Иқтисодиёт | 11:18 / 04.03.2024
23118
2 дақиқада ўқилади

«Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи» хусусийлаштирилди

«Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи» ҳам ёпиқ тарзда хусусийлаштирилган. Харидор – Petroleum Technology Group МЧЖ. Ташкил этилганига эндигина 5 ой бўлган, устав капитали эса 101 млн сўмни ташкил этувчи ушбу компаниянинг қандай қилиб номинал капитали 265 млрд сўм бўлган «Ўзбекнефтгаз»га қарашли «заправка»лар тармоғи ва номинал капитали 102 млрд сўм бўлган нефтни қайта ишлаш заводининг эгасига айлангани ҳақида ҳеч қандай изоҳ берилгани йўқ.

Фото: Ўзбекнефтгаз

«Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи» устав капиталидаги давлат улуши хусусийлаштирилган. Харидор – Petroleum Technology Group МЧЖ. Бу компания собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комиловга тегишли. Унга қарашли компаниялар аввалроқ МХХнинг Тошкент марказидаги собиқ биноси ва Ўзбекистондаги энг йирик спирт заводини ҳам хусусийлаштириб олгани билан жамоатчилик эътиборига тушганди. ОАВда Комиловнинг Россиядаги йирик активлари ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Маълумот учун, «Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи» 2016 йил 11 август куни фаолиятини бошлаган. Устав фонди – 102 млрд сўм. Заводнинг асосий вазифаси нефтни қайта ишлаб бензин, керосин, мазут, дизел ёнилғиси ва мойларга айлантиришни ташкил этишдан иборат. Ушбу саноат корхонаси йилига 120 минг тоннадан зиёд углеводород хомашёсини қайта ишлаш қувватига эгалиги келтирилган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги 2022 йилда «Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи»ни сотиш жараёни бошлангани ҳақида хабар берганди. 2023 йилнинг май ойида эса мажбуриятга эга бўлган таклифларни (BО) қабул қилиш босқичи 1 ой муддатга узайтирилгани маълум қилинганди. Шундан сўнг, хусусийлаштиришнинг кейинги тақдири ҳақида бошқа ахборот тақдим этилмаган.

Аввалроқ, Petroleum Technology Group Ўзбекистонда 78 та «заправка»га эга бўлган «UNG Petro» компаниясининг янги эгасига айлангани хабар қилинганди. Ташкил этилганига эндигина 5 ой бўлган, устав капитали эса 101 млн сўмни ташкил этувчи ушбу компаниянинг қандай қилиб номинал капитали 265 млрд сўм бўлган «заправка»лар тармоғи ва номинал капитали 102 млрд сўм бўлган нефтни қайта ишлаш заводини сотиб олгани ҳақида Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ҳеч қандай изоҳ берилмаган.

Мавзуга оид