Жаҳон | 21:50 / 07.03.2024
13838
8 дақиқада ўқилади

Ғазо чегарасига буфер зона қурган Миср, ҳусийчиларнинг навбатдаги ҳужуми ва Россия таҳдиди остида қолган Молдова — кун дайжести 

Дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз. 

 

Фаластиндаги вазият

Ғазодаги тинч аҳоли очлик исканжасида қолиб кетаётган бир пайтда Миср Ғазонинг жанубий чегарадаги шаҳри Рафаҳ билан оралиқда буфер зона яратмоқда.

Сунъий йўлдошдан туширилган тасвирлардан кўринишича, Исроил Рафаҳга ҳужум қилиш нияти борлигини эълон қилгач, Миср бу ерда буфер зонаси яратган, чегара олди ҳудуди булдозерлар билан текисланган.

Қайд этиб ўтиш керак, кеча озиқ-овқат ва кийим-кечаклар ортилган бир нечта юк машиналари Ғазо секторининг шимолий қисмига киритилгани ҳақида видеотасвирлар тарқатилди. Шунингдек, Ғазога самолётлардан парашютларда озиқ-овқатлар ташланмоқда.

Анадолў агентлиги маълумотларига кўра, Ғазода очлик туфайли камида 16 та бола ҳалок бўлган. Ғазодаги омон қолган шифохоналарда ресурс етишмовчилиги туфайли инкубаторларга икки-учтадан чақалоқлар жойлаштирилмоқда. Ушбу тасвирлар Рафаҳдаги Ал-Ҳилол туғуруқхонасида туширилган.

Исроилнинг собиқ бош вазири Эҳуд Олмерт исроиллик кўчкиндилар айбсиз фаластинликларнинг мол-мулкига ўт қўяётганини, ўзларини эса ўлдираётганини таъкидлаган.

Буни у CNN телеканали жонли эфирида чиқиш қилган чоғида айтиб ўтган.

«Бу инсонларнинг барчаси Исроил ҳукумати ва унинг вазирлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бу давлат асослари учун жуда жиддий хатар», — деган Эҳуд Олмерт. 

Қизил денгиздаги вазият

Яманлик ҳусийчилар Адан қўлтиғида True confidence қуруқ юк ташувчи кемага ракета ҳужуми уюштирди. Ҳужум натижасига кема ёниб кетиб, чўка бошлаган. Британиянинг Санодаги элчихонаси маълумотига кўра, уч нафар денгизчи ҳалок бўлган. Камида тўрт киши куйиш билан боғлиқ оғир яраланган. Уч киши бедарак йўқолган.

Қизиғи шундаки йўқ қилинган кемани бирор давлат ўз юрисдикциясига қабул қилишни истамаяпти. У Барбадос байроғи остида ҳаракат қилган.

Associated Press маълумотларига кўра, кема Лос Анжелесда қарор топган Oaktree Capital Management фондига тегишли.

Reuters маълумотларига кўра, кема Либерияда рўйхатга олинган True Confidence Shipping компаниясига тегишли. Унинг бошқаруви билан Грециянинг Third January Maritime фирмаси шуғулланади.

Денгиз хавфсизлиги билан шуғулланувчи Ambrey компанияси эса ҳужумга дучор бўлган балкер Американики эканини таъкидламоқда.

Кеманинг эгаси 20 нафар экипаж аъзолари ва уч нафар қуролланган соқчилар ҳолати ҳақида маълумотга эга эмаслигини таъкидлаган.

Яман алоқа ва информацион технологиялар вазири Мусфар ан-Намийр Яман сувларига киришдан аввал кемалар «Ансоруллоҳ» билан боғлиқ денгиз ишлари департаментидан рухсатнома олиши кераклигини таъкидлаган.

Вазирлик бу борада кемалардан аризалар қабул қилиш ва лицензиялар беришда ёрдам қўлини чўзишга тайёрлигини эълон қилди ва бу чора кемада юк ташиш хавфсизлигини таъминлаш учун қилинаётганини таъкидлаган. 

Франция Молдовага ёрдам беради

Россиянинг Молдовага ҳарбий ҳужум қилиш тўғрисидаги миш-мишлар фонида Франция Молдовага ҳарбий ёрдам ваъда қилмоқда.

Франция Молдова билан мудофаа ҳамкорлиги тўғрисида янги битим имзоламоқда. У бугун Молдова президенти Майя Сандунинг Парижга ташрифи чоғида имзоланади, деб ёзади Reuters.

Франция президенти Эммануэл Макроннинг девонхонасидан маълум қилинишича, ҳужжат «Франция Россиянинг Украинага нисбатан истилочилик уруши контекстида Молдованинг хавфсизлиги ва мустақиллигини қўллаб-қувватлаш»ни тасдиқлайди.

Шунингдек, бугун ғарб давлатлари билан Украина ва Молдовани қўллаб-қувватлашни кучайтириш муҳокама қилинадиган онлайн конференция ҳам Франция томонидан ташкиллаштирилади.

