Жаҳон | 13:52 / 02.03.2024
20604
15 дақиқада ўқилади

Ҳаваскор фотографнинг хазинаси – 40 йил энага бўлган аёл вафотидан сўнг машҳурликка қандай эришди?

2007 йилда америкалик кўчмас мулк агенти тузаётган каталог-китобга эски фотосуратлар қидираётиб тасодифан хазинага дуч келади. Бу хазина 1950-1970 йилларда турли жойларда кадрга туширилган 100 мингдан ошиқ ноёб суратлар эди. Уни 40 йил давомида оддий энага бўлиб ишлаган ҳаваскор фотограф аёл суратга олганди. Агент суратларни оммага тақдим этганидан сўнг ўшангача ҳеч ким танимаган ҳаваскор фотограф бутун дунёга машҳур бўлади.

Барчаси 2007 йилда оммага унча таниш бўлмаган Жон Малуф (John Maloof) исм-шарифли кўчмас мулк агенти Чикаго шаҳрида ўтказилган аукционда оддий бир қоғоз қутини сотиб олишидан бошланади.

Ўша пайтда бу агентга Чикагодаги ҳар бинонинг тарихи ва қурилган вақти, унинг эски суратлари қизиқ эди. Чунки у бинолар узоқ йиллик ва тарихий аҳамиятга эга бўлса шунча яхши нархга баҳоланишини биларди.

Шу сабабли у ёзувчилардан бири билан ҳамкорликда Чикаго шаҳри ва ундаги бинолар тарихи ҳақида каталог-китоб тайёрлаётганди. Агент китобга киритиш учун шаҳар бинолари тасвирланган эски фотосуратлар қидириб юрганди.

Кунларнинг бирида Малуф турли тарихий буюмлар ва фотосуратлар савдоси ўтказилган аукционда қатнашади ва у ерда ичида эски фотосуратлари бўлган қоғоз қутини сотиб олади.

Малуф қутини очиб кўрганида унинг ичида тўла оқ-қора тасвирда кадрга туширилган эски суратлар ва плёнкалар борлигини кўради. Суратлар агент учун хазинанинг ўзи эди. Қутиларнинг сони кўп эди ва Малуф аукцион давомида уларнинг қарийб барчасини сотиб олади.

Шундан сўнг у суратларни кадрга туширган одам ҳақида маълумот тўплай бошлайди. Маълум бўлишича, суратлар 1950-йиллар бошидан 1980 йиллар бошигача нафақат Америка, дунёнинг кўплаб давлатларида туширилган бўлиб, уларни Вивиан Майер исм-шарифли аёл кадрларга олгани маълум бўлади.

Виван Майер кўзгулар олдида туриб ўзини ҳам суратга олган
Фото: vivianmaier.blogspot.com

Вивиан Майер ким эди?

Жон Малуф Вивиан Майер ҳақидаги барча маълумотларни излаб топади ва ҳайратдан ёқасини ушлайди. Чунки у профессионал фотограф эмас, оддий энага бўлиб чиқади. Аёл суратларни бўш пайтларида турли шаҳарлар ва хорижий давлатларга саёҳат қилиб юрганида туширган экан.

Вивиан Майер 1926 йилда Ню-Йоркда туғилган бўлиб, унинг отаси австриялик, онаси эса франциялик муҳожирлар бўлишган. Вивиан болалигида ота юрти Австрия ва она юрти Францияга бир неча мартадан борган у ерда маълум муддат яшаган эди.

Аёлнинг болалиги ҳақида маълумотлар жуда кам. 1950 йилда Вивианнинг Франциядаги бувиси вафот этади ва у Европага боради. У ерда бувиси Вивиан ва унинг онасига ўз фермасини мерос қолдирганди.

У 1951 йилда, 25 ёшида Франциядан Ню-Йоркка келади ва корхоналардан бирига ишга киради. Бир неча йилдан сўнг у Чикагога кўчиб ўтади ва оилалардан бирига энага бўлиб ёлланади.

