Жосуслик уруши: МРБ Украина махсус хизматларига қачондан ёрдам бера бошлаганди?
Украин разведкаси МРБ кўмагида Россия билан чегара ҳудудларда 12 та махфий база ташкил этган. NYT АҚШ ва Украина махсус хизматлари ҳамкорлиги қандай бошлангани ҳақидаги суриштирув эълон қилди. Трамп даврида бу ҳамкорлик фақат кучайган.
The New York Times Россия тажовузини қайтаришда муҳим рол ўйнаган Америка ва Украина махсус хизматлари ўртасидаги ҳамкорлик қандай ривожлангани ҳақидаги катта суриштирувни эълон қилди. Журналистларнинг аниқлашича, Америка разведкаси украиналик ҳамкасблари билан 2014 йилда, Украинанинг ўша вақтдаги президенти Виктор Янукович Россияга қочиб кетганидан кейин яқиндан ишлай бошлаган. Шу билан бирга, NYT манбалари айтишича, АҚШ аввалига бундай ҳамкорликка у қадар қизиқиш билдирмаган ва украин махсус хизматлари уларни бунинг зарурлигига ишонтиришига тўғри келган. «Медуза» The New York Times матнидан асосий жойларини келтирди.
Америка ва Украина махсус хизматлари ўртасидаги ҳамкорлик 10 йил муқаддам ҳозирги кўринишда шакллана бошлаган, дея ёзади журналистлари америкалик, украиналик ва европалик мулозимлар билан 200 дан ортиқ интервю уюштирган The New York Times. 2014 йил февралида президент Виктор Янукович Украинадан қочиб кетади, Олий рада эса Валентин Наливайченкони Украина хавфсизлик хизмати раҳбарлигига тайинлайди. У 2006–2010 йилларда ҳам бу лавозимда ишлаган ва Америка махсус хизматлари билан алоқани йўлга қўйишга ҳаракат қилган, аммо Украина Янукович бошқаруви даврида Россия билан яқинлаша бошлагач, бу ҳамкорлик узилиб қолганди, дея ёзади нашр.
Олий рада спикер Олександр Турчинов Украина президенти вазифасини вақтинча бажарувчи бўлгач, Наливайченко Украина хавфсизлик хизмати штаб-квартирасига келади. Ҳовлида у ёнаётган ҳужжатлар уюми устидан чиқади, ичкарида эса — барча маълумотлар ўчириб юборилган кўплаб компютерни кўради. «У ер бўм-бўш эди. На ток, на раҳбарият бор эди. У ерда ҳеч ким йўқ эди», — дея ҳикоя қилади Наливайченко.
Украина хавфсизлик хизматининг янги раҳбари дарҳол Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ва Британиянинг MI6 разведка хизматига уч томонлама ҳамкорлик таклиф этади, шунингдек Украина махсус хизматларини нолдан тиклашда ёрдам кўрсатишни сўрайди. «Барчаси шундай бошланганди», — дея қўшимча қилади Наливайченко.
Кўп ўтмай Россия Қримга қўшин киритади, Донбассда эса Донецк халқ республикаси эълон қилинади. Наливайченко Украина муҳофазаси учун разведка маълумотларини тақдим этишни сўраб, МРБга мурожаат қилади, шундан кейин ташкилот директори Жон Бреннан Киевга ташриф буюради.
УХХ раҳбари билан учрашувда у АҚШ муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини тасдиқлайди, аммо бу МРБ учун қулай суръатларда бўлиши керак эди. Шу билан бирга, NYT нашри қайд этишича, Америка разведкиси учун ўшанда Наливайченко ўз лавозимида қанча вақт қолиши ва Украинанинг янги раҳбарияти инқирозни енгиб ўтишга қанчалик қодирлиги масаласи муҳим эди.
Марказий разведка бошқармасида олдинроқ УХХ билан ҳаморлик борасида омадсиз тажриба бўлгани туфайли, Бреннан Наливайченкони украин махсус хизматлари АҚШга қимматли маълумотларни тақдим этишга қодирлигини исботлаши кераклиги ҳақида огоҳлантиради. МРБ раҳбари шунингдек, Украина хавфсизлик хизмати россиялик жосуслардан тозаланиши лозимлигини уқтиради. Украина махсус хизматлари бу шартларга розилик билдиради.
The New York Times нашри ёзишича, АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Барак Обаманинг маъмурияти махсус хизматларнинг ҳамкорлиги туфайли Кремл билан можаро келиб чиқиши мумкинлигидан хавотир олган, шунинг учун Оқ уй МРБ ва УХХ учун қатор қоидаларни белгилаб берган, улардан бири бу ҳамкорлик одамлар ўлимига олиб келмаслиги бўйича эди. УХХдагилар Обама маъмуриятининг талабларига рози бўлмаган, аммо махсус хизматлар якунда муайян балансга эриша олган. NYT журналистлари қайд этишича, уларнинг ҳамкорлиги доимий кескинлик шароитида кечган, чунки Оқ уй ҳеч қачон барча «қизил чизиқлар»ни аниқ белгилаб бермаган.
Махсус хизматлар ўртасидаги муносабатлар ривожига 2014 йил ёзида Украина ҳудудида малайзияликлар Boeing йўловчи самолёти қулаши жиддий таъсир кўрсатади. Ўшанда Украина хавфсизлик хизмати аксилразведка департаментининг Бешинчи бошқармаси ушбу ҳалокатга «ДХР» қуролли тузилмалари иштирок этганини тасдиқловчи қимматли маълумотларни йиғишга муваффақ бўлади.
Амалга оширилган ишлар МРБда яхши таассурот қолдиради, шунинг учун Америка разведкаси ўзининг илк жиддий мажбуриятини бажаради — украин махсус хизматларига хавфсиз алоқа воситалари тақдим этилади, шунингдек Бешинчи бошқарма ҳамда УХХнинг иккита элита бўлинмаси аъзолари махсус тайёргарликдан ўтказилиши таъминланади.
«Украинларга балиқ [яъни разведка маълумотлари] керак эди, биз эса сиёсий сабабларга кўра уни бера олмасдик. Аммо биз уларга балиқ овлашни ўргатиш ва уларни қармоқ билан таъминлашдан мамнун эдик», — деган журналистларга америкалик мулозимлардан бири.
Аммо 2015 йилдаёқ УХХ ва МРБ муносабатлари яна заифлашадигандек кўрина бошлайди, чунки Наливайченко лавозимдан олинади. Бошқа томондан, бу янги имкониятлар эшигини очади, дея ёзади The New York Times. Ўшанда УХХ аксилразведка департаменти раҳбари Валерий Кондратюк Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси (ГУР)бошлиғи лавозимини эгаллайди.
Аввалига АҚШ разведка бошқармаси билан алоқаларни кучайтиришни истамайди, чунки украин ҳарбий разведкаси қимматли маълумот бера олишига ишонқирамайди, аммо Кондратюк бунинг аксини исботлашга киришади. Хусусан, у АҚШ мудофаа вазирлиги Разведка бошқармаси вакили билан учрашув уюштиради ҳамда унга россияликларнинг махфий ҳужжатлари тўпламини топширади. Америка разведка бошқармаси раҳбарияти бунга шубҳа билан қарайди ва Украина Бош разведка бошқармаси билан ҳамкорлик қилмасликка қарор қилади.
Ўшанда Кондратюк атом сувости кемалари лойиҳалари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олувчи Россия Шимолий флоти ҳақидаги махфий ҳужжатларни Америка разведкасига бериш орқали МРБ билан алоқаларни йўлга қўйишга қарор қилади. МРБ таҳлилчилари ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлашгач, «Америка махсус хизматлари доимий равишда Бош разведка бошқармаси офисини ҳужжатларга тўла рюкзаклар билан тарк эта бошлайди», деб ёзади The New York Times.
Икки идора ҳам ҳамкорликни ўзаро манфаатли деб ҳисоблаган. Кондратюк Америка махсус хизматлари бошқармани мустаҳкамлашга ёрдам беришига ишончи комил бўлган, бу вақтда эса МРБ украин ҳарбий разведкаси Россияда жосусларни ёллашда ёрдам беришига умид қилган.
