Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари йил бошидан буён 2,37 млрд долларга камайди
Йил бошидан буён Ўзбекистоннинг захира активлари қиймати 34 млрд 564 млн доллардан 32 млрд 195 млн долларгача ёки 6,85 фоизга қисқарди. Маблағларнинг бир қисми 2019 йилда муомалага чиқарилган суверен евробондларнинг бир қисмини сўндиришга йўналтирилган.
Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро валюта захираларига оид маълумотларни янгилади. Унга кўра, 1 март ҳолатига, Ўзбекистоннинг расмий захиралари 32,2 млрд долларни ташкил қилди.
Захиралар февраль ойига нисбатан деярли 1,22 млрд долларга, йил бошидан бери эса 2,37 млрд долларга камайган.
Йил бошидан бери олтин захиралари қиймати 24,63 млрд доллардан 24,09 млрд долларгача пасайган. Ўз навбатида олтиннинг физик ҳажми 11,9 млн троя унция миқдорида ўзгаришсиз қолган.
Шунингдек, хорижий валюта захиралари қиймати 9,37 млрд доллардан 7,55 млрд долларгача қисқарган.
“Халқаро захиралар ҳажмидаги йил бошига нисбатан ўзгаришлар мавсумий тусга эга бўлиб, одатда январь-февраль ойларида кузатиладиган тенденция ҳисобланади. Шунингдек, мазкур динамикага 2019 йилда муомалага чиқарилган суверен евро облигациялар бир қисмининг сўндирилиши ҳам таъсир кўрсатган”, дейилади Марказий банк изоҳида.
Мавзуга оид
15:16 / 24.11.2024
Фарғонада ноқонуний валюта савдоси билан шуғулланганлар ушланди
19:37 / 31.10.2024
«Валюта курсининг 1 фоизга қадрсизланиши инфляцияга 0,3-0,4 фоиз таъсир кўрсатиши мумкин» - МБ раиси
16:07 / 22.08.2024
Муомаладаги нақд пул миқдори биринчи марта 50 трлн сўмдан ошди
14:31 / 08.08.2024