Умумий ҳисобда Вивиан 40 йил умрини энагалик қилиб ўтказади. Шундан қарийб 20 йил у иккита оилада ишлайди. Аёл ўзи ишлайдиган хонадонларда болалар билан яхши муносабатда бўлади. Уларни турли жойларга саёҳатларга олиб боради.

Вивиан ҳафтада бир кун дам олган ва ўша куни эрталабдан кечгача Чикаго ва унинг атрофидаги шаҳарларда бўлиб ҳаваскор фотограф сифатида одамларни ва турли биноларни суратга олади. У асосан Rolleiflex фотоаппаратларини ишлатган.

Виван Майер кўзгулар ойналар олдида туриб ўзини ҳам суратга олган
Фото: vivianmaier.blogspot.com

1959 йилда Вивиан бир муддат энагаликдан таътилга чиқади ва дунё бўйлаб саёҳатга отланади. У аввалига АҚШнинг бир нечта йирик шаҳарларида бўлади ва кўплаб суратлар олади.

Сўнг Филиппин, Тайланд, Ҳонгконг, Виетнам, Малайзия, Сингапур, Ҳиндистон, Яман, Миср, Греция, Ливан, Сурия, Туркия, Италия, Франция ва Швейцарияда бўлиб, у ерда суратларни тасвирга туширади.

Дунё бўйлаб икки йил давом этган саёҳат учун катта пул керак бўлади ва Вивианнинг оиласи Франциядаги фермаларини сотиб, пулини унга беришади.

Саёҳатдан қайтгандан сўнг Вивиан яна энагалик қилишда ва Чикаго ҳамда унинг атрофида суратлар олишда давом этади. Орада бир муддат телевидениеда фаолият олиб боради ва ток шоулардан бирида қатнашади.

Вивиан суратларининг бир қисмини чиқаради, қолганлари плёнка ҳолида сақланади. Шунингдек, у суратлардан ташқари турли газеталарни йиғади. Ўша пайтда унинг фотосуратлари, плёнкалари 200 дан ошиқ қоғоз қутига жойланади.

Вивиан Майер туширган сурат
Фото: vivianmaier.blogspot.com

Ҳаётининг сўнгги йиллари

Аёл умумий ҳисобда 40 йил энагалик қилгандан сўнг кексайиб қолади ва нафақага чиқади. Шундан сўнг унинг молиявий аҳволи бироз ёмонлашади. Ўша пайтда аёлга бир пайтлар ўзи ишлаган оиланинг фарзандлари ёрдам беришади.

Аёл Чикаго шаҳри четидаги Сисеро мавзесида ижарада яшаган. Нафақага чиққанидан сўнг уйнинг эгаси уни квартирадан чиқариб юборади. Шунда бир пайтлар ўзи тарбиялаган болалар ёрдамга келишади ва унга ижарага квартира олиб беришади. Бундан ташқари, доимий равишда аёлга ёрдам бериб туришади.

2008 йилда 82 ёшда бўлган Вивиан Майер музда йиқилиб тушади ва боши ерга қаттиқ урилади. Шундан сўнг бир йилча бемор бўлиб ётган аёл 2009 йилда вафот этади.

Виван Майер кўзгулар олдида туриб ўзини ҳам суратга олган
Фото: vivianmaier.blogspot.com

Коллекциянинг оммага очиқланиши

Вивиан Майер 100 минглаб суратларга эга бўлар экан, улар ҳақида бирон жойда ошкор қилмайди. Кўргазмаларга қатнашмайди, ҳатто суратларни босма нашрларга ҳам бермайди.

Бунга сабаб суратлар туширилган вақтда босма нашрларнинг профессионал фотографлари бўлган. Ҳаваскор фотографнинг суратларига уларнинг эҳтиёжлари бўлмаган.

Худди шунингдек, ҳаваскор томонидан туширилган суратларга кўргазмалар ҳам қизиқиш билдирмасди. Қолаверса, кўргазмалар учун суратлар тайёрлаш ишларига анча маблағ керак бўларди.

Қисқаси, Вивиан Майернинг суратлари омманинг назаридан четда бўлган ва улар ҳақида ҳатто 2000-йилларнинг иккинчи ярмигача ҳеч ким билмаган. Аёл суратлар, плёнкаларни Чикаго четидаги ижарага олинган кичик омборхонада сақлаган.

2007 йилда, вафотидан икки йил аввал Вивиан омборхона ижараси учун пул топиб бера олмай қолади. Шундан сўнг омборхонага эгалик қиладиган компания унинг нарсаларини аукцион савдоларига чиқаради.

Вивианнинг коллекциясини уч киши, кўчмас мулк савдоси билан шуғулланувчи Жон Малуф, Рон Слэттери ва Рэнди Про исм-шарифли шахслар сотиб олишади.

Вивиан Майерни дунёга танитган Жон Малуф
Фото: firewireblog.com

Вивианга тегишли нарсаларнинг асосий қисмини, 30 мингта плёнкани Жон Малуф сотиб олганди. Бундан ташқари, у аукцион ўтказилган куни сотиб олишга улгурмаган фотосуратларини янги эгасидан харид қилади.

Аёлга тегишли фотосуратни илк бор интернетга 2008 йилда Рон Слэттери жойлайди. Бироқ улар ўша пайтда омманинг эътиборини тортмайди.

Малуф суратларнинг ноёблигини кўриб уларни туширган аёлни қидира бошлайди. Интернетдан излаб кўрганида ҳеч қандай маълумот учрамайди.

2009 йил апрел ойида у тасодифан Chicago Tribune газетасида ўзи қидираётган аёл Вивиан Майернинг вафоти муносабати билан берилган некрологни кўриб қолади.

2009 йил октябр ойида Жон Малуф Вивианга тегишли фотосуратлардан бир қанчасини интернетдаги Flickr тармоғига юклайди. Шунда расмлар кенг омманинг қизиқишига сабаб бўлади. Вивиан қолдирган ноёб коллекция ҳақидаги хабар ҳамма ёққа тарқайди.

2010 йилда чикаголик коллекционер Жеффри Голдштейн аукциондан Вивианга тегишли плёнкаларнинг бир қисмини сотиб олган Рэнди Продан уларни салмоқли пулга харид қилади. Плёнкаларнинг сони 17,5 минг дона эди.

2014 йилда у бошқа бир коллекционерга Вивианга тегишли плёнкаларни жуда яхши фойда билан сотиб юборади.

Бугун Вивиан Майер коллекциясида сақланган барча плёнкаларнинг 90 фоизи Жон Малуф ўз номида ташкил этган Maloof коллекциясида сақланмоқда. Уларда 100 мингдан 150 минг донагача кадр борлиги айтилади.

Вивианнинг коллекцияси оммага ошкор бўлгач, уларга халқаро даражада қизиқиш ортиб кетади. Шундан сўнг Малуф коллекциядаги кўплаб кадрларнинг фотосуратларини чиқариб турли намойишларда қатнашади. Бу жараён ҳанузгача давом этмоқда.

Вивиан Майер туширган суратлардан бири. 1960 йиллар, АҚШ.
Фото: vivianmaier.blogspot.com

Коллекция туфайли судлашиш

Вивиан Майернинг коллекцияси машҳур бўлар экан, унинг қиймати кескин ошиб кетади. Агар ўша пайтда улар сотилса бир неча млн долларга ҳам сотиб оладиган харидорлар бор эди. Шу сабабли унга даъвогарлар чиқа бошлайди.

2014 йил июнда адвокат ва собиқ фотограф Дэвид К. Дилл Мейер коллекциясига эгалик қилаётган шахслар устидан даъво аризаси билан судга мурожаат қилади.

Дэвид ўз даъвосида судга мурожаат қилишдан мақсади Вивиан Майер коллекциясининг қонуний меросхўри — аёлнинг Франциядаги жияни бор-йўқлигини аниқлаш, агар ҳаёт бўлса, уни Америка қонунчилиги асосида тан олиш эканини айтади.

АҚШ муаллифлик ҳуқуқи қонунига кўра, фотография маҳсулотларига эгалик қилиш муаллифлик ҳуқуқига эгалик қилишдан фарқ қилади. Қолаверса, агар потенциал даъвогарлар АҚШдан ташқарида яшаса суд жараёни ўн йиллаб чўзилиши мумкин ва бу узоқ давом этадиган жараён ҳисобланади.

Жон Малуф ҳам анойи эмасди. У ўз вақтида Вивиан Майернинг Францияга кўчиб кетган жиянини топган ва ундан коллекциянинг муаллифлик ҳуқуқини арзимаган пулга сотиб олганди. Шу сабабли суд Малуфнинг фойдасига ҳукм чиқаради.

Бироқ Дэвид ён бергиси келмайди ва у аппеляция бераверади. У Вивиан Майернинг бошқа жиянини топганини ва унинг ҳам коллекцияга эгалик қилиш ҳақи борлигини айтиб чиқади.

Вивиан Майер туширган сурат
Фото: vivianmaier.blogspot.com

Охир-оқибат Иллинойс штатидаги Кук округи маъмурияти Майер мулки номли махсус тузилма ташкил этади. Тузилмага Вивианнинг коллекциясига эгалик қилаётганлар маълум миқдорда пул тўлашлари белгиланади.

2016 йил йилда округ маъмурияти ва Жон Малуф Вивиан Майер коллекцияси бўйича тўлов миқдорини келишишади. Малуф пулларни тўлаб беради ва унга Майернинг коллекциясидан фойдаланиш ҳуқуқи қонунийлаштириб берилади.

Майер коллекциясининг озроқ қисмига эгалик қилиб келаётган Голдштейн эса Кук округи ташкил этган тузилмага пул тўлашни хоҳламайди ва округ маъмуриятини судга беради. Ўшандан буён округ маъмурияти ва Голдштейн ўртасидаги баҳслар давом этиб келмоқда.

Вивиан Майернинг хазинаси

Вивиан Майер суратга олган кадрлар бугун жуда ноёб ҳисобланади. Унинг фотосуратлари ўтган асрнинг 60-70 йилларидан ҳикоя қилувчи жуда муҳим манба. Айниқса, унинг дунёнинг турли жойларидан туширган суратлари бугун жуда қадрланди.

Вивиан Майер туширган сурат
Фото: vivianmaier.blogspot.com

Таниқли фотограф Мэри Эллен Марк Майернинг ишларини машҳур фотограф Ҳелен Левитт, Роберт Фрэнк, Лизетт ва Диана Арбуснинг ишларига таққослаган. Шунингдек, кўча фотографи Жоэл Мейеровиц Майернинг ишларини юқори баҳолаган.

Майернинг энг машҳур фотосуратлари 1950 ва 1960-йиллардаги Чикаго ва Ню-Йорк кўчалари тасвирлари ҳисобланади. Ўша суратларда бу икки шаҳардаги жуда кўп биноларнинг, жамиятнинг турли қатламига мансуб бўлган одамларнинг тасвирлари бор.

Ўша тасвирларни кўриб 1950-1960 йилларда Чикаго ва Ню-Йоркда одамлар қандай яшагани, ўша даврда нималар ва қандай кийимлар, автомобиллар урфда бўлганини кўриш мумкин.

Вивиан Майер аксарият суратларини ўз қаҳрамонларига сездирмай туширишга муваффақ бўлган ва ана шу нарса уларнинг табиий чиқишига сабаб бўлган.

Вивиан Майер олган сурат
Фото: vivianmaier.blogspot.com

Вивиан ўзининг биринчи фотоаппаратини 1952 йилда сотиб олади. Бу Rolleiflex камераси эди. Аёл суратга олишни ўша йили бошлайди. Кейинроқ у Rolleiflex фотоаппаратларининг мукаммаллашган моделларини ҳам ишлатади.

Бундан ташқари, аёл узоқ масофаларни ҳам тасвирга олиш имкониятига эга бўлган Leica IIIc, Ihagee Exakta, Zeiss Contarex ва бошқа фотоаппаратлардан ҳам фойдаланади.

Вивиан Майернинг ишларига замонавий фотографлар жуда юқори баҳо беришган ва гарчи ҳаваскор фотограф бўлса-да унинг суратлари профессионал фотографларнинг ишларидан қолишмаслигини таъкидлашган.

Жумладан, фотограф Уилям Мейерснинг ёзишича, Вивиан Майер ўрта форматли Rolleiflex фотоаппаратидан фойдалангани учун унинг суратлари бошқа кўча фотографларининг ишларидан яхшироқ чиққан.

Унинг фикрича, Майер суратлари машҳур фотографлар Гарри Каллаҳан, Гарри Виногранд, Уижи ва Роберт Франкнинг ишларини эслатади.

Фотограф Роберт Смитнинг фикрига кўра гарчи ҳаваскор бўлса-да Майер олган суратлар 20-асрнинг кўплаб машҳур фотографларини эслатади. У “Майернинг ишлари 20-аср кўча фотографияси тарихини тўлдириб туради ва улар машҳур фотографларнинг ишларига жуда яқин”, деганди.

Вивиан Майер туширган сурат
Фото: vivianmaier.blogspot.com

“Оскар”га номзод бўлган ҳужжатли филм

Жон Малуф Вивиан Майернинг коллекциясига эгалик қилар экан, у аёл ҳақида китоб ёзишга ва ўша асосида ҳужжатли филм суратга олишга қарор қилади.

2013 йилда Жон Малуф ва Чарли Сискел ҳамкорлигида суратга олинган “Вивиан Майер изидан” деб номланган ҳужжатли филм экранларга чиқарилади. Филмда Майернинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади.

Филм тақдимоти Торонтодаги халқаро кинофестивалда ўтказилади ва у томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинади.

Бундан ташқари, филмда Вивиан энагалик пайтида ғамхўрлик қилган ва аллақачон улғайган болалар аёл ҳақидаги ўз хотираларини гапириб беришади. Ана шу хотиралардан аёл энагалик қилиш билан бирга ҳаваскор фотографлик қилиш учун тинмаганини билиш мумкин.

Ушбу филм 2013 йилда “Энг яхши ҳужжатли филм” йўналиши бўйича дунёдаги энг нуфузли “Оскар” киномукофотига номзод бўлади. Бироқ мукофотни ололмайди. Шундай бўлса ҳам танқидчилар мазкур ҳужжатли филмга ижобий баҳо беришган.

"Вивиан Майерни излаб" ҳужжатли филми учун ишланган баннер

Бундан ташқари, 2013 йилда режиссёр Жил Николснинг “Вивиан Майер: энагани ким суратга олди?” ҳужжатли филми (мазкур филмни суратга олиш ишларига BBC ҳомийлик қилган) ва “Вивиан Майернинг сири” ҳужжатли филмлари омма эътиборига ҳавола этилади.

2017 йилда режиссёр Райан Хуанг “Кўзгудаги аёл” қисқа метражли филмини чиқаради. Шу йили Чикаго университети кутубхонаси Жон Малуф Вивиан Майер меросидан келадиган барча даромадни хайрия ишларга сарфлашга қарор қилгани ҳақида хабар беради.

Ҳужжатли филмлардан ташқари Вивиан Майер ҳақида ўндан ошиқ турли китоблар ёзилган. Уларнинг айримлари фотограф аёлнинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилса, бошқалари унинг фотосуратларини шарҳланган.

Вивиан Майер фотосуратларининг илк кўргазмаси 2010 йилда ўтказилган. Ўшандан буён ҳар йили бир неча мартадан дунёнинг йирик шаҳарларида унинг фотосуратлари кўргазмалари мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид