“Ёшлар кўли фарғоналикларга қайтарилиши керак” – Хайрулло Бозоровнинг қарори эътирозларга сабаб бўлмоқда
Фарғона вилояти ҳокимининг Фарғона шаҳри марказидаги 2,2 гектарлик Ёшлар кўлини 24 кунлик фирмага “дом” қуриш учун бериш ҳақидаги қарори фаоллар томонидан ноқонуний дея баҳоланмоқда. “Миллий тикланиш” партияси Бош прокуратурадан ушбу масалага ҳуқуқий баҳо берилишини сўраган.
Фарғона вилояти ҳокимининг Фарғона шаҳри марказидаги Ёшлар кўлини меҳмонхона, ресторан, савдо мажмуаси ҳамда кўп қаватли турар жойлар қуриш учун “Unays building” МЧЖга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бириктириб бериш ҳақидаги қарори ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Фаоллар кўл фарғоналикларга қайтарилиши керак деб ҳисобламоқда.
Ҳолатга муносабат билдирган “Миллий тикланиш” демократик партияси Бош прокуратурадан ушбу масалага ҳуқуқий баҳо берилишини сўрашини маълум қилган.
“Халқни рози қилиш, келажакда эмас, одамларга айнан бугун қулай шароитлар яратиш Янги Ўзбекистоннинг бош талабига айланган кунларда яшаяпмиз. Кейинги йилларда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг айнан ана шу тамойил асосига қурилаётгани шубҳасиз, юртдошларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаётир.
Шунга қарамай, афсуски, айрим ҳолларда аҳоли кайфиятига салбий таъсир қиладиган ҳолатлар ҳам учраб турибди. ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган мавзу – Фарғонадаги Ёшлар кўли ўрнида уй-жой бинолари қуриш билан боғлиқ ҳолат бунга мисол бўлиши мумкин. Бунда энг ёмони, она табиатга ва аҳоли истагига зид тарзда қабул қилинган қарор туфайли маҳаллий аҳоли ва ёшларда асосли эътирозлар юзага келмоқда.
“Миллий тикланиш” демократик партияси 2020 йилда таъмирланган, кейинги уч йилда эса номаълум сабабларга кўра сувсиз қолдирилган Ёшлар кўлининг тақдирига, шунингдек, аҳоли талаби ва қонунчиликка зид тарзда қабул қилинган қарорни бекор қилиши шарт, деб ҳисоблайди. Қайд этиш жоизки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, вилоят ҳокимларининг ер бериш бўйича қарор қабул қилиш ваколатлари тугатилган.
Бас, шундай экан, Фарғона аҳлига, айниқса ёшларга спорт билан шуғулланиш учун хизмат қилган ҳудуд тақдирини битта қарор билан ўзгартириб юбориш бугунги кун талабига ҳам, қонунчилигимизга ҳам зиддир.
Шундан келиб чиққан ҳолда “Миллий тикланиш” демократик партияси бундай ноқонуний қарор чиқариш амалиётини кескин қоралайди ҳамда Бош прокуратурадан ушбу масалага ҳуқуқий баҳо берилишини сўрайди”, дейилади партия муносабатида.
Davletovuz Telegram-канали муаллифи Қобил Хидиров кўл ва парклар хусусий қўлларга берилмаслиги кераклигини, чунки улар ижтимоий неъмат эканлигини, Фарғонадаги кўл ҳам ҳақиқий эгаси – халққа қайтарилишидан умид қилишини билдирган.
Иқтисодчи Отабек Бакиров эса ҳокимлардан “ер сотиш ҳуқуқи” олиб қўйилгани билан лазейкалар қолдирилгани ҳақида ёзди.
“Биз филтрланган ахборотлар шароитида ёки пиар таъсирида яхши ҳоким ё ёмон ҳоким деган субъектив ўлчовлар билан ўзимизни ўзимиз овутишда давом этар эканмиз, чекланмаган, тийилмаган, халққа ҳисобдор бўлмаган ҳоким, ҳатто у авлиё бўлса ҳам, барибир Ветнам аждарҳосига айланаверади.
