Жаҳон | 08:41 / 20.02.2024
6031
4 дақиқада ўқилади

ЕИ Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди

Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича умумий чақирувга қўшилмаган ягона Европа Иттифоқи давлати Венгрия бўлди, деб ёзади dpa агентлиги дипломатларга таяниб.

Фото: Fatima Shbair/AP Photo/picture alliance

Исроил ҲАМАС ташкилотига қарши уруш олиб бораётган Ғазо секторида инсонпарварлик сабабларга кўра зудлик билан оташкесим ўрнатилиши керак. Ушбу пауза узоқ муддатли ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, барча исроиллик гаровга олинганларни сўзсиз озод қилиш ва тинч аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатишга олиб келиши керак. Бу баёнот 19 феврал, душанба куни кечқурун ЕИ ташқи ишлар вазирларининг Брюсселдаги учрашуви якунлари бўйича Европа Иттифоқининг 26 мамлакати томонидан янграган. 

Ғазо секторидаги тинч аҳолини ҳимоя қилишга чақириқ

«Биз тинч аҳолининг ҳар доим халқаро гуманитар ҳуқуққа мувофиқ ҳимоясини таъминлаш муҳимлигини таъкидлаймиз», — дейилади Европа Иттифоқига аъзо 26 давлат ташқи ишлар вазирлари 19 феврал куни эълон қилган баёнотда. Ҳужжатда, шунингдек, Исроил Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида ҳарбий ҳаракатлар ўтказмасликка чақирилади, бу ҳозирги ҳалокатли вазиятни янада оғирлаштиради ва шошилинч инсонпарварлик ёрдами етказилишига тўсқинлик қилади. 

Dpa агентлигига кўра, ҳозирда Рафаҳ шаҳрида бир миллионга яқин тинч аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти Ғазо секторининг бошқа қисмларидан келган қочқинлардир. 

Ташқи ишлар вазирларининг қўшма баёнотига қўшилмаган ягона Европа Иттифоқи давлати Венгрия бўлди, деб ёзади dpa дипломатик доиралардаги манбаларга таяниб. Таъкидланишича, Европа Иттифоқида бу мамлакат Исроилга нисбатан дўстона муносабатда ҳисобланади. 

БМТ суди Исроилдан Ғазо секторидаги операцияни тўхтатишни талаб қилмади 

Аввалроқ, 26 январ куни БМТ Халқаро суди Жанубий Африка Республикаси (ЖАР)нинг Исроилга қарши даъвоси бўйича огоҳлантирувчи чоралар тўғрисидаги қарорни эълон қилган эди. Ҳаага суди Исроилга БМТнинг Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенциясига тааллуқли бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилишни ва Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) Ғазода геноцид ҳаракатларини содир этмаслигини таъминлашни буюрди. Бундан ташқари, Халқаро суд Исроил Фаластин ҳудудларидаги тинч аҳолига гуманитар ёрдам етказилишига рухсат бериши керак, деган қарорга келди. Айни пайтда суд Исроилдан Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиётини тўхтатишни талаб қилмади. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 29 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид