Ўзбекистон | 18:55 / 11.03.2024
11340
2 дақиқада ўқилади

Мактабларда давомат 97,7 фоизга етди — Миллий гвардия

Таълим-тарбия борасидаги мажбуриятларни бажармаган 124 минг ота-она расмий огоҳлантирилган, 4 мингга яқини маъмурий жавобгарликка тортилган. 

Фото: Миллий гвардия

Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги ҳамда Миллий гвардия ҳамкорлигида жорий йилнинг 6-8 феврал кунлари ўтказилган дастлабки ўрганишларда 188 минг ўқувчи дарсга сабабсиз келмагани аниқланган. Бу ҳақда Миллий гвардия ахборот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаров маълум қилди. 

Қайд қилинишича, таълим-тарбия борасидаги мажбуриятларни бажармаган 124 минг ота-она расмий огоҳлантирилган, 4 мингга яқини маъмурий жавобгарликка тортилган. 

6 февралдан 7 мартга қадар 1 млн 769 минг нафар ўқувчи мактабга қайтарилган. Республика буйича давомат 97,7 фоизга етган.

Мактабларда хавфсизликни таъминлаш борасида янги иш тизими жорий қилинган. Олдин мактаб қоровули фақат тунги пайтда мактабда ўтириш билан чегаралган бўлса, ҳозир кундузги вақтда ҳам хизмат қилиб, мактабга бегоналар киришини олдини олиш, кириш-чиқиш ва ички тартибни назорат қилиш билан шуғулланмоқда. Сўнгги ҳафтада республика бўйича 6 та ҳолатда мактабга бегоналар киришининг олди олинган. Барча холат бўйича айбдор шахсларга қонунчиликда белгиланган жиноий ва маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилган. 

Эслатиб ўтамиз, 5 феврал куни президент ҳузурида ижтимоий соҳалардаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида, мактаблардаги тарбия ва маънавият масаласига алоҳида урғу берилиб, дарслардаги давомат 70 фоизни ташкил этаётгани ва ўтган йили мактаб ўқувчилари ўртасида 2 минг 280 та жиноят содир этилганига танқидий баҳо берилган эди.  

Шундан сўнг, Миллий гвардияга ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали уларда «ҳуқуқбузарликка қарши иммунитет» ҳосил қилиш, мактаблардаги ахлоқий-руҳий муҳитни ўрганиш, «мактаб - оила - маҳалла» занжирини мустаҳкамлаш ва давоматни яхшилашга кўмаклашиш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Мавзуга оид