вақт қолмади: урушдаги вазиятни уч ой ичида ҳал қилиш мумкин, деб ҳисоблайди Боррел.
«Ҳар бир европалик биз аллақачон уруш ҳолатида эканимизни тушуниши керак», деган Европа дипломатияси раҳбари.
Боррелнинг сўзларига кўра, Россия яқинда ўтган баҳордан бери энг йирик ғалабаларидан бирини қўлга киритгач, Украинадаги вазият улардан тезроқ ва яхшироқ ҳамкорлик қилишни, ёрдамлар янада чаққонроқ ва тўғридан тўғри бўлишини талаб қилмоқда.
Боррелнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи Киевга янги турдаги қуролларни етказиб беришда «жуда кўп» иккиланиб, можаро кучайишидан қўрқди, агар у қатъийроқ ҳаракат қилганида жанг майдонидаги вазият бошқача ривожланиши мумкин эди.
Америка қонунчиликлари Мюнхен хавфсизлик конференциясида Конгресс Украинага ҳарбий ёрдам ажратиш бўйича қонун лойиҳасини март ойида тасдиқлашини анонс қилган.
«Мюнхенда ҳар икки партия қонунчилари Вакиллар палатаси алалоқибатда ёрдам ажратилишини ёқлаб овоз беришларини ваъда қилишган, айримлар бу нарса март ойида содир бўлишига шама қилишган», — дейилади Politico нашри материалида.
Мавзуга оид
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024
Ғазодаги ҳарбий назорат, Украина урушига 1000 кун ва ATACMS билан Россияга илк зарба — кун дайжести
14:03 / 19.11.2024