Молдованинг Днестрбўйи ҳудуди 35 йилдан буён Россия назорати остида бўлиб келмоқда. Қолаверса, Гагаузия ҳудуди ҳам Россиядан ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Гагаузия етакчиси Евгения Гуцул кеча Сочида РФ президенти Владимир Путин билан учрашган. Бундан сўнг Молдова бош прокуратураси Гагаузия бошқони устидан жиноят иши судга оширилиши маълум қилган.

Ўтган йилнинг баҳорида Гагаузияда ўтказилган сайловларда Россияпараст «Шор» партиясидан Евгения Гуцул ғалаба қозонган эди. Бу партияни Молдова ҳукумати шу йилнинг июн ойида конституцияга зид ва Россия билан ҳамкорлик қилмоқда деб топган эди.

Кишинёв сайлов натижаларини текширишни бошлаган. Қолаверса, Молдовада айирмачилик учун жиноий жавобгарлик ҳам кучайтирилган. 

Россияга қарши санкциялар

Ҳиндистон Россияга қарши жорий этилган санкциялар туфайли «Роснефт» билан шартнома имзолашдан бош тортди.

«Роснефт» Ҳиндистоннинг энг йирик нефтни қайта ишлаш заводлари билан суткасига 500 минг баррел нефт етказиб бериш тўғрисида узоқ муддатли шартнома имзолашга муваффақ бўла олмаган, деб ёзади Bloomberg ўз манбаларига таяниб.

Феврал ойининг бошидан буён олиб борилган музокаралар натижасиз тугаган. Ҳиндистоннинг давлатга тегишли Bharat Petroleum ва Hindustan Petroleum компаниялари Россиянинг энг йирик нефт компаниясидан нефт хариди бўйича қатъий мажбуриятларни ўз гарданига олишни истамаган.

Ҳиндистон нефт бозорининг етакчиси давлатга тегишли Indian Oil Corp аллақачон «Роснефт» ва «Газпром нефт» билан 24,5 млн тонна нефт хомашёси сотиб олиш бўйича узоқ муддатли шартномага эга. Бироқ компания 2024 йилда харид ҳажмини қисқартириши кутилмоқда, деб ёзади Bloomberg.

Мавзуга оид яна бир хабар. Владимир Путин 17 март куни тугайдиган президентлик сайловларида ғалаба қозонганидан сўнг «Роснефт» раҳбари Игор Сечин ва «Газром» раҳбари Александр Миллерни ишдан олиши ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда. 

Трамп ягона номзодга айланди

АҚШ президентлиги учун дастлабки сайловларда республикачиларнинг праймеризида Никки Ҳейли президентлик пойгасидан чиқди. У партия ичидаги курашда Доналд Трампнинг ягона рақиби эди. Аммо Ҳейли ўз тарафдорларини Трампга овоз беришга ундамади.

Ҳейли ўз номзодини 2023 йил феврал ойида эълон қилган эди. У мунозараларда муваффақиятли иштирок этиб, Доналд Трамп номзодига муқобилини излаётган республикачиларнинг эътиборини тортди.

Рон ДеСантис дастлабки сайловларда муваффақиятсизликка учраганидан сўнг, Ҳейли Трампнинг партия ичидаги ягона рақиби бўлиб қолган эди. Ҳейли айрим ҳудудлардаги праймеризларда ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Ҳатто юқори чўққида рейтинги 20 фоизга етди.

5 март, «суперсешанба» куни Ҳейли 15 штатдан 14 тасида мағлубиятга учради, аммо умумий ғалаба учун назарий имкониятларни йўқотмаган эди. 

Ҳейлининг пойгадан чиқиши Доналд Трампга ўз қароргоҳи ва Республикачилар партияси аппарати ресурсларини бирлаштира олишини англатади – бу унга Жо Байденга қарши курашда асқатиши мумкин.

Аммо exit-poll натижаларига кўра, праймеризда Ҳейлини қўллаб-қувватлаган сайловчиларнинг тахминан учдан бир қисми ноябр ойида бўлиб ўтадиган умумий сайловларда Трампни қўллаб-қувватламоқчи эмас. 

Қорабоғдаги қайта қуришлар

Озарбойжон 2023 йилнинг сентябрида ўзига қайтариб олган Хонканди шаҳрида арман айирмачилари томонидан барпо этилган «парламент» биносини бузишга киришди.

Бузиш ишлари Озарбойжон ҳукуматининг фармойиши асосида амалга оширилмоқда.

Дунёда ҳеч ким, ҳаттоки Арманистон ҳам тан олмаган Тоғли Қорабоғ республикасининг «парламенти» биноси арман айирмачиларининг режими томонидан 1994 йилда қурилган эди. 2009 йилда бу бино тўлиқ реконструкция қилинган.

Озарбойжон 2020 йилдан буён давом этган аксилтеррорчилик операциялари давомида арман айирмачилари қўлидан Қорабоғни тўлиқ қайтариб олди. Энди бу ерни обод қилиш, инфратузилма объектлари қуриш бўйича катта ишларни бошлаган.

Мавзуга оид