Жаҳон | 15:33 / 08.03.2024
7624
2 дақиқада ўқилади

Чехия Украина бўйича позицияси туфайли Словакия билан учрашувларни тўхтатди

Аввалроқ Словакия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан ёпиқ учрашув ўтказиб, Киевга ҳарбий ва молиявий ёрдам беришдан бош тортишини маълум қилганди. Прагада бу учрашув «муаммоли» деб аталди.

Фото: Reuters

Чехия ҳукумати яқин ойларда Словакия вазирлар маҳкамаси билан қўшма йиғилишларни тўхтатмоқда. Бу ҳақда 6 март куни кечқурун Чехия вазирлар маҳкамаси маълум қилди. «Баъзи жуда муҳим масалаларда келишмовчиликлар борлигини яшириб бўлмайди», деди Чехия бош вазири Петр Фиала. Шунингдек, у Словакия ташқи ишлар вазири Юрай Бланар ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўртасида март ойи бошида Анталияда бўлиб ўтган ёпиқ учрашувни «муаммоли» деб ҳисоблашини қўшимча қилди.

Бунга жавобан Словакия бош вазири Роберт Фицо Чехия расмийларининг қарорини танқид қилди. «Биз словаклар ва чехлар ўртасидаги муносабатларга таҳдид уйғотадиган ёки чех-словакларнинг биргаликда яшашига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган бошқа сабаблар туфайли хавф келиб чиқишига йўл қўймаймиз», деди у 7 март, пайшанба куни CTK Чехия ахборот агентлигига.

Словакия ва Чехия 1993 йилгача ягона давлат эди. 2012 йилдан буён икки давлат ҳукуматлари мунтазам учрашувлар ўтказиб келмоқда. 

Роберт Фицонинг Украинага қарши курси 

Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери Словакия ҳукумати Киевга катта миқдорда гуманитар ва ҳарбий ёрдам кўрсатди. Россияпараст номзод Роберт Фицонинг популистик партияси 2023 йил октябр ойида бўлиб ўтган парламент сайловларида ғалаба қозонганидан сўнг Словакия ташқи сиёсати кескин ўзгарди. Бош вазир лавозимига киришганидан икки кун ўтиб Фицо Украинага ҳарбий ёрдам беришни тўхтатганини эълон қилди. 

Мавзуга оид