Иқтисодиёт | 20:52 / 21.02.2024
11819
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Contact пул ўтказмалари тизими ишламай қолди

21 феврал куни Россия Марказий банки QIWI Банк лицензиясини бекор қилди. Шундан сўнг, Contact тўлов тизими ишламай қолди. 

Ушбу кредит муассасаси Contact тизимининг оператори бўлиб, ташкилий, ҳисоб-китоб ва клиринг, ахборот ва техник функцияларни бажаради. Contact тизимининг 100 фоиз акциядори ва унинг оператори QIWI Group ҳисобланади. 

Россия Марказий банки хабарида айтилишича, QIWI Банк «жисмоний шахслар ва яширин тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ҳисоб-китобларни таъминлашга қаратилган юқори хавфли операциялар», жумладан криптовалюталар, ноқонуний онлайн казинолар, букмекерлар ва шу кабилар фойдасига пул ўтказмалари билан шуғулланган. Банк федерал қонунларни, шу жумладан жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш соҳасидаги қонунларни бузган. 

Лицензия бекор қилингандан сўнг, QIWI ҳамёнларини маблағ билан тўлдириш ва ечиб олиш имконсиз бўлиб қолди. 

Ўзбекистоннинг «Ипак йўли» банки ҳам Contact орқали пул ўтказмалари бўйича операциялар тўхтатилгани ҳақида хабар берди. Молиявий муассаса муқобил тўлов тизимларидан фойдаланишни тавсия қилмоқда. 

Халқ банки ҳам «техник сабабларга кўра» Contact ўтказмалари тўхтатилганини маълум қилди. 

Contact тўлов тизими 1999 йилда очилган, биринчи рус пул ўтказмалари тизими ва бу соҳада жаҳон етакчиларидан биридир. Contact халқаро тармоғи 180 дан ортиқ мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда 670 мингдан ортиқ хизмат кўрсатиш пунктларини - банк филиаллари, тўлов терминаллари, банк тўлов агентлари офислари ва бошқаларни ўз ичига олади.

Мавзуга оид