Жаҳон | 19:48 / 06.03.2024
28083
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон дунё руҳий саломатлиги рейтингида сўнгги ўринда қайд этилди 

Мамлакат аҳолисининг 1/3 қисми руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммолардан азият чекаётгани таъкидланмоқда. 

Фото: Taylor Weidman / Bloomberg / Getty Images

Руҳий саломатлик бўйича энг «бахтли» ва «бахтсиз» мамлакатларнинг дунё рейтинги эълон қилинди, деб ёзди Time Out нашри. Унда Ўзбекистон энг кам балл тўплади ва энг «бахтсиз» мамлакат деб топилди. 

Қайд қилинишича, сўнгги 4 йил ичида дунё аҳолиси орасида руҳий саломатликнинг ёмонлашиши кузатилмоқда. Бу биринчи навбатда коронавирус пандемияси билан боғланмоқда. У инсонларнинг мулоқот тарзига, иш жойлари тузилишига ва саёҳат қилиш тарзига, шунингдек, руҳий саломатлигига жиддий ва узоқ муддатли таъсир кўрсатган. 

Sapien Labs лабораторияси томонидан ўтказилган «Дунёнинг руҳий ҳолати» (Global Mind Project) тадқиқоти (.pdf) 2020 йилдан буён инсонлар қанчалик «бахтсиз» бўлиб қолганини очиб беради. 

Тадқиқотда 71 мамлакатдан қарийб 420 минг киши иштирок этган ва улар аноним онлайн сўровга жавоб берган. Баҳолаш 6 та асосий тоифада шахсий руҳий саломатлик коэффициентини (РСК) аниқлашга қаратилган: кайфият ва истиқбол, ижтимоий «Мен», мотивация ва ҳаракат, ақл ва тана алоқаси, идрок, мослашувчанлик ва чидамлилик. 

Бундан ташқари, тадқиқотда одамларнинг турмуш тарзи, оила ва дўстлар билан муносабатлар динамикаси, шахсий руҳий муаммолар ҳақида маълумот тўпланган. Жавоблардан келиб чиқиб, одамларга маълум бир балл берилган. Натижалар энг яхшидан (гуллаб-яшнаш) энг ёмонга (дистресс) қадар таснифланган. 

Ҳисоботга кўра, Доминикана Республикаси руҳий саломатлик коэффициенти (РСК) бўйича 300 баллдан 91 балл тўплаб, биринчи ўринни эгаллади ва энг «бахтиёр» мамлакат деб топилди. Кейинги ўринларда Шри-Ланка, Танзания, Панама, Малайзия, Нигерия, Венесуэла, Салвадор, Коста-Рика, Уругвай ва бошқа мамлакатлар қайд этилган. 

Ўзбекистон рейтингда энг ёмон кўрсаткичга эга бўлди ва 48 балл билан сўнгги ўринни эгаллади. Шунингдек, Буюк Британия, Жанубий Африка, Бразилия, Тожикистон, Австралия, Миср, Ирландия, Ироқ ва Яман ҳам рейтингнинг тубидан жой олган. 

Тадқиқотга кўра, Ўзбекистонда руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммолардан азият чекаётган ёки уни бошидан кечираётган аҳолининг улуши 32 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич бўйича Буюк Британия, Жанубий Африка (35 фоиз), Бразилия (34 фоиз) ва Австралия (33 фоиз) энг ёмон натижа қайд этган. 

Ўзбекистоннинг руҳий фаровонлик бўйича кўрсаткичлари ҳам паст. Жумладан, кайфият ва дунёқараш, ижтимоий «Мен», идрок, ақл ва тана алоқаси кўрсаткичлари бўйича 71 мамлакат ичида сўнгги ўринда, мослашувчанлик ва чидамлилик бўйича 67-ўринда, ҳаракат ва мотивация бўйича 61-ўринда қайд этилган.

Мавзуга оид