Жаҳон | 15:17 / 06.03.2024
4921
2 дақиқада ўқилади

Франция Чехиянинг ўқ-дорилар сотиб олиш ташаббусини қўллаб-қувватлайди

Канада, шунингдек, Европа Иттифоқига аъзо Нидерландия, Дания, Литва ва Белгия аввалроқ Европа Иттифоқидан ташқарида Украина қуролли кучлари учун 800 минг артиллерия снарядларини сотиб олишга ҳисса қўшишга ваъда берган эди.

Фото: Diego Herrera Carcedo / ANADOLU / Anadolu via AFP / EastNews

Франция Чехия бошчилигидаги ташаббус доирасида Украина учун Европа Иттифоқидан ташқарида ўқ-дорилар сотиб олишга ҳисса қўшади. Бу ҳақда Франция президенти Эммануэл Макрон 5 март, сешанба куни Прагада Чехия президенти Петр Павел билан қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди. «Биз бу ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз ва ўз ҳиссамизни қўшамиз», — дея Франция давлат раҳбарининг сўзларини келтиради Reuters.

Чехия учинчи мамлакатларда Украина учун 800 минг артиллерия снарядларини сотиб олиш имкониятини топгани ҳақида Петр Павел феврал ойи ўрталарида Мюнхен хавфсизлик конференциясида маълум қилган эди. 

Бугунги кунга қадар Канада, шунингдек, Европа Иттифоқига аъзо Нидерландия, Дания, Литва ва Белгия ушбу ташаббус доирасида Украина қуролли кучлари учун ўқ-дорилар харид қилишга пул ажратишга келишиб олди. Белгия бош вазири Александер Де Кроо 28 феврал куни, хусусан, унинг мамлакати ушбу мақсадлар учун 200 миллион евро ажратишини айтди. 

Чехиянинг Украина учун ўқ-дорилар сотиб олиш ташаббуси 

MSC’да Украина бўйича муҳокама чоғида Петр Павел Киевга ўқ-дорилар етказиб бериш, агар молиялаштириш Ғарбдаги иттифоқчилар томонидан таъминланса, бир неча ҳафта ичида амалга оширилиши мумкинлигини таъкидлади. Чехия давлати раҳбарининг аниқлик киритишича, гап 155 мм калибрли 500 000 та артиллерия снарядлари ва 122 мм калибрли 300 000 та снаряд ҳақида кетмоқда. 

Павел харидлар қайси мамлакатларда амалга оширилиши мумкинлигини аниқлаштирмади. Айни пайтда, феврал ойи бошида Politico интернет нашри Чехия Жанубий Корея, Туркия ва ЖАРда ўқ-дорилар бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақида ёзган эди.

Мавзуга оид