Ўзбекистон | 13:24 / 05.03.2024
43583
4 дақиқада ўқилади

8-синф ўқувчиси китоб ўқиб дадасига Cobalt совға қилди – у буни қандай уддалади?

Самарқандлик Наргиза Муҳаммадиева “Ёш китобхон” танловида биринчи ўринни эгаллади. Унга президент совғаси – Cobalt автомашинаси совға қилинди. Хўш, бу ёш китобхон қиз бир кунда қанча вақтини китоб учун сарфлайди, унинг энг асосий мотиватори ким? Наргизанинг яқинлари Kun.uz мухбири билан суҳбатда ғалаба йўлидаги синовлар, мағлубиятлар, ҳадиклар ҳақида гапириб берди.

Наргиза Муҳаммадиева Жомбой туманидаги 12-умумтаълим мактабида ўқийди. У қирқдан ортиқ бадиий-оммабоп китобларни ўқиб чиқди ва “Ёш китобхон” танловининг 10-14 ёш тоифасида биринчи ўринни эгаллади.

Биз Наргиза билан суҳбатлашар эканмиз, у дунёқараши, мулоқот ва нутқ маданияти жиҳатдан аллақачон тенгдошларидан илгарилаб кетганини пайқадик.

“Мен мағлубиятга ҳам тайёр эдим. Бугунги натижамга қадар кўп уриндим. “Ёш китобхон” танловининг вилоят, республика босқичида иштирок этдим. Бир неча марта мағлуб бўлдим. Насиб қилган экан, мана, шу йилда танловда мутлақ ғолибликни эгалладим. Ушбу муваффақиятимда ҳамиша қўллаб турган ота-онамга, устозларимга миннатдорчилик билдираман. Бу натижа билан тўхтаб қолиш ниятим йўқ.

Танловга тайёргарлик жараёнида бошқа фанларда бироз қолиб кетдим. Энди қолган фанларимни ҳам яхши ўзлаштириб олмоқчиман. Математика, инглиз тили фанларига қизиқаман. Ушбу фанларга алоҳида эътибор қилиб, ўз билимларимни ривожлантиришни мақсад қиляпман. Китоблар ҳаётнинг барча синовлари, қийинчиликларида ҳам тўхтаб қолмасликни ўргатди”, – дейди Наргиза Муҳаммадиева.

Маълум бўлишича, Наргизанинг танловларда иштирокини таъминлаш, унга зарур китобларни топиб беришда отаси Ўлмас Муродовнинг хизмати катта. Буни нафақат Наргизанинг ўзи, балки бу оилани яқиндан билганлар ҳам эътироф этди. Отаси қизини ҳамиша руҳлантириб келган, ишонч билдирган.

“Фарзандларимизга берган эътиборимиз учун қандайдир моддий манфаат кутиш нотўғри деб ҳисоблайман. Айримлар қизимнинг билими учун берилган автомашина билан мени қутлашди. Тўғри, рағбат инсонга керак. Аммо ҳақиқий рағбат қизимнинг ўқиган китоблари орқали унинг миясига қабул қилган хулосада деб биламан. Унинг дунёқараши, билимини қандайдир моддийлик билан алмаштириб бўлмайди. Бундан кейин ҳам фарзандларимнинг илм эгаси бўлиши учун ҳаракатни тўхтатмоқчи эмасман”, – дейди Ўлмас Муродов.

Наргизанинг ўзи ва ота-онаси билан мулоқотимиз давомида аниқ бўлдики, оилада илмга ташналик кайфияти ҳукмрон. Инсонни ўқиш-изланиш юксалтириши, жамиятда муносиб ўрнини топишига улар ишонишади.

“Ўзим инглиз тили фанидан дарс бераман, шу йўналишда ўқув маркази ташкил қилганмиз. Бироқ қизим Наргиза кўпроқ бадиий адабиёт мутолаасига мойиллик билдирди. Педагог бўлсам-да, бу борада кўпроқ уни турмуш ўртоғим қўллаб-қувватлади. Турли танловларда иштирок этиши учун шароит қилиб бердик. Яратганга шукур, бу ўз натижасини берди.

Шу ўринда ота-оналарга тавсиямни билдирмоқчиман. Фарзандингизнинг кўп вақтини сиз сотиб олиб берган телефон ўғирлаяпти. Техникалар замон талаби деймиз, бироқ бу қурилмаларни назорат қилиш, болаларимизни бошқа соҳаларга қизиқтиришимиз орқали уларни кашф қилайлик.

Яна бир хулосам шу бўлдики, фарзандлар оталарнинг қарорини кўпроқ жиддий олишади. Биз, оналар кўпинча кўнгилчанлик қилиб қўямиз, фарзандларимиз қийинчиликка учраганда мақсади учун рағбат беролмай қоламиз. Оталар фарзанд тарбиясига жиддийроқ эътибор қилишса, кутилган натижа эртароқ келади”, – дейди Зарина Муродова.

Наргиза Муҳаммадиева ўзи ўқиётган Жомбой туманидаги 12-умумтаълим мактабида катта тантана билан кутиб олинди.

Қобилият кўпчиликда бўлади. Бироқ у кимдадир эртароқ, кимдадир кечроқ ва турли кўринишда намоён бўлади. Муҳими, уни ён-атрофдагилар, айниқса, ота-она эртароқ англаб олиши муҳим. Буни Наргиза Муҳаммадиева мисолида ҳам кўрдик.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

7.jpg
4.jpg
6.jpg
1.jpg
5.jpg
3.jpg
2.jpg

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери