Ўзбекистон | 18:59 / 11.03.2024
15864
1 дақиқада ўқилади

Бектемир туманига янги ҳоким тайинланди

Чилонзор туманидаги маҳаллада ҳоким ёрдамчиси бўлган Нурилла Абдураҳмонов Бектемир тумани ҳокимига айланди. Туман раҳбарлиги Тапил Маҳамадзияев ишдан олинганидан кейин бир ойдан ошиқ вақт давомида бўш қолаётганди.

Фото: Тошкент шаҳри ҳокимлиги

11 март куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Халқ депутатлари Бектемир тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Бектемир туманига ҳоким тайинлаш масаласи кўриб чиқилди.

Сессияда ҳозиргача Чилонзор тумани Гавҳар маҳалласида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаган Нурилла Абдураҳмонов Бектемир тумани ҳокимлигига тасдиқланди.

Нурилла Абдураҳмонов 1981 йилда Тошкент вилоятида туғилган, маълумоти олий. Шу кунга қадар Миробод, Чилонзор ва Яккасарой туман ҳокимликларида қатор масъул вазифаларда фаолият юритиб келган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил июл ойидан буён Бектемир тумани ҳокими лавозимида ишлаган Тапил Маҳамадзияев 2024 йил феврал ойида ишдан олинганди.

Мавзуга оид