Ўзбекистон | 15:30 / 07.03.2024
7780
2 дақиқада ўқилади

«Юксалиш» раҳбар аёллар рўйхатини тузди

«Юксалиш» ҳаракати Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институти экспертлари билан ҳамкорликда бошқарув тизимидаги раҳбар аёлларнинг Топ-40 рейтингини янгилади.

Фото: Юксалиш ҳаракати

Кучли қирқталик рўйхатни шакллантиришда экспертлар томонидан 300 нафардан ортиқ номзод фаолияти таҳлил қилинди. Улар меҳнат қилаётган ташкилотларнинг мамлакат сиёсий кун тартибини шакллантиришдаги, тармоқларда ўзгаришларни амалга оширишдаги институционал таъсир даражаси, фуқаролик жамиятидаги ўрни инобатга олинди. Натижада бугун сиёсий, ижтимоий-иқтисодий тармоқлар ривожига салмоқли ҳисса қўшаётган, соҳаларда муҳим вазифаларни бажариб келаётган 40 нафар раҳбар аёлларнинг йиллик рейтинги тузилди.

Рейтингга кирган аёллар турли соҳаларда фаолият юритади, жумладан, президент администрацияси тизимида – 4 нафар, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида – 4 нафар, Сенатда – 6 нафар, Вазирлар Маҳкамасида – 3 нафар, қўмиталар, идоралар ва марказларда – 11 нафар, сиёсий партиялар ва прокуратура органларида ҳар бирида биттадан, таълим соҳасида – 5 нафар, молия соҳасида – 3 нафар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида – икки нафардан вакил.

Рейтингдаги раҳбар аёлларнинг 6 нафари ўтган бир йил мобайнида мансаб пиллапояларидан кўтарилиб, юқори лавозимларга тайинланган.

Маълумотларга кўра, ҳозирда республика сиёсий партияларидаги хотин-қизларнинг улуши 47 фоизга, олий таълимда 48 фоизга, тадбиркорлик фаолиятида эса 37 фоизга етган. Раҳбарлик лавозимларда ишлаётган аёллар улуши 33 фоизни ташкил этади. 2 мингга яқин давлат ва жамоат ташкилотларига аёллар раҳбарлик қилмоқда. Бу рақамлар давлат ривожида, ижтимоий-сиёсий ҳаётда хотин-қизларнинг роли ва мавқеи ортиб бораётганидан далолат беради.

Рейтингдаги раҳбар аёллар танлаган касбида эндигина фаолиятини бошлаб, келажагини давлат бошқарувида кўраётган ёшлар учун намунадир.

Эслатиб ўтамиз, «Юксалиш» ҳаракати томонидан ҳар йили 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан бошқарувдаги раҳбар аёлларнинг Топ-40 талик рейтинги эълон қилиб келинади (аввалги йиллардаги рейтинглар билан қуйидаги ҳаволаларда танишиш мумкин: 2020, 2021, 2022 ва 2023).  

Шунингдек, 2023 йилда минтақа экспертлари кўмагида илк бор Марказий Осиёнинг етакчи аёллари рейтинги ҳам тузилганди.

Мавзуга оид