Жаҳон | 16:06 / 21.02.2024
10184
7 дақиқада ўқилади

Урушлар муҳокамаси ва Гутерришнинг жонли нутқи – Мюнхен конференцияси қандай ўтди?

Мюнхендаги 60-хавфсизлик конференцияси глобал ҳамжамиятда ўзаро ишончсизлик кучайган фонда ўтди. Унда Россия-Украина уруши ва Ғазодаги қирғинбарот асосий мавзулар бўлди. Саммит БМТ бош котибининг жонли руҳдаги нутқи билан ҳам ёдда қолди. Ўнлаб давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирокида ўтган анжуман ҳақида сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

— 60-маротаба ўтказилган Мюнхен конференцияси бугунги глобал тартибсизлик фонида қанчалик ўз аҳамиятини сақлаб қолган?

— Мюнхен конференцияси бошланганда совет иттифоқи бор эди ва совуқ уруш бўлаётган эди. Мюнхен хавфсизлик конференцияси 1962 йили ГФРнинг Мюнхен шаҳрида таъсис этилган, бошида ҳарбий конференция деб номланган. Бу йилги саммитда 40 дан ортиқ давлат раҳбарлари иштирок этди, жами 150 та давлатдан делегатлар қатнашди. Бу конференцияни ҳарбий соҳадаги энг катта форум дейиш мумкин. У ерда имкон қадар эркин фикр алмашинуви бўлади.

Бу йилги конференцияда 4 та асосий катта мавзу кўтарилди: Украина уруши, Яқин Шарқдаги можаро, Европа хавфсизлиги ва НАТО тақдири. Мана шу тўртта масала бўйича анча жиддий фикрлар ўртага чиқди, томонларнинг қарашлари ҳар хил. Учинчи йилдирки бу конференцияга Россия таклиф қилинмади. Ташкилотчиларнинг Россияга нисбатан муносабати салбийлашиб бўлган.

— Россиялик мухолифатчи Навалнийнинг Мюнхен конференцияси арафасидаги вафоти тасодифми?

— Тасодиф эмас. Навалний 3 йил Россия қамоғида эди ва у сиёсий мотивлар билан қамалган эди. Кремл унинг ҳар кунлик ҳолатини кузатиб борган, у геосиёсий майдонда ҳам муҳим шахслардан эди. Кремл учун Навалний тасодиф эмас. Дунё ҳамжамияти учун бу тасодиф бўлиши мумкин, чунки унинг ҳолати ҳақидаги маълумотлар кам эди. Лекин Навалний ўлимидан 3 кун олдин адвокати билан кўришган, унинг айтишича, Навалнийнинг ҳолати яхши бўлган. Унинг жасади ҳалигача яқинларига берилмаган. Бу дегани Навалний жасадида қийноқ ёки заҳарланиш ҳақида маълумотлар бўлса керак.

Россия ва Ғарб ўртасидаги тўқнашув стратегик зич ҳолатга келди. Кремл учун дунё ҳамжамиятининг, Ғарб жамиятининг фикри муҳим эмас. Навалний ўлими Россия пропагандасига таъсир қилмайди. Навалнийнинг хотини айтишича, у ўта оғир шароитда сақланган ва мураккаб қийноқларга солинган. Уни мақсадли равишда шундай ҳолатга олиб келишгани эҳтимоли юқори.

Муносабат билдираётган сиёсатчилар Кремл ҳам биздек рационал фикрлайди, деб ўйлаши табиий. Лекин жамоатчилик фикри хавф сифатида кўрилиши эҳтимоли катта. Навалний вақти келиб қамоқдан чиқса ҳам, унда лидерликни намойиш этиш соғлом руҳий ва жисмоний ресурслар қолмаган бўлади, деб ўйлагандим. Лекин Кремл онгли равишда Навалнийни қийноқлар ва оғир шароит билан ўлдирди. Дунё ҳамжамиятига Путин ва унинг тизими ўзини дарғазаб ва кескин ҳаракатларга қўл ура олишини ҳам кўрсатаётган бўлиши мумкин.

— Украина президенти Зеленскийнинг иштироки ўз натижасини бердими?

— Бугунги кундаги асосий муаммо ЕИда Украинага нисбатан ишончсизлик мавжудлиги эмас, балки АҚШ томонидан ёрдам кечикаётгани, яъни Конгрессда блокланаётгани. Лекин эътибор берилса, Германия тафаккури жиддий ўзгаряпти. Россиянинг таҳдиди олдин мўътадил кўрилар эди, аммо сўнгги ойларда бу таҳдид реал таҳдидга айланяпти. Шу сабабли Германия ва баъзи бошқа давлатлар Украинага ёрдамни кенгайтирмоқчи. Германияда қурол-яроғлар учун қўшимча 3,5 млрд долларлик алоҳида бюджет ажратиляпти, снаряд ва ўқ-дорилар ишлаб чиқиб, Украинага бериш учун. Муаммо эса АҚШдаги сиёсий тизим ва кутилаётган сайловлар билан боғлиқ. Бу ҳам ўз ечимини топади деб ўйлайман.

— БМТ бош котиби эътибор қаратган нуқталар қайсилар ва уларнинг муҳимлик даражаси қандай?

— Гутеррешнинг нутқидаги икки жиҳатга эътибор бериш керак: халқаро ҳуқуққа нисбатан муносабат ва Яқин Шарқдаги вазият. У Исроил ўзини мудофаа қилсин, лекин бундай ваҳшийликлар эвазига эмас, деди. Бирор бир жангари гуруҳ билан курашиш натижасида қайсидир миллат оммавий қирғин қилинмаслиги керак, деган гапниям айтди. Яқин Шарқ масаласида Исроил номини тилга олмасдан уни кескин танқид қилди.

Гутерреш Лотин Америкасидаги бошқа сиёсатчилар қатори сўл сиёсатчи, яъни тенглик тарафдори. АҚШ, Исроилнинг глобал сиёсатини қўлламайди ва доимий шубҳа билдиради. 7 октябрдан кейин биринчилардан бўлиб Исроилни қоралаган сиёсатчи ҳам Гутерреш бўлди. ЕИ ва АҚШда ҳам Исроилдан масофа сақлаш кучайяпти, баъзи сиёсатчилар унинг ҳаракатлари геноцид эканини ҳам айтяпти.

— Хитой ташқи ишлар вазири Ван И нутқида Хитойнинг халқаро сиёсатида бирор ўзгариш сезилдими?

— Хитой дипломатияси ўта мураккаб, ўз қарашларини очиқ баён қилмайди. Ван И айтяптики: Хитой ва Европа ўртасидаги алоқаларга мафкура ёки геосиёсий контекст халақил қилмаслиги керак. Яъни АҚШнинг раъйига қараманглар, тўғридан тўғри ҳамкорлик қилайлик, демоқчи.

Россия бўйича ҳам муносабат билдириб, биз сўнгги йилларда Россия билан муносабат шакллантирдик ва бундан воз кечолмаймиз, мўътадил дўст сифатида кўрамиз, деди. Украина масаласида ҳам оҳисталик билан муносабат билдириб кетди. Олдин ҳам айтганимиздек, Хитой Украина масаласида икки қаватли муносабатда. Бир томондан Украина яхлитлигини эътироф этади, чунки унинг ўзи давлатлар парчаланишидан қўрқади ички сабаблари туфайли. Совет иттифоқи парчаланганда Хитой жуда қўрққанди бундан. Унинг ўзи ҳам кўп миллатли давлат, шу сабабли давлатлар чегараси бир марта тан олинади ва бузилмаслиги керак деган позицияда бўлади. Ван И Қримни Украинага қайтаришни музокаралар орқали ҳал қилиш керак, деб айтди. Яъни Қримнинг аннексия қилинишини тан олмаган Хитой, тан олмайди ҳам. ДХР ва ЛХР ҳақида-ку гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Лекин юқорида айтганимиз иккинчи томони шуки, глобал майдонда АҚШ ва НАТОга қарши Россия тарафида. Яъни Россия-Украина масаласида Украинанинг ҳудудий яхлитлигини эътироф этади, лекин Россия ва коллектив Ғарб ўртасида зиддиятда Россия тарафида.

Ван И Исроил ва Фаластин масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, Фаластин давлати ташкил топмас экан, бу конфликт тўхтамайди, биз қатъий равишда 1967 йилги чегараланиш бўйича Фаластин давлати ташкил топиши керак, деган позиция билдирди.

Нормуҳаммад Али Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид