Мактабда сочи олинган боланинг отаси маданият бўлими бошлиғи экани маълум бўлди
Навоийдаги мактабда сочи олинган боланинг отаси оммага мурожаат қилиб, бўлиб ўтган ҳолатда директорнинг айби йўқлигини айтди. Kun.uz'нинг аниқлашича, мурожаатчи ота – Навоий шаҳар маданият бўлими бошлиғи Алишер Ҳасанов бўлади. У мактабда сартарошхона ёки салон очишни таклиф қиляпти.
Навоийдаги 2-умумтаълим мактаби директори Нурқобил Юсупов ташаббуси билан таълим масканига сартарош чақирилиб, спорт залда сочи олинган ўқувчининг отаси оммага мурожаат билан чиқди. Унинг видеомурожаати ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Ўзини Алишер Ҳасанов деб таништирган ота бу ҳаракати учун директорга нисбатан эътирози йўқлигини маълум қилган. Kun.uz'нинг аниқлик киритишича, у Навоий шаҳар маданият бўлими бошлиғи лавозимида ишлайди.
“Навоий шаҳридаги 2-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчи Озодбек Ҳайдарқуловнинг дадаси бўламан. Яқинда ижтимоий тармоқларда мактаб директори томонидан ўқувчиларни гўёки мажбурлагандек жисмоний тарбия залига олиб кириб, уларнинг сочларини калталатишгани тўғрисида расмлар тарқалди ва кенг муҳокамага сабаб бўлди. Шу сабабли ушбу видеони эълон қилишга аҳд қилдим.
Ҳурматли ватандошлар, авваламбор мен фарзандимга воқеа бўлганидан 2-3 кун олдин сочингни олдир, дея бир неча бор таъкидладим. Бу ҳолат бўйича мактаб директорига ҳам телефон қилиб, “Нурқобил ака, болаларнинг сочлари ўсиб кетяпти, наҳотки сизлар ҳам шунга гапирмайсизлар?”, деганман. Ўша куни мактаб директори намуна сифатида ўзи сартарош чақиртириб, спорт залда болаларнинг сочини калталатибди. Лекин бир томони борки, директор ҳам, мактабда бошқа мутасаддилари ҳам болаларни мажбуран стулга ўтирғизиб, уларнинг сочини калга олдириш каби ҳолат рўй бергани йўқ.
Директор менга соат 7:30ларда телефон қилиб, мактабга келиб кетинг, деганида нима сабабдан боришимни сўрадим. Ўғлингизнинг сочи ўсган экан, рози бўлсангиз калта қилдирардик, мактабга сартарош олиб келганмиз, деганига розилик билдирдим. Қолаверса, ўғлимнинг айтиши бўйича, ўша ерда директор шахсан сочини олдиришга ким намуна бўлади, дея сўрабди. Ўғлим мен, дея ўзининг розилиги билан олдирган. Сартарош ҳам қанақа шаклда олай деб сўрабди.
Боламнинг ва шахсан ота сифатида менинг розилигим билан бу ҳолат қилинган. Бизнинг ҳеч қанақа эътирозимиз йўқ. Қарасам, ҳақиқатан сочи жуда ажойиб, чиройли олинган, ҳеч қанақа кулгили ҳолат ёки бошқа нарса йўқ. Ҳолат бўйича мактаб директорига ҳам, мутасаддиларига ҳам эътирозим йўқ. Бу нормал ҳолат деб ҳисоблайман.
Тўғри, кўпчилик ижтимоий тармоқларда мактаб сартарошхона эмас, деб ёзяпти. Намуна сифатида балки келажакда ўша мактабда алоҳида сартарошхона ёки салон тарзида бирор нарса очиш мумкиндир”, дейди Алишер Ҳасанов ўз мурожаатида.
Отанинг қўшимча қилишича, болаларнинг сочини сал тартибга келтиринглар, дея шахсан ўзи илтимос қилган.
Отанинг видеомурожаати диққат билан тингланса, кадр ортида унга кимдир нима дейиш кераклигини ўргатиб турганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Навоий шаҳар ҳокимлигининг расмий каналида келтирилишича, 1976 йилда туғилган, 1998 йил Тошкент давлат Маданият институтини тамомлаган Алишер Ҳасанов Навоий шаҳар маданият бўлими бошлиғи ҳисобланади. У мазкур лавозимига 2022 йилнинг 2 июн куни тайинланган.
Kun.uz манбасининг хабар беришича, отанинг мурожаатидан олдин мактабда у ва ўғлидан тушунтириш хати ҳам ёздириб олинган. Қолаверса, турли ижтимоий тармоқларда мавзу юзасидан эълон қилинган хабарларга мактаб ўқитувчилари томонидан изоҳ ёздирилмоқда. Манбага кўра, мактаб директорини оқлашга қаратилган мазкур “кампания” Навоий шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан уюштириляпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий шаҳридаги 2-мактабда бир гуруҳ ўғил болалар дарс пайтида спорт залга йиғилиб, сочи олингани хабар қилинганди. Болалар омбудсмани бу ҳолатни бу боланинг конституцияда кафолатланган шахсий дахлсизлик ҳуқуқига, унинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига таҳдид деб атаб, масъуллар жавобгарликка тортилиши кераклигини билдирди.
Ҳолатга Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳам расмий муносабат билдирган.
“Ушбу ҳолат бошқарма томонидан назоратга олинган. Бошқарма Навоий шаҳридаги 2-умумтаълим мактаби директори ўғил бола ўқувчиларнинг сочини олдирганини оқламайди. Педагог ходимлар ўқувчиларга профессионал даражада таълим ва тарбия бериши, педагогик этикага риоя этиши, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши лозимлиги қонунчиликда таъкидланган.
Мактаб раҳбарининг ўқувчилар билан бундай муносабатда бўлиши педагогик этикага зиддир. Ушбу ҳолат юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чора кўрилиши таъминланади”, дейилади бошқарма муносабатида.
Мактаб директорига қандай чора кўрилгани ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.
Тавсия этамиз
Қимматга тушган липосакция: блогерни кимлар операция қилди?
Жамият | 19:22 / 04.04.2025
NYT Германиядаги «уруш офиси» ҳақида суриштирув эълон қилди
Жаҳон | 15:18 / 04.04.2025
Минбардаги 25 соат: сенатор Букер нега бундай қилди?
Жаҳон | 22:47 / 03.04.2025
Ўзбекистоннинг 9 та вилоятида сел хавфи эълон қилинди
Ўзбекистон | 22:24 / 03.04.2025
Мавзуга оид

17:43 / 05.12.2024
Ҳукумат қонундан ташқари 10 трлн сўм харажат қилган. Депутатлар 9 дақиқада бу харажатларни қонунга киритиб берди

16:59 / 04.12.2024
Андижондаги мутасаддиларнинг ҳаракатларига баҳо бериш учун огоҳлантирув ҳужжати киритилди — Болалар омбудсмани

18:47 / 03.12.2024
Андижонда мактаб ўқувчилари “қизил тоифа”га ажратилди

20:49 / 30.11.2024