Шу маънода инсон юзли ҳоким дейиладиган Бозоров томонидан Фарғонадаги кўлнинг домқурарларга “совға қилиниши” биринчиси эмас, бу кетишда охиргиси ҳам эмас. Ҳокимлардан “ер сотиш ҳуқуқи” олиб қўйилгани билан, бир минг бир юз бир турдаги лазейкалар қолдирилгани ҳақида қанча гапирилди? Сиз нима деб ўйлайсиз, бу тирқишлар онгсизлик билан қолдирилганми? Йўқ, албатта.
Нима қилмоқ керак деганда, биринчи навбатда, яна ўша сизнинг энсангизни қотирадиган гапни такрорлашга тўғри келади: негизларга, эркин сайловларга ва тийиб туриш қоидаларига қайтиш керак.
Иккинчидан, Ёшлар кўли фарғоналикларга қайтарилиши лозим. Чунки бу қарор нафақат лазейкани айланиб ўтгани билан, балки ер сотишдаги бенефициарлар алмашиб қолгани билан ҳам ноқонуний. Эътибор беринг, ташкил этилганида “Unays building” МЧЖ таъсисчиси Элдор Раҳимов бўлган, энди эса қандайдир хитойлик ё ветнамлик He Veilu. Элдор Раҳимов жаноблари ер ажратилгач, “ўйиндан чиққан”.
2017 йилдан кейинги даврда 99% ер сотишлар худди шу схема билан амалга оширилмадими? Ҳокимга яқин А фирманинг таъсисчиси шартли Сотволдиев А МЧЖга ер ажратилади. Бир оз вақт ўтиб, А МЧЖнинг таъсисчиси Сотволдиевдан Домқураровга ўзгаради. Яъни ўзи аслида Сотволдиевга ажратилган ер де-факто Домқураровга сотиб юборилади. Ҳамма хурсанд, Сотволдиев ҳам, Домқураров ҳам. Лекин бу ердан бюджетга, давлатга бир сўм ҳам тушмайди. Ўтган 7 йилда текин ер ажратилгач, таъсисчиси алмашган МЧЖларга оид минглаб кейсларни қаранг, шуларнинг ҳаммасида ер сотилган. Миллиардлаб пул (сўм эмас, доллар) ҳокимлар ва уларнинг ўртамчилари чўнтагига тушган. Лекин ким бу ишларни тафтиш қилади?
Ҳурматли ҳоким Бозоров сенатор ҳам. Яъни амалий қонун чиқарувчи ва унинг ҳаракатлари дахлсизлик билан ҳимояланган. Шу маънода ошкор бўлиб қолган ер можаросини бартараф этишнинг энг осон ва тўғри йўли 2024 йилнинг 29 январ кунги қарорни ҳокимнинг ўзи томонидан бекор қилиниши ва Ёшлар кўлини жамоатчилик масканига айлантириш бўлиши керак”, деган иқтисодчи.
Kun.uz'га маълум бўлишича Адлия вазирлиги Фарғона вилояти ҳокими қарорининг қонунийлигини ўрганмоқда.
Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳозирча “сукут сақламоқда”: ҳокимлик томонидан ҳолатга расмий муносабат билдирилгани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хайрулло Бозоровнинг қарорига кўра Фарғона шаҳри марказидаги Ёшлар кўли меҳмонхона, ресторан, савдо мажмуаси ҳамда “дом”лар қуриш учун ташкил этилганига 24 кун бўлган “Unays building” МЧЖга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бириктириб берилгани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
18:21 / 11.11.2024
Алишер Қодиров ЛГБТ тарғиботини тақиқловчи қонун ишлаб чиқилишини маълум қилди
11:06 / 03.11.2024
Фарғонада ариқдан эркак кишининг жасади топилди
18:05 / 25.10.2024
“Барчаси ота-онамнинг қўллови туфайли”: Microsoft элчисига айланган ўзбек қизи
14:01 / 13.10.2024