Жамият | 12:45 / 25.02.2024
14801
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ажрашишлар кўрсаткичи МДҲ бўйича энг пастлиги маълум қилинди

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 76-моддасига кўра, оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир.

Ўзбекистонда оилавий ажрашувлар кўрсаткичи МДҲ бўйича энг паст ҳисобланади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маъсул ходими Х.Мелиев маълум қилди. 

Ўзбекистонда 9 миллиондан ортиқ оила бор. Йилига ўртача 250–300 минг янги оила қурилмоқда. Аммо, шу билан бирга, ҳар йили ўртача 45–49 минг ажралишлар ҳам кузатилмоқда.

Никоҳдан ажрашаётганларнинг 4–5 фоизини бир йилгача, 40 фоизини эса беш йилгача бир оила бўлиб яшаганлар ташкил этмоқда.

Ажримлар сони 2021 йилда 41 фоизга, 2022 йилда 22 фоизга кўпайган бўлса, 2023 йилда ўсиш суръати кескин тушиб, 2022 йилга нисбатан атиги 0,8 фоизга кўпайган (ўсиш суръати 2022 йилга нисбатан 27 бараварга камайган).

Шу ўринда, МДҲ Давлатлараро статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон никоҳлар сони бўйича МДҲда биринчи, ажралишлар бўйича эса охирги ўринда туради. 2022 йилда Ўзбекистонда ҳар 1000 кишига никоҳлар сони 8,4 тани, ажралишлар сони 1,4 тани ташкил этган.

2023 йил давомида адлия органлари томонидан манзилли тарғиботлар орқали олиб борилган тушунтириш ва профилактик суҳбатлар натижасида қонуний никоҳдан ўтмасдан бирга яшаб келаётган 30 мингдан ортиқ оилаларнинг никоҳи қонуний равишда қайд этиб берилди.

Натижада, 19 мингдан ортиқ болаларнинг туғилиши ёлғиз она ёки оталикни белгилаш тартибида қайд қилиниши мумкин бўлган ҳолатларнинг олди олинди.

Туғилишларни ёлғиз она тартибида қайд қилиниши ҳолатлари 2023 йилда 2022 йилга нисбатан 12 фоизга камайганининг ўзи ҳам амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бераётганини кўрсатмоқда, дейилади хабарда.

Мавзуга оид