Орбан Трамп Россияга қарши курашга «сариқ чақа» ҳам сарфламоқчи эмаслигини айтди
Яқинда Доналд Трамп билан учрашган Венгрия бош вазири Виктор Орбан собиқ президентнинг Украинага муносабати тафсилотларидан хабардор эканини маълум қилган. У Трамп президентлик сайловида ғалаба қозонадиган тақдирда, АҚШ Украинага пул беришни тўхтатиши ҳамда «уруш тугаши» ҳақида гапирди.
Венгрия бош вазири Виктор Орбан Доналд Трамп АҚШ президентлиги учун сайловларда ғолиб бўлса, Украинага ҳарбий ёрдам сифатида «бирор цент» ажратмаслигини маълум қилди.
Орбаннинг сўзларига кўра, ҳарбий ёрдам тўхтатилиши урушни тўхтатишга ёрдам беради.
«Унинг жуда аниқ нуқтайи назари бор ва унга қўшилмасдан бўлмайди, — деган Орбан маҳаллий Magyar Nemzet газетасига берган интервюсида. — У шундай дейди: биринчидан, у Украина-Россия уруши учун сариқ чақа ҳам бермоқчи эмас. Шунинг учун уруш ҳам тугайди — ахир Украина мустақил дош бера олмаслиги аниқ. Ва агар америкаликлар европаликлар билан биргаликда пул ва қурол бермаса, унда уруш якунланади. Агар америкаликлар пул бермаса, унда европаликларнинг ўзи бу урушни молиялаштира олмайди. Ва шунда уруш ниҳоясига етади».
Орбан, катта эҳтимол билан Трампнинг фикрини назарда тутган ҳолда «агар европаликлар россияликлардан қўрқса ёки умуман юқори даражадаги хавфсизликни таъминламоқчи бўлса, унда бунинг учун ўзлари тўлаши кераклиги» ҳақида гапирган.
«Ёки ўз армиясини ва ўз техникасини яратсин, ёки, агар бунинг учун америкаликлардан фойдаланмоқчи бўлишса, улар хавфсизлик учун америкаликларга тўлашсин», — деган Орбан.
Демократ президент Жо Байденнинг маъмурияти, худди Европа Иттифоқи ва иттифоқ аъзолари бўлган йирик давлатлар раҳбарияти каби — «ҳарбийлашган», деган у ва шундай қўшимча қилган: «Доналд Трамп тинчлик тарафдори, Венгрия ҳам тинчликни ёқлайди. Асосий фарқ шунда».
Орбан Трамп ҳали сайловларда ғалаба қозонмаган бўлса-да, унинг тарафдорлари бўлган республикачилар партияси аъзолари конгрессда аллақачон демократларга урушни молиялаштиришга халақит бераётганини қайд этган.
Путиннинг дўстлари
Россия президенти Владимир Путин ҳақида бир неча бор илиқ фикрлар билдирган Трамп бир кун ичида Россиянинг Украинага қарши урушини тўхтата олиши ҳақида айтган. Аммо у буни айнан қандай йўл билан амалга оширмоқчи эканига ойдинлик киритмаган.
Бу вақтда Трампнинг Конгрессдаги тарафдорлари Киевга ҳарбий ва молиявий ёрдам ажратиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини блоклашда давом этмоқда.
Орбан эса Европа иттифоқига аъзо мамлакатлар раҳбарлари орасида Путинни қўллаб-қувватловчи ягона президент бўлиб қолмоқда.
У ҳам бир неча бор Украинага ёрдам кўрсатилишига қаршилигини билдирган ва ўтган ойда Евроиттифоқнинг Киевга кенг кўламли молиявий ёрдам пакети ажратиш тўғрисидаги қарорини блоклаганди. Венгрия фақат Евроиттифоқнинг қолган етакчилари махсус саммитда Орбанга унинг бу борадаги позициясига йўл қўйиб бўлмаслигини билдиришганидан кейин ўз ветосини бекор қилишга рози бўлди.
Виктор Орбан 8 март куни Доналд Трамп билан унинг Флоридадаги қароргоҳида учрашган. Учрашувдан кейин Орбан Twitter саҳифасида шундай ёзган: «Бизга бутун дунёда ҳурматга сазовор ва тинчликка эриша оладиган етакчилар керак. Ва у (Трамп) — айнан шундай одамлардан бири. Қайтинг ва бизга тинчликни қайтаринг, жаноб президент». Трамп эса ўзига тегишли бўлган Truth ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Орбанни «ажойиб етакчи» деб атаган.
Мавзуга оид
09:19
Италиядаги хушманзара қишлоқ Трамп бошқарувидан норози америкаликларга 1 доллардан уй таклиф қилмоқда
22:59 / 26.11.2024
Украина – Жанубий Корея: кутилмаганда пайдо бўлган иттифоқ
19:07 / 26.11.2024
Украина армиясига ёлланган британиялик Россияда асирликка тушди
18:06 / 26.11.2024