«Фаластинга озодлик!» – америкалик ҳарбий Исроилнинг Вашингтондаги элчихонаси олдида ўзини ёқиб юборди
25 феврал куни маҳаллий вақт билан соат 13:00 да АҚШ пойтахти Вашингтондаги Исроил элчихонаси олдида ноодатий воқеа содир бўлди. Ҳарбий кийимдаги одам устидан тез ёнувчи ёнилғи қуйиб ўзига ўт қўйди. Яқин атрофдаги полициячилар тезда оловни ўчириб, ўз жонига қасд қилган ҳарбийни касалхонага олиб борган. Пентагон у вафот этганини маълум қилди.
«Бу фаластинликлар чекаётган азоб олдида ҳеч нарса эмас»
Кейинроқ ўз телефонида жараённи тасвирга олгани маълум бўлди ва видео интернетда тарқалди. Аввалига видео Twitch видеостримида пайдо бўлган. Ижтимоий тармоқ видеони ўз жонига қасд қилишга ундовчи тасвирлар деб топиб ўчириб ташлади. Аммо кадрлар тезда бошқа тармоқларда ҳам тарқалишга улгурди.
Видеода ҳарбий ўзини АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари таркибида хизмат қилувчи Аарон Бушнелл сифатида таништирган.
«Мен АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг фаол аъзосиман ва ортиқ геоциднинг бир қисми бўлишни истамайман. Шу боис, бунга кескин эътирозимни шу тарзда билдирмоқчиман. Аммо бу фаластинликлар босқинчилар қўлидан чекаётган азоблар олдида ҳеч нарса эмас», деган ҳарбий норозилик акциясини бошлашдан аввал.
Кейин телефонини бир нуқтага қотириб қўйган йигит Исроил элчихонаси панжаралари яқинига бориб устидан бензинга ўхшаш тез ёнувчан суюқликни сепади. Видеода суюқлик термосда олиб келинганини кўриш мумкин. Йигит устидан суюқлик қуйгач, қаттиқ ҳаяжон сабаб дастлаб бир неча уринишда қўлидаги ўт олдиргични ёқа олмайди.
У ҳали оловни ёқишидан аввал қилаётган ҳаракатлари ва термос ерга тушиб қасирлагани атрофдаги полициячилар ва ўткинчиларнинг эътиборини тортади. Бир киши ундан «Жаноб, сизга ёрдам бера оламанми?» деб сўрайди. Аммо ҳарбий барибир ўзига ўт қўйиб, ёнаётган кўйи бир неча марта «Free Palastine» деб бақиради.
Атрофдаги полициячилар тезда етиб келиб одамлардан ўт ўчиргич сўрайди. Бир неча киши оловни ўчиришга муваффақ бўлади. Воқеа содир бўлиши билан ўт ўчириш машинасининг овози ҳам эшитилади, аммо кадрда улар етиб келган-келмагани эшитилмаган.
Полициячилар оловни ўчириши билан банд бўлганда элчихона қўриқчиларидан бири ёнаётган ва ҳушини йўқотган ҳарбийга тўппонча ўқталиб турган.
Дастлаб у шифохонага олиб борилгани ва ўта оғир аҳволда экани хабар қилинганди. Кўп ўтмай Пентагон у вафот этганини маълум қилди.
Чиндан ҳам ҳарбий
АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари расмий вакили Роуз Райли ўз жонига қасд қилган 25 ёшли Аарон Бушнелл ҲҲК ҳарбийси эканини тасдиқлади. Вашингтондаги Исроил элчихонаси ҳолатга муносабат билдирар экан, дипломатик миссиянинг ҳеч бир вакили жабрланмагани, барча хавфсизликда эканини айтди. Ҳолат бўйича АҚШ полицияси ва Махфий хизмат суриштирув олиб бормоқда.
Twitch'даги аккаунт
Ҳодисадан кейин интернетда Аарон Бушнелл кимлиги ҳақида жуда кўп хабарлар пайдо бўлди. Ҳозирча бу сирли ҳарбий ҳақида етарлича маълумот йўқ. Аммо у Twitch ижтимоий тармоғида LillyAnarKitty номли аккаунт юритгани, аккаунт асосий саҳифасига Фаластин байроғи ва Free Palestine ёзуви қўйилгани маълум.
Бу АҚШда маҳаллий фуқароларнинг мамлакат Ғазодаги урушда Исроилни қўллаётгани сабаб содир бўлган биринчи суицид ҳолати эмас. 2023 йил декабр ойида намойишчилардан бири Атлантадаги Исроил консуллиги олдида ўзини ёқиб юборганди.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
14:54 / 22.11.2024
Байден ХЖСнинг Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер беришига муносабат билдирди
17:37 / 21.11.2024
Халқаро жиноят суди Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер берди
10:31 / 21.11.2024