«Россияликлар учун америкаликларга ёлланиш — мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган, олий даражадаги хиёнат ва сотқинлик. Аммо россияликни украиналик ёллаши — бу шунчаки бир кружка устидаги дўстлар суҳбатидир», — дея изоҳлаган Кондратюк.
Вақт ўтиб Бош разведка бошқармаси бошлиғи ҳамда украин махсус хизматлари ходимлари томонидан Санта-Клаус лақабини олган МРБнинг Киевдаги қароргоҳи бошлиғи (The New York Times унинг шахсини очиқламаган), яқинлаша бошлайди, идоралар ўртасидаги муносабатлар эса фаол ривожланади.
Кондратюкнинг 2016 йил январида Вашингтонга қилган ташрифи бурилиш палласи бўлади. Ўшанда МРБ Бош разведка бошқармасига россиялик ҳарбийларнинг хабарларини тутиб олиш тизимини такомиллаштиришга ёрдам беришга рози бўлади. Бунинг эвазига Украина идораси раҳбари қайта ишланмаган барча разведка маълумотларини америкаликлар билан бўлишишга розилик билдиради.
Кўп ўтмай МРБ украиналик ҳамкасбларга жиҳозларни юбора бошлайди, украинлар эса Россия билан чегаралар бўйлаб 12 та махфий объектни ҳам ўз ичига олувчи жосуслик базалари тармоғини барпо этишга киришади. Тахминан шу вақтларда украин махсус хизматлари ходимларини ўқитиш дастури ишга туширилади, бу жараён Европанинг икки шаҳрида ўтказилади. Дастур «„Олтин балиқ“ операцияси» номини олади, унинг битирувчилари чегара бўйлаб жойлашган 12 та оператив базага жўнатилади, бу ерда улар Россия ичкарисида разведка маълумотлари йиғувчи жосуслар тармоғини бошқаради, деган Кондратюк журналистларга.
Газетанинг қайд этишича, одатда МРБ бошқа мамлакатларнинг махсус хизматлари билан қўшма амалиётлар ўтказиш даражасида ўзаро ишончга эга бўлиши учун йиллар талаб этилади, аммо украинлар билан боғлиқ ҳолатда бунинг учун ярим йилдан камроқ вақт етарли бўлган (Кондратюк Вашингтон борган вақтдан бошлаб).
Шунга қарамай, «қизил чизиқлар» ҳеч қаерга йўқолмаганди, махсус хизматлар ўртасидаги ҳамкорлик эса маълумотлар йиғиш билан чекланарди. Бундан ташқари, МРБ ҳатто Бош разведка бошқармасини рус қўшини ҳужум қилган ҳолатлар учун Россия ҳудудидаги темирйўлларга диверсия уюштиришни режалаштиришни ҳам ўз ичига олувчи амалиёт ўтказишдан қайтаради. Бу ҳолатдан кейин Кондратюк америкалик ҳамкасбларга бундай амалиётлар ҳақида хабар бермасликка қарор қилади.
2016 йилда украин разведкаси россиялик ҳарбийлар аннексия қилинган Қрим ҳудудига аэродромга вертолётлар олиб келаётгани ҳақида хабар топгач, бош разведка бошқармаси жангчилари МРБ тайёргарлигини ўтаган «2245-отряд»га аэродромга портловчи моддалар жойлаштириш бўйича топшириқ беради. Ушбу миссияни бажариш учун юборилганлар сафида бошқарманинг ҳозирги раҳбари Кирилл Буданов ҳам бор эди.
Операция барбод бўлади, чунки украин разведкачилари россиялик ҳарбийлар билан тўқнашади. Отишма юзага келади ва бир неча киши ҳалок бўлади. Якунда украинлар чекинишига тўғри келади.
Бу ҳодиса юзасидан Владимир Путин шундай деганди: «Биз, албатта, бундай ишларга кўз юма олмаймиз». Барак Обаманинг маслаҳатчиларидан бири МРБнинг украин махсус хизматлари билан ҳамкорлигини тўхтатишни талаб қилган, аммо бошқарма раҳбари ўшанда уларни бундай қилиш хато бўлишига ишонтирган: МРБ Россиянинг АҚШдаги президентлик сайловларига аралашувини текшираётганди, украинлар эса қимматли маълумотларни узатаётганди.
Бреннан Кондратюк билан алоқага чиқади ва яна «қизил чизиқлар»ни белгилаб беради, аммо шундан кўп ўтмай Украина бош разведка бошқармаси лавозимидан олинади. Кейин суиқасдлар серияси амалга оширилади, унинг натижасида Донбассдаги айирмачиларнинг «Спарта» бўлинмаси командири Арсен Павлов (Моторола) ва «Сомали»баталёни командири Михаил Толстих (Гиви) кабилар ўлдирилади. Обаманинг маслаҳатчилари бу ҳолатлардан «ғазаб отига минганди», аммо улар ҳеч нарса қила олишмайди, чунки АҚШдаги президентлик сайловларига бир неча ҳафта қолганди, дея ёзади The New York Times. Сайловларда эса Доналд Трамп ғалаба қозонади.
«Трамп Путинни мақтайди ва россияликларнинг сайловларга аралашувини рад этади», — дейилади NYT мақоласида. Аммо у ўз маъмуриятидаги муҳим лавозимларга «қирғийлар»ни тайинлайди. МРБга Майк Помпео директор бўлади, Жон Болтон президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланади. «Трамп нима дейиши ва қилишидан қатъи назар, унинг маъмурияти кўпинча бошқа йўналишда ҳаракатланарди», — дея ёзади The New York Times. Натижада АҚШ ва Украина махсус хизматлари ҳамкорлиги фақат кенгаяди. Хусусан, украиналик мутахассисларни ўқитишнинг янги дастурлари жорий этилади.
Қўшма амалиётлардан бирида Бош разведка бошқармаси гуруҳи топган маълумот МРБга 2016 йил АҚШ президентлиги сайловлари арафасидаги киберҳужумларда иштирок этган Fancy Bear ҳакерлар гуруҳи ва Россия ҳукумати ўртасидаги алоқадорликни аниқлаш имконини беради.
Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов ўша давр ҳақида гапираркан, махсус хизматларнинг ҳамкорлиги тобора мустаҳкамлангани ва тобора кенгайганини қайд этади. The New York Times ёзишича, ҳамкорлик шу қадар муваффақиятли бўлганки, МРБ уни Европа махсус хизматларига ҳам кенгайтиришга қарор қилган. Якунда Россияга қарши бутун бир коалиция юзага келган, бунда украин махсус хизматлари муҳим рол ўйнаган, дея қайд этади газета.
Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан кейин МРБ ходимларининг кичик гуруҳи Украинада қолади. Уларнинг разведка маълумотлари ва ҳамкорлардан олинган маълумотлар Украинага урушнинг дастлабки икки ойидан ўтишда ёрдам беради. Хусусан, МРБ маълумотлари украин махсус хизматларига президент Володимир Зеленскийга қарши тайёрланган суиқасдлардан бирининг олдини олишга имкон беради.
Уруш бошлангач, Оқ уй МРБнинг украин махсус хизматлари билан ҳамкорлигига қўйилган чекловларни олиб ташлади ҳамда Америка разведкасига Украина ҳудудидаги Россия кучларига қарши амалиётлар ўтказиш учун украинларни барча зарур ёрдамларни кўрсатишга рухсат берди.
МРБ ва ГУРнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан Украинада хабарларни тутиб олиш учун яна иккита махфий база қурилади, украин махсус хизматлари эса янада кўпроқ разведка маълумотлари йиға бошлайди. Ушбу базалар тармоғидаги объектлардан бирини бошқарадиган генерал Сергей Дворецкий The New York Times учун изоҳида шундай дейди: «Бундай маълумотларни ҳеч қаердан ололмайсиз — фақат ҳозир ва шу ерда».
Мавзуга оид
19:02
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
17:00 / 09.11.2024