Жаҳон | 12:52 / 09.03.2024
7332
2 дақиқада ўқилади

Пентагон ўзга сайёраликлар мавжудлигини тасдиқловчи далил тополмади

Мудофаа вазирлиги ҳисоботига кўра, америкаликлар айғоқчи самолётлар ва космик технологиялар синовларини НУЖлар сифатида нотўғри қабул қилган.

Фото: Reuters

Пентагон ўзга сайёраликлар мавжудлиги ва АҚШ ҳукуматининг улар билан ўзаро алоқаси ҳақида ҳеч қандай далил тополмади. Департамент хулосалари 8 март, жума куни АҚШ Конгрессига Барча соҳаларда аномалиялар бўйича махсус бошқарма (AARO) томонидан тақдим этилди. Ҳисобот муаллифлари 1960-йилларда НУЖ ҳақидаги хабарлар кўпайишини Америка айғоқчи самолётлари ва космик технологиялар синовлари билан боғлаган.

Ҳисоботда айтилишича, НУЖ ҳақидаги кўплаб хабарлар «жавобсиз ёки номаълум қолмоқда». Бироқ, экспертларнинг фикрига кўра, «кўпроқ ва яхшироқ маълумотлар билан» бу ҳолатлар аксарияти текширилиши ва улар бегона ҳаракатлар билан боғлиқ эмас деган хулосага келиш мумкин. 

Бироқ, AARO улар ҳисоботи кўпчиликнинг ўзга сайёраликлар борлигига ишончини йўққа чиқармаслигини тан олди. 

Аввалроқ АҚШ разведкаси НУЖни миллий хавфсизликка таҳдид деб атаганди 

2021 йил июн ойида АҚШ разведкаси номаълум учувчи жисмлар АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлиги ҳақида ҳисобот чоп этди. Умуман олганда, 2004 ва 2021 йиллар оралиғида агентлик НУЖ кўринган бўлиши мумкин бўлган 144 та ҳолатни санаб ўтди, уларни изоҳлашнинг имкони йўқ.

Деярли бир йил аввал, 2020 йил август ойида Пентагон НУЖ кузатилиши ҳолатларини ўрганиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилганини эълон қилган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид