Ғазода оташкесим бўйича янгиликлар, АҚШнинг Украинага янги ёрдами ва Путиннинг баёнотлари — кун дайжести
Сўнгги кун ичида дунёда содир бўлган энг муҳим воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотлар шарҳи одатдагидек кундалик дайжестимизда.
Ғазодаги вазият
БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкиллаштириш бўйича Яқин Шарқдаги агентлиги бош комиссари Филипп Лаззарини 7 октябрдан буён Ғазода ўлдирилган болалар сони дунёда сўнгги 4 йилда бўлиб ўтган жамики урушларда ўлган болалар сонидан ҳам ошганини эълон қилди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроил етакчилари Ғазода ўлдирилган болалар учун жавоб бериши шартлигини таъкидлади.
Эрдўғаннинг сўзларига кўра, сўнгги 17 йиллик қамал чоғида Ғазони очиқ осмон остидаги қамоқхонага айлантирган Исроил анклавни сўнгги 5 ой ичида фақат Иккинчи жаҳон уруши даврида кузатилган йирик концлагерга айлантирган.
«Бу ҳақида фақат биз гапираётганимиз йўқ, кимда виждон бўлса ҳаммасини кўриб турибди. Нетаняҳу ва унинг қотиллари тармоғи биз бу ҳақда гапирсак ташвишга тушиб қолишмоқда ва бизга антисемит ёрлиғи ёпиштириш пайида бўлишмоқда. Лекин улар Эрдўғанга ҳақиқатни сўзлашга халақит қила олмайди. Бугун золимни золим, қотилни қотил дейишимизга монелик қила олишмайди. Бизга ҳужум қилиб геноцид фактини яширишга уриниш ўрнига, Исроил ҳукмдорлари Ғазода очлик ва ташналикдан ўлаётган гўдаклар учун жавоб беришлари керак», — деган Туркия президенти.
Ғазо учун музокаралар
ҲАМАС АҚШнинг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ташаббусига рози бўлди, деб хабар қилди Al Arabiya нашри.
Нашрнинг номи ошкор қилинмаган манбасига кўра, бу режа анклавда ҳарбий ҳаракатларни бутунлай тўхтатиш ва гаровга олинганларни босқичма-босқич озод қилишни назарда тутади.
Аммо Қатар томони бу хабарларни рад этган ҳолда, сулҳ шартномаси томон бирор силжиш йўқлигини таъкидлаган.
Қатар томони Ғазода тинчