Ўзбекистон | 16:55 / 29.02.2024
17914
4 дақиқада ўқилади

Шўрчида аҳоли учун муҳим бўлган кўприк қурилиши чала ташлаб кетилди

Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидаги Хушчекка маҳалласида бир йил олдин қурилиши бошланган кўприк ҳамон битказилмади. Иш чала ташлаб кетилгани туфайли ҳудудда яшовчи аҳоли, айниқса, болалар сел оқадиган сойдан кечиб ўтишга мажбур бўлмоқда.

Kun.uz’га Шўрчи туманидаги Хушчекка маҳалласи аҳолисидан мурожаат келиб тушди. Унда 2023 йилда маҳаллада “Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла” дастури доирасида бажарилиши лозим бўлган ишлар чала ташлаб кетилгани айтилади.

Фото: Шўрчи тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Мурожаатчиларга кўра, 2023 йил бошида Хушчекка маҳалласи “Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла” дастурига киритилган. 2023 йил 24 март куни вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов маҳаллага келиб, яроқсиз ҳолдаги эски кўприк ўрнига янги кўприк қуриш ва маҳалла кўчаларини асфалт қилиб беришни айтиб, мутасаддиларга бу борада топшириқлар берган.

“Маҳалладаги ички йўллар ҳолати қаттиқ танқид қилинди. Туман мутасаддиларига йўл масаласига эътибор қаратмагани учун эътироз билдирилди. Бевосита аҳоли кайфиятига таъсир қилувчи йўллар таъмирини эртадан бошлаш, аҳоли учун қулайлик яратиш лозимлиги қайд этилди”, дейилади вилоят ҳокимининг Хушчекка маҳалласига боргани ҳақидаги хабарда.

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Хушчекка маҳалласидаги яроқсиз кўприк олдида
Фото Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Дастур доирасида энг аввал маҳалладан ўтувчи сой устига кўприк қуришга киришилган. Кейин тупроқ кўчаларга шағал тўкилган. Амалга оширила бошланган бу ишлар ҳақида туман ҳокимлиги ахборот хизмати фотолар ва видеолар билан хабарлар эълон қилиб борган. Уларда маҳалладаги 31-мактабгача таълим ташкилоти, 12-умумтаълим мактаби ва маҳалла идораси янги бинода иш бошлагани, кўчаларга асфалт ётқизилгани ҳамда одамларнинг уйлари таъмирлаб берилгани таъкидланади.

Бироқ маҳалла аҳли ўз мурожаатида маҳалладаги ишлар охирига етказилмаганини маълум қилди: кўчаларнинг бир қисми асфалт қилинган, бошқа қисми ташлаб кетилган, маҳаллага ўрнатилиши керак бўлган сув сиғими ва трансформатор ўрнатилмаган.

Энг муҳими, маҳалла аҳли учун зарур бўлган кўприк қурилиши бошланганидан кўп ўтмай чала қолиб кетган. Шу сабабли бугунги кунда нафақат маҳалла аҳли, балки ён-атрофдаги маҳаллалар аҳолиси ҳам сел кечишга мажбур бўлмоқда. Бундан айниқса мактаб ўқувчилари қийналишяпти. Улар қишнинг қировли кунларида сойдан ўтишда лойқа сув кечишга мажбур бўлишмоқда.

Маҳалла аҳли чала ташлаб кетилган ишлар юзасидан турли масъул ташкилотларга мурожаат қилган, бироқ бунинг нафи бўлмаган. Аксинча бундай мурожаатларга муносабат билдираётган туман ҳокимлиги ахборот хизмати амалда бажарилмаган ишларни ҳам қўшиб-чатиб, Хушчекка маҳалласида амалга оширилган ишларни санаш билан банд бўлган.  

Агар туман ҳокимлиги ахборот хизмати таъкилагандай режалаштирилган барча ишлар бажарилган бўлса, нега маҳалла аҳолиси идорама-идора, ташкилотма-ташкилот ёзғириб юрибди, деган савол ўртага чиқади.

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов орадан қарийб 8 ой ўтгач, 2023 йил 1 ноябр куни яна Хушчекка маҳалласига бориб, у ерда амалга оширилаётган ишлар билан танишган. Аммо бу ҳақдаги хабарда ишлар юзасидан нима камчиликлар топилгани айтилмаган. Масъулларга берилган муддат ҳақида ҳам аниқ гап йўқ.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Хушчеккаликлар ҳанузгача қилинган ва қилинмаган ишлардан қониқмаяпти. Уларнинг норози бўлаётгани инобатга олинса масъуллар вилоят ҳокимининг топшириқларини охиригача бажармаган кўринади. Йўқса барча ишлар, айниқса кўприк қурилиши аллақачон битиб бўлар эди.

Ғайрат Йўлдошев, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид