Иқтисодиёт | 12:30 / 28.02.2024
15781
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ўзбек ташувчилари учун транзитни соддалаштиришни режалаштиряпти

Қозоғистоннинг Kazinform халқаро ахборот агентлиги порталида «Қозоғистон ўзбек ташувчилари учун транзитни соддалаштиришни режалаштирмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинди.

«Дунё» хабарига кўра, нашрда Қозоғистон бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу Ўзбекистон делегацияси билан минтақалараро ҳамкорлик бўйича олиб борилган музокаралар якунлари ҳақида фикрлари қаламга олинган.

«Ҳудудлараро ҳамкорлик форумларини ўтказиш муҳимлигини алоҳида таъкидладик. Биз Марказий Осиё минтақаси аҳолиси учун долзарб масала – сув-энергетика комплекси юзасидан фикр алмашдик ва уни ҳал қилиш йўлларига эътибор қаратдик», – дея Мурат Нуртлеу фикрларидан иқтибос келтирган агентлик. Таъкидланишича, учрашувда бошқа қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг бориши ҳам муҳокама қилинган.

«Ушбу ташаббуслар ташқи сиёсат идоралари томонидан қўллаб-қувватланишига келишиб олдик. Икки давлатнинг транзит салоҳиятини оширадиган янги темирйўлларни қуриш лойиҳаларига эътибор қаратилди. Ўз навбатида, биз Ўзбекистон ташувчилари учун чегара орқали транзитни соддалаштириш бўйича фундаментал ишларни давом эттиришимизга ишонтирдим. Буларнинг барчаси халқларимизнинг туб манфаатларига жавоб беради, деб ўйлайман», – дея қўшимча қилди вазир деб ёзган Kazinform.

Мавзуга оид