Бахтиёр Фозилов Газлидаги лойиҳанинг асосий бенефициари сифатида қолмоқда — Gazli Gas Storage
Ўзбекистондаги энг йирик газ сақлаш омборининг оператори ўз таъсисчиси ўзгарганига изоҳ берди. Маълум қилинишича, реструктуризациядан олдин ҳам, кейин ҳам Бахтиёр Фозилов асосий бенефициар бўлиб қолмоқда. Фозиловга алоқадор, мамлакатдаги асосий нефт қазиб олувчи Saneg улушларининг эгаси ҳам Ҳонгконгга кўчиб ўтган.
Ўзбекистондаги энг йирик газ сақлаш омбори – “Газли”ни бошқарувчи Gazli Gas Storage компанияси ўз таъсисчилари таркибида ўзгариш бўлганига муносабат билдирди.
Компания бу баёноти орқали “МЧЖнинг тахмин қилинган мавҳум иштирокчилари ҳақида ОАВда асоссиз ва туҳмат маъносидаги чиқишларга жавобан вазиятни аниқлаштириши”ни таъкидлаган.
Аввалроқ Kun.uz компаниянинг 60 фоизлик улуши Россиянинг “Форус” акциядорлик жамиятидан Ҳонгконгда таъсис этилган Daxon Holdings Limited'га ўтгани ҳақида хабар берганди (қолган 40 фоиз улуш “Ўзбекнефтгаз”га тегишли). Gazli Gas Storage баёнотида айтилишича, бу ўзгариш 2023 йил октябр ойидаги корпоратив реструктуризация билан боғлиқ.
“Бахтиёр Фозилов реструктуризациядан олдин ҳам, кейин ҳам асосий бенефициар сифатида қолмоқда. “Gazli Gas Storage” МЧЖ санкциялар остида бўлган шахсларга ҳеч қачон тегишли бўлмаган”, – дейилади баёнотда.
Ҳонгконгга релокация бўлиш тўғрисидаги қарор Хитой компаниялари билан кенг кўламли бизнес алоқалари ўрнатилгани билан изоҳланган.
“Ҳонгконгда қонуний рўйхатдан ўтиш ҳисоб-китобларни ва қўшимча молиялаштиришни жалб қилишни, бизнесни янада ривожлантириш учун ускуналар сотиб олишни осонлаштиради. Бундан ташқари, қайта ташкил этиш бошқарув шаклини соддалаштиради ва уни халқаро инвесторлар ва контрагентлар учун янада шаффоф ва мақбул қилади”, – дейилади расмий хабарда.
Компания фаолияти Газли газ сақлаш омборининг сиғимини 3 миллиарддан 10 миллиард метр кубгача ошириш, Газли конининг газ горизонтлари ва нефт қатламларини қўшимча қидириш ва қўшимча ишлаб чиқишга қаратилган. Компания бу борада эришган натижаларини келтириб ўтган.
“Хорижий инвесторларнинг 310 миллион доллар миқдоридаги сармоялари ўз натижасини берди: газ омборининг қуввати 50 фоизга ошиб, 4,5 миллиард метр кубга етди. Биринчи уч йилда нефт қазиб олиш асосий режадан 25-30 фоизга ошди, натижада 47 000 тонна нефть қазиб олинди ва газ қазиб олиш 550 миллион метр кубга етди, бу эса Ўзбекистон ички бозорининг ривожланишига ёрдам беради”, – дея қайд этган Gazli Gas Storage.
Қўшимча қилинишича, бугунги кунга қадар 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилган ва яна 100 та иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Баёнотда компания бошқаруви таркиби ҳақида ҳам маълумот берилган. Унга кўра, Жабриев Отабек Акбаралиевич – бош директор, Сайдазимов Маҳаматхўжа Ҳабибуллаевич – бош директор биринчи ўринбосари, бош муҳандис, Братукхина Ирина Анатолевна – бош директорнинг молиявий масалалар бўйича ўринбосари ҳисобланади.
“Саноат энергетика гуруҳи” таъсисчиси ҳам Ҳонконгга кўчган
Kun.uz'нинг эътибор қаратишича, охирги ойларда Ўзбекистондаги кўплаб нефт конларини назорат қилувчи “Саноат энергетика гуруҳи” таъсисчиси ҳам Ҳонгконгга кўчган. 2022 йил май ойида берилган расмий маълумотга кўра, Ўзбекистонда нефт қазиб чиқаришнинг тахминан 80 фоизи 103 та нефт-газ конига эгалик қилувчи ушбу гуруҳ ҳиссасига тўғри келади.
2024 йил 9 январ ҳолатига, “Саноат энергетика гуруҳи” МЧЖнинг 98 фоиз улуши Кипрда очилган Belvor Holdings Limited'га, 2 фоизи Швейцарияда таъсис этилган Gas Project Development Central Asia AG'га тегишли бўлган. 2024 йил 28 феврал ҳолатига кўра эса, 50,7 фоиз улушга “Саноат энергетика гуруҳи Энера” МЧЖ ҚК, 49,3 фоиз улушга Belvor Holding Co HK Limited эгалик қилган. 2024 йил 11 март ҳолатига, бу иккала таъсисчи ўз улушлари миқдорини алмашганини кўриш мумкин: Belvor ҳолдинги – 50,7 фоиз, SEG Enera – 49,3 фоиз.
Интернетдаги маълумотларга кўра, Belvor Holding Co HK Limited 2022 йил 17 ноябрда Ҳонгконгда таъсис этилган.
“Саноат энергетика гуруҳи Энера” МЧЖ ҚК 2022 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг 99 фоиз улуши, 2023 йил 27 июл ҳолатига, Belvor Holdings Limited'га, 1 фоизи Фозилов Бахтиёр Шуҳратовичга тегишли бўлган. Айни пайтда компаниянинг 99,5 фоиз улуши Belvor Holding Co HK Limited'га ўтган, Кипрдаги Belvor Holdings Limited'да 0,5 фоиз улуш қолган.
SEG Enera'нинг инвестицион активлар портфелидан Қоракўлдаги MTO ва ArkChemical газ-кимё мажмуалари, Ferkensco (минерал ўғитлар), Triangul Metals (тоғ-кон), Yerdan Energiya (электр энергетикаси), Tashkent International Medical Center (Тошкент халқаро тиббиёт маркази) каби лойиҳалар ўрин олган.
Операцион активлар қаторида эса Saneg (Ўзбекистонда нефт қазиб олишнинг 80 фоизини ўзида жамлаган 103 та кон ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи), Silk Road Samarkand (“Боқий шаҳар” мажмуаси), Air Marakanda (Самарқанд халқаро аэропорти оператори), “Ҳумо” аренаси, TEG Central Asia (логистика), ADL-Ulanish (логистика), Tepelen Group (электр энергетика), Jizzax Organic (қишлоқ хўжалиги), SUIT (Самарқанд халқаро технология университети), OsiyoTech (ахборот технологиялари) кўрсатиб ўтилган.
2021 йилда Россиянинг “Коммерсант” нашри Кипрдаги корпоратив реестрга таяниб Belvor ҳолдинги Бахтиёр Фозиловга тегишли экани ҳақида ёзган.
Мавзуга оид
20:03 / 22.11.2024
Газ қазиб олишнинг қисқариши 2 млрд кубга яқинлашди, нефт ва бензин ишлаб чиқариш ҳам камайиб боряпти
15:18 / 20.11.2024
Ёқилғи қуйиш ва газ тўлдириш шохобчалари бўйича мобил илова ишга туширилди
10:56 / 20.11.2024
Ўзбекистонда уч йилда 10 та йирик қуёш ва шамол станциялари ишга туширилди
17:22 / 19.11.2024