Жаҳон | 21:24 / 04.03.2024
36599
8 дақиқада ўқилади

Симонян немис ҳарбийларининг Украинага Taurus ракеталарини етказиш ва Қрим кўпригига зарба муҳокама қилинган суҳбатини эълон қилди

Немис нашрлари аудиоёзув ҳақиқийлигини ёзмоқда. Олаф Шолц ахборот сизиб чиқишини «жуда жиддий масала» деб атаган. Россия тушунтириш талаб қилмоқда.

Фото: AP / Scanpix / LETA

RT бош муҳаррири, пропагандачи Маргарита Симонян 1 март куни эрталаб «погонли ўртоқлар» унга бундесвернинг (Германия қуролли кучлари) юқори мартабали зобитлари гўёки «Қрим кўпригини қандай бомбардимон қилишлари»ни муҳокама қилгани ҳақидаги аудиоёзувни етказгани ҳақида ёзди. У Шолц Россия билан муносабатларда эскалациядан қочиш зарурлиги ҳақида гапираётган вақтда, бундесвер офицерлари бу можарода анчадан буён иштирок этаётганини яширмаётганини таъкидлаган. «Россия олдинги сафар рус кўприкларини портлатиш Германия учун қандай тугаганини эслатиб қўйишининг вақти келмадими», дея савол қўйган Симонян. 

Кейинроқ у аудио расшифровкасини (рус тилида) ҳамда 38 дақиқалик аудионинг ўзини эълон қилди, унда мулоқот иштирокчилари бир-бири билан немис тилида сўзлашган. RT бош муҳаррирининг айтишича, бу мулоқот 19 феврал куни ўтказилган. Симоняннинг тасдиқлашича, аудиодаги суҳбат бундесвер ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлигининг амалиётлар ва машғулотлар бўлими бошлиғи Франк Грефе, ҳарбий-ҳаво кучлари инспектори Инго Герҳартц ва бундесвер космик қўмондонлиги ҳаво амалиётлари маркази ходимлари Штефан Фенске ва Фроштедте (унинг исми келтирилмаган) иштирокида кечган.

Расшифровкага кўра, мулоқот қатнашчилари Украинага Taurus русумли узоқ масофага ҳаракатланувчи қанотли ракеталар етказиб бериш эҳтимолини муҳокама қилишган. Улардан бири «мудофаа вазири [Борис] Писториус Украинага Taurus ракеталарини етказиб бериш масаласини диққат билан кўриб чиқмоқчилиги» ҳақида айтган.

Бундан ташқари, улар Германия канцлери Олаф Шолц тегишли қарорни қабул қилгудек бўлса, Taurus ракеталарини қанча муддатда етказиб бериш мумкинлиги ҳақида гаплашишган. Расшифровкада украин ҳарбийлари Taurus тизимларидан фойдаланиш учун ўқитилиши зарурлиги айтилади. Суҳбатдошлар ўқув машғулотлари қаерда ўтказилиши мумкинлиги ва Германия қуролли кучлари бунга қандай шаклда жалб этилишини муҳокама қилишган.

Уларнинг фикрича, агар етказиб бериш тўғрисида қарор қабул қилинса ҳам, ракеталарни фақат саккиз ойдан кейин қўллашни бошлаш мумкин бўлади.

Ҳарбийлар шунингдек, украинлар Taurus ёрдамида ҳужум қилиши мумкин бўлган турли нишонларни муҳокама қилишган, жумладан ўқ-дори омборлари ва «шарқдаги кўприк»ни тилга олишган — катта эҳтимол билан, гап Қрим кўприги ҳақида борган. «Кўприкни йўқ қилиш масаласида яна бир гапни айтмоқчиман. Биз бу масалани чуқур ўрганиб чиқдик, афсуски, кўприк ўз катталиги билан учиш-қўниш полосасига ўхшаш деган хулосага келдик. Шу туфайли унга 10 ва ҳатто 20 та ракета етарли бўлмаслиги мумкин», — деган суҳбат иштирокчиларидан бири. Унга жавоб берган киши эса «агар Taurus французларнинг Dassault Rafale қирувчисидан учирилса, мақсадга эришиш мумкинлиги» ҳақида қараш борлигини айтади. 

Расшифровкага кўра, суҳбатдошлардан бири «бунда можаро тарафларидан бирига айланиб қолмаслик муҳимлиги»ни таъкидлайди.

Симонян ўз постида офицерлар Қрим кўпригини «қандай бомбардимон қилиш»ни муҳокама қилишганини айтади. Der Spiegel нашри эса, аслида суҳбатда агар Германия барибир Taurus ракеталарини етказиб беришга қарор қилса, Украина улардан қандай фойдаланиши ҳақида кечган.

Германия канцлери Олаф Шолц бир неча бор Taurus ракеталари етказиб берилишига қарши эканини айтганди. Феврал ойи охирида ҳам у бу масала «кун тартибида турмагани»ни маълум қилди. Унинг фикрича, Украинага биринчи навбатда ўқ-дорилар етишмаяпти, Taurus ракеталарини етказиб бериш масаласи эса «ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас». Кейинроқ у Украинага Taurus ракеталарини етказиб беришга қаршилиги, чунки уларнинг ҳаракатланиш масофаси (500 км) Москвадаги нишонларни уришга имкон беришини айтиб чиқди.

Ёзувнинг ҳақиқийлиги

Ёзувнинг дастлабки таҳлили шуни кўрсатдики, у ҳақиқий бўлиши мумкин, деб ёзади Der Spiegel. Нашр зобитларнинг онлайн-учрашуви ҳимояланган линия бўйича эмас, «эшитиш нисбатан осон бўлган» WebEx платформасида ўтказилганини қайд этган. Суҳбат иштирокчиларидан бири Сингапурда бўлган ва катта эҳтимол билан, унда мобил телефон орқали қатнашган. Spiegel бу ҳолат бундай муҳокамаларда фақат шифрланган алоқа линиясидан фойдаланишни талаб қиладиган бундесвер қоидаларини бузиш ҳисобланишини қайд этган. 

Spiegel бундесвердаги кўп виртуал учрашувлар WebEx платформасида ўтказилиши, чунки шифрланган алоқа воситаларидан фойдаланиш «анча қийин» эканини таъкидлаган.

Германия мудофаа вазирлиги вакили 2 март куни мамлакат қуролли кучларининг махфий мулоқоти чиндан ҳам эшитилганини тасдиқлади. «Айни вақтда биз ижтимоий тармоқларда тарқалаётган, ёзиб олинган ёки расшифровка қилинган версияга ўзгартиришлар киритилгани ёки йўқлигини аниқ айта олмаймиз», — деган вазирлик вакили. 

Германиядаги реакция

Германия мудофаа вазирлиги текширув бошланганини эълон қилди. DW нашри ёзишича, вазирлик Германия ҳарбий-ҳаво кучларининг юқори мартабали офицерларининг «онлайн-конференцияси ноқонуний тарзда тингланиши эҳтимоли ҳақидаги хабар»ни текширмоқда. «Федерал ҳарбий аксилразведка идораси (BAMAD) барча зарур чораларни кўради», — дейилган вазирлик хабарида. 

«Агар бу воқеа тасдиқланса, бу жуда муаммоли ҳолат бўлади. Бу бир марталик ҳодисами ёки хавфсизликдаги тизимли муаммоми, деган савол туғилади», — деган бундестагнинг махсус хизматлар фаолияти бўйича қўмитаси раиси Константин фон Ноц Redaktionsnetzwerk Deutschland (RND) нашрига. 

Якшанба куни Германия мудофаа вазири Борис Писториус бу аудиоёзувни россияликларнинг «ахборий уруши» ва «гибрид дезинформацияси»нинг бир қисми эканини айтди. «Бу ҳодиса — шунчаки мулоқотни тинглаш ва нашр этишдан каттароқ нарса. Бу Путин олиб бораётган ахборот урушининг бир қисмидир», — дея Писториусдан иқтибос келтирган Reuters агентлиги.

«Бу гибрид дезинформация ҳужуми. Гап бўлишга, бизнинг бирлигимизни парчалашга уриниш ҳақида кетмоқда», — деган Германия мудофаа вазири.

Германия канцлери Олаф Шолц ҳам Симоняннинг постига муносабат билдирди. У бу ҳодиса — «жуда жиддий масала» эканини таъкидлаган. «Ва айнан шунинг учун ҳозир ишнинг тафсилотларини жуда эҳтиёткорлик билан, жуда интенсив ва жуда тез аниқлаш керак. Буни албатта қилиш лозим», — деди у 2 март куни Ватиканга ташрифи чоғида. 

Россиядаги реакция

Германиянинг Москвадаги элчиси Александр Ламбсдорфф Россия ТИВга чақирилган

Россия ТИВ Германиядан «тушунтириш» талаб қилди. «Расмий Берлин буни зудлик билан тақдим этиши керак. Саволларга жавобдан қочишга уриниш айбни тан олиш сифатида кўрилади», — деган вазирлик расмийси Мария Захарова.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва НАТО ҳарбий хизматчилари Украинадаги урушда иштирок этаётганидан «тўла» хабардор экани, улар «ёлланма жангчилар ёки алянс қуролли кучларига мансуб бўлмаган кишилар сифатида ниқоблангани»ни таъкидлаган. «Буни нима деб аташни билмайман, аммо бизнинг наточи ҳамкасбларимизнинг юзида барчаси кўриниб турибди. Кўрамиз, улар буни ўз аҳолисига қандай тушунтирар экан», — деган Лавров.  

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков немис офицерларининг мулоқоти бундесвердагилар «Россия бўйлаб зарба бериш режаларини батафсил муҳокама қилиши»дан далолат эканини айтган.

Россия ТИВ Германия элчиси Александр Ламбсдорффга демарш эълон қилган ва бундесвер офицерларининг Taurus ракеталарини Қрим кўпригига зарба бериш учун қўллаш ҳақидаги мулоқоти юзасидан тушунтириш талаб қилган.

Мавзуга оид