Байден — Путин ва Трампга: биз иттифоқчиларимизни ташлаб қўймаймиз
АҚШ президенти Жо Байден бўлажак сайловлар олдидан ўзининг сўнгги йиллик нутқи билан чиқиш қилди ва бу чиқишининг бошланиш қисмини уруш бошлаган Россия раҳбари Путин, шунингдек Доналд Трампнинг НАТО ва АҚШ иттифоқчилари тўғрисидаги баёнотларини танқид қилишга бағишлади.
АҚШ президенти Жо Байден 7 март куни конгресс қаршисида «Мамлакатдаги ҳолат ҳақида»ги (State of the Union) йиллик мурожаатини йўллади. Бир соатдан ортиқ чўзилган чиқиши вақтида президент Украинани қўллаб-қувватлаш, Владимир Путинга қарши курашиш, Яқин Шарқдаги можаро ҳамда АҚШнинг ички муаммолари ҳақида гапирди.
Байден ўз мурожаатини Украинадаги уруш мавзуси билан бошлаб, ўз чиқиши ва президент Франклин Рузвелтнинг 1941 йил январидаги чиқиш ўртасида параллеллар ўтказди. «Рузвелтнинг мақсади конгрессни уйғотиш ва Америка халқини бу [тарихдаги] оддий давр эмаслигидан огоҳлантириш эди. Ва ҳа, менинг бугунги мақсадим — ҳозир ҳам оддий паллалар эмаслигига ишонтиришдир», – деган Байден.
У ўз чиқишида Украина Россия тажовузини тўхтатиши мумкинлиги, аммо бунинг учун Вашингтон Киевга ҳарбий ёрдам тақдим этиши лозимлигини қайд этиб ўтган. У эркинлик ва демократия мамлакат ичкарисида ҳам, хорижда ҳам ҳужум объектига айланганини таъкидлаган.
«Хорижда Путин Украинага бостириб кирди ва бутун Европа ҳамда ундан ташқарида тартибсизлик келтириб чиқарди. Агар бу залдагилардан кимдир Путин тўхтайди деб ўйлаётган бўлса, сизни ишонтириб айтаманки, бундай эмас. Аммо Путинни Украина тўхтатиши мумкин, агар биз уларни қўллаб-қувватласак ва ўзини ҳимоя қилиши учун зарур қуролларни тақдим этсак. Бу Украина сўраётган бор нарса. Улар америкалик аскарларни сўраётгани йўқ, – деди Байден. – Аммо ҳозирда биз дунёдаги ўз етакчилигимиздан бош тортишимизни истаётганлар Украинага ёрдамни блокламоқда».
«Биз Путинни тўхтатишимиз даркор! Агар ҳозир Қўшма Штатлар кетса, Украина хавф остида қолади, Европа хавф остида қолади, эркин дунё хавф остида қолади», – дея қайд этган у ва конгрессни Украинага ёрдам тўғрисидаги қонун лойиҳасини тезроқ маъқуллашга чақирган.
Байден россияликлар президентига юзланган: «Мен Путинга оддий бир гапни айтмоқчиман: биз иттифоқчиларимизни ташлаб қўймаймиз. Биз таъзим қилмаймиз. Мен бош эгмайман!».
Украинани қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги сўзлар нафақат Демократик партия вакили бўлган конгрессменлар ва сенаторлар томонидан, балки айрим республикачилар томонидан ҳам олқишланган.
Байденни партиядошлари бутун нутқ давомида деярли ҳар бир жумладан кейин ўрнидан туриб қарсак чалишган.
Байден шунингдек Украинага ёрдамни блоклаётган конгрессменларни қоралаб, ўзидан олдинги президент Доналд Трампни танқид қилди. «Республикачи собиқ президент Путин ҳушига келганини қилиши мумкинлигини айтган. Менимча, бу аблаҳона, хавфли ва йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат!» – деган Байден.
Йил охирида ўтказиладиган сайловларда Байденга рақиблик қилиши кутилаётган Доналд Трамп яқинда тарафдорлари билан учрашув чоғида гўёки ўз президентлиги даврида Европадаги НАТО аъзоси бўлган давлати раҳбари билан суҳбати ҳақида эслаганди. Ўзининг айтишича, Трамп ўшанда агар бу давлатга Россия ҳужум қилгудек бўлса, Америка унга ёрдам бермаслиги, чунки бу мамлакат НАТОнинг ЯИМнинг 2 фоизини ҳарбий харажатларга ажратиш тўғрисидаги нормативини бажармаганини билдирган.
Байден Трампнинг ўша сўзларидан кейин дарҳол буни «ақлсизлик ва масъулиятсизлик» деб атаганди.
Доналд Трамп бунга ўз услубида жавоб қайтарди.
«У Путинга қарши тургани йўқ, у Украинани Путинга топширди!» – дея ёзган Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ва бу орқали нимани назарда тутганини очиқламасдан.
Трамп кейинги постларида тафсилотларга тўхталмасдан, Байден барча чиқишларида ёлғон гапираётгани, шунингдек у жанубий чегаралар муаммосини ҳал қилишни истамаслиги ва мамлакатни муҳожирлар билан тўлдиришни истаётганликда айблаган.
Мавзуга оид
23:44 / 22.11.2024
Путин «Орешник» ракеталари қуролланишга қабул қилиниши ва серияли ишлаб чиқарилишини эълон қилди
21:54 / 22.11.2024
«Крепкий орешник»: Путин тутиб қолиш имконсиз эканини айтган янги ракета ҳақида нималар маълум?
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
17:48 / 22.11.2024