Жаҳон | 20:05 / 12.03.2024
16606
8 дақиқада ўқилади

ҲАМАСга ташланаётган Нетаняҳу, НАТОнинг Макронга жавоби ва Россиянинг ҳарбий салоҳияти — кун дайжести 

Дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз. 

Фаластиндаги вазият

БМТ вакили Исроил Фаластин халқини атайлаб очлик билан қийнамоқда, дея баёнот берди.

Ташкилотнинг озиқланиш ҳуқуқи бўйича махсус докладчиси Майкл Фаҳри БМТнинг Женевадаги бўлимида журналистлар билан учрашиб, Исроил ҳужумларига дучор бўлаётган Ғазодаги сўнгги воқеалар ва озиқ-овқат кризиси бўйича маълумотлар билан бўлишди.

БМТ докладчиси Фаҳрининг хабар қилишича, Исроил атайлаб Ғазо халқини очлик исканжасида қолдириб қийнамоқда. Фаҳрининг қайд этишича, «инсонларни озиқ-овқатдан атайлаб мосуво қилиш — шубҳасиз ҳарбий жиноятдир».

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан келтирилаётган маълумотларга кўра, сўнгги бир сутка ичида Ғазода 67 киши ўлдирилган, 106 киши ярадор қилинган.

7 октябрдан буён Исроил агрессияси қурбонлари сони 31 минг 112 нафарга етган. 72 минг 760 киши турли даражада ярадор қилинган. Исроил агрессияси қурбонларининг 72 фоизи — 22 мингдан ортиғи болалар ва аёллардир. Вазирлик, шунингдек, Ғазода очлик ва ташналикдан ўлганлар сони 25 кишига етганини таъкидлаган. 

Исроил раҳбарлари баёнотлари

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу араб давлатлари ҲАМАСнинг йўқ қилинишини тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлаган. У буни немисларнинг Bild нашрига берган интервюсида таъкидлаб ўтган.

«Мен минтақамиздаги давлатлар етакчилари билан суҳбатлашганимда улар ҲАМАС — Эроннинг террористик тармоғининг бир бўлаги эканини моҳиятан тушуниб туришгани ва уларга ҳам бизга ҳам таҳдид солаётган бир ташкилот эканини тасдиқлашади», — деган Нетаняҳу Исроилни ўраб турган араб давлатларини назарда тутиб.

Нетаняҳу миллиондан ортиқ фаластинлик қочқинлар қочиб ўтган Рафаҳ шаҳрига бостириб кириш ва Ғазо секторида урушни давом эттиришни қўллашини билдирган ҳамда Ғазо аҳолисининг азоб-уқубатларида Исроил армияси эмас, айнан ҲАМАСни айблаган

«Биз учун бу трагедия, улар учун бу стратегия», деган Нетаняҳу. Ғазода очлик рўй бераётгани тўғрисидаги ахборотларни эса тўлиқ рад этган. Шунингдек, Нетаняҳу Фаластин мустақил араб давлати бўлишига кескин қарши чиққан.

Бу орада Исроил БМТ хавфсизлик кенгашидан ҲАМАСни террорчилик ташкилоти деб тан олишни талаб қилган. Бу ҳақда Исроил ташқи ишлар вазири Исроил Кац ҲАМАС томонидан гаровга олинган исроиллик фуқароларнинг қариндошлари қуршовида БМТ хавфсизлик Кенгашининг махсус йиғилишида чиқиш қилиб, ҳаракат етакчиларига қатъий санкциялар жорий этишга ҳам чақирган.

Исроил томонининг фикрича, ҲАМАС гаровга олинган фуқаролардан қалқон сифатида фойдаланмоқда. Исроил Кац эса БМТ ҲАМАСнинг ҳаракатлари бўйича узоқ вақтдан буён сукут сақлаб келаётгани, ўтган йилнинг 7 октябридан буён БМТ 40 дан ортиқ йиғилиш ўтказиб, бирор марта ҲАМАСни қораламаганини тилга олиб ўтган. 

Америкада Украинага ёрдам масаласи

Америкада яна Украинага зудлик билан ёрдам кўрсатиш масаласи кун тартибига чиқди

«Агар АҚШ Украинага ёрдам беришни пайсалга солса, 2024 йилда биз янада кўпроқ Авдийивкаларни кўрамиз», — деган АҚШ Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Уилям Бёрнс. Унинг қўшимча қилишича, агар Украинага зудлик билан ёрдам берилмаса, бу АҚШ учун тарихий хато бўлади.

Америка махсус хизматлари Киевнинг ҳарбий салоҳияти борган сари сусайиб бормоқда, деб ҳисоблашмоқда.

«Украинанинг Авдийивкадан чиқиб кетиши ва унинг бошқа ҳудудларни қўлдан чиқармасликка бўлган уринишлари сўнгги бир нечта ҳафта ичида ташқи ҳарбий ёрдамларнинг камайиб бориш фонида Украинанинг ҳарбий салоҳияти емирилиб бораётганини кўрсатиб берди», — деган АҚШ Миллий Разведкаси директори Эврил Ҳейнс АҚШ Конгресси Сенатининг разведка бўйича махсус қўмитаси эшиттирувларида. 

НАТОнинг Макронга жавоби

НАТОнинг бирорта давлати алянснинг бошқа иштирокчилари розилигисиз Украинага қўшин жўната олмайди, деган НАТО бош котиби Йенс Столтенберг. НАТО бош котиби Франция президенти Эммануэл Макроннинг Украинага қўшин киритиш бўйича баёнотларига шундай жавоб берган.

Столтенбергнинг алоҳида таъкидлашича, НАТОда ҳанузгача Украинага қўшин киритиш бўйича бирор режа йўқ, чунки алянс ўзини «можаро томонларидан бири» деб ҳисобламайди.

Алянс раҳбарининг сўзларига кўра, агар НАТОга аъзо давлатлар индивидуал тартибда Украинага қўшин жўнатган тақдирда ҳам, бу алянс бўйича иттифоқчиларнинг барчасига таъсир кўрсатади, чункилар улар коллектив мудофаа пакти билан ўзаро боғланган. 

Зеленскийнинг баёнотлари

Украина президенти Володимир Зеленский Франциянинг BFM-TV телеканалига берган интверюсида мамлакат қуролли кучлари ўқ-дори етишмовчилиги билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келганини айтган.

Зеленский Макроннинг ғарб давлатлари Украинага ёрдамга қўшин жўнатиш ҳақидаги баёнотини шарҳлар экан, «Украина ўз ҳудудида хорижий қуролли кучларга муҳтож эмаслиги, уларга кўпроқ ўқ-дори керакли экани»ни таъкидлаган. НАТО давлатларидан мураббийлар ва техник персоналга эҳтиёж борлигини айтиб ўтган.

Зеленскийга кўра, узоқдан нишонга олувчи қуроллар борасида Россия айни дамда Украинадан 20 км илғорроқ.

Украина президенти Россиянинг қарши ҳужуми тўхтатилгани, фронтда айни дамдаги ҳолат олдинги уч ойга нисбатан анча яхши эканини қайд этиб ўтган.

Зеленский Путин реалликдан узилиб қолганини айтган. «Европа етакчиси чиқиш қилиб турган жойдан бир неча юз метр жойга қанотли ракета билан зарба бериш учун менимча, инсон жуда касал бўлиши керак», деган Зеленский.

Украина президенти айни дамда фронтга тин олишга йўл қўймаслик кераклигига урғу берган. «Сулҳ Путин учун «тин олиш» бўларди, чунки у ўз армиясининг жанговар ҳолатини тиклаб, ўқ-дори ишлаб чиқаришни кўпайтириб олган бўларди. 

Россиянинг ҳарбий салоҳияти

Юқоридаги АҚШ, НАТО ва Зеленскийнинг баёнотлари бекорга янграмаяпти. Чунки ўз иқтисодиётини ҳарбий релсга ўтказиб олган Россия АҚШ ва Европа Иттифоқи Украинага етказиб бериши мумкин бўлганидан 3 баробар кўп снаряд ишлаб чиқармоқда.

Бир ойда Россия 250 минг дона, бир йилда эса 3 миллионга яқин артиллерия снарядлари ишлаб чиқармоқда, деб хабар берган CNN канали НАТО разведкасига асосланиб. Ўз навбатида АҚШ ва Европа Иттифоқи биргаликда бир йилда Украинага жўнатиш учун 1,2 млн снаряд ишлаб чиқара олиши мумкин холос.

Суҳбат асносида НАТО вакили вазиятни «ишлаб чиқаришлар уруши» деб атаган. Унинг фикрича, Украинадаги уруш якуни томонларнинг тайёргарлигига боғлиқ бўлади. АҚШ 2025 йилнинг сўнгига қадар ўз олдига ойига 100 минг снаряд ишлаб чиқариш вазифасини қўйган. Ҳозирча ҳаттоки шу мақсадга эришиб бўлмайди, чунки Конгресс Украинага 60 млрд долларлик ёрдам пакетини ҳанузгача тасдиқлагани йўқ.

2022 йилнинг февралидан буён давом этаётган урушда қурол-яроғ танқислиги бўй кўрсатди, деб ёзади CNN. Россия фронтнинг олд чизиғида ташаббусни ўз қўлига олди, фронт ортида эса унинг ҳарбий ишлаб чиқариш комплекси тўлиқ қувват билан ишламоқда. НАТО маълумотларига кўра, Россиядаги мудофаа секторида 3,5 млн киши меҳнат қилмоқда, бу урушгача бўлган даврдан 1 млн кишига кўпроқ.

Ғарб давлатлари эса энди-энди ишлаб чиқариш инфратузилмасини йўлга қўя бошлаган.

Мавзуга оид