Жаҳон | 12:06 / 19.02.2024
8371
2 дақиқада ўқилади

Украина Авдийивкада асирлар отиб ташлангани ҳақидаги хабарларни текширмоқда

Украина қуролли кучларининг Авдийивка ва Веселоеда яқинида асирга олинган олти ярадор аскарининг қатл этилгани ҳақидаги хабарлар ортидан уруш қонунлари ва одатларини бузиш моддаси бўйича тергов давом этмоқда, деб ёзади Донецк вилоят прокуратураси.

Фото: Донецк вилояти прокуратураси

Украина Донецк вилоятининг Авдийивка шаҳри ва Веселое қишлоғида украиналик ҳарбий асирлар қатл этилгани ҳақидаги хабарларни текширмоқда. Донецк вилояти прокуратурасининг 18 феврал, якшанба куни хабар беришича, жиноят иши уруш қонунлари ва урф-одатларини бузганлик, қасддан одам ўлдириш билан бўйича очилган. 

Бир неча соат олдин Telegram-каналлардан бирида Украина қуролли кучларининг олти нафар аскари Авдийивкадаги позицияда қатл этилгани ҳақида хабар пайдо бўлди, дея тушунтирди терговчилар. Асирлар оғир яраланган ва эвакуация қилинишини кутишган, дея хабар беради прокуратура. Ушбу ҳудудда эҳтимолий қатл ҳақидаги маълумотлар текширилмоқда, аммо буни тасдиқлаш ёки рад этишнинг ҳозирча имкони йўқ, деди «Таврия» қўшинларининг тезкор-стратегик гуруҳи матбуот котиби Дмитрий Лиховой «Суспільне» нашрига. 

Бундан ташқари, 18 феврал куни эрталаб россиялик ҳарбийлар Веселое яқинида икки украиналик ҳарбийни отиб ташлади, деб хабар берди Украина қуруқликдаги қўшинлари. Украиналиклар учувчисиз учиш аппарати камерасидан олинган видеони эълон қилди, унда ҳарбий кийимдаги эркак навбат билан икки кишига қарата ўқ узгани кўрсатилган. Украина томонига кўра, гап Украина қуролли кучларининг асирга олинган икки аскари ҳақида кетмоқда. 

Украина қуролли кучларининг Авдийивкадан чиқиши 

Бир кун олдин «Таврия» қўшинларининг тезкор-стратегик гуруҳи қўмондони Александр Тарнавский Украина қуролли кучлари Авдийивкадан олдиндан тайёрланган позицияларга олиб чиқилишини эълон қилди. Тарнавскийнинг сўзларига кўра, бир неча украиналик аскарлар Россия кучлари босими остида асирга тушган. Россия қўшинлари 2023 йил октябр ойида Авдийивкага ҳужум бошлади. 

Россия расмийлари хабар эълон қилинган вақтда Донецк вилоятида асирлар отиб ташланган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги иддаоларга изоҳ бермади. Аввалроқ Россия ҳам, Украина ҳам бир-бирини таслим бўлган аскарларни отиб ташлашда айблаган эди. 

Мавзуга оид