Жаҳон | 13:52 / 26.02.2024
3921
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ҲАМАС билан келишув бўйича музокарадаги «ўзаро тушуниш» ҳақида маълум қилди

Исроил, АҚШ, Миср ва Қатар вакиллари гаровга олинганларни озод қилиш ва вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш бўйича янги келишувнинг «асосий контурлари»ни муҳокама қилмоқда, деди Оқ уй вакили.

Фото: Mohammed Salem / Reuters

Исроил, АҚШ, Миср ва Қатар вакиллари Париждаги музокаралар чоғида ҲАМАС билан гаровга олинганларни озод қилиш ва Ғазо секторидаги урушда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув ҳақида «ўзаро тушуниш»га келди. Бу ҳақда 25 феврал, якшанба куни миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан маълум қилди.

«Исроил, АҚШ, Миср ва Қатар вакиллари Парижда учрашиб, гаровга олинганларни озод қилиш ва вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувнинг асосий контурлари қандай бўлиши ҳақида келишувга эришди», — деди Салливан.

Музокаралар ҳали ҳам давом этмоқда ва «бу масала бўйича қатъий ва якуний келишувга» «яқин кунларда» эришиш мумкин, деди Оқ уй вакили.

Исроил Ғазо секторида янги операция тайёрламоқда

Исроил томонидан «Моссад» раҳбари Девид Барнеа музокараларда иштирок этди. Бош вазир Бенямин Нетаняҳу музокараларда аниқ келишувга эришиладими ёки йўқми, бу аниқ эмаслигини айтиб, ҲАМАС жангчилари «ўзига келиши» кераклигини таъкидлади.

Нетаняҳу CBS News телеканалига берган интервюсида ҳарбий раҳбарлар билан Ғазо секторидан тинч аҳолини эвакуация қилиш режаси ва ҲАМАСнинг қолган баталонларини йўқ қилиш операциясини муҳокама этиш учун учрашишини билдирди. «Агар бизда келишув бўлса, у (операция) бироз кечиктирилади, лекин барибир бўлади. Агар келишув бўлмаса, биз буни қиламиз», деди у CBS телеканалига. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 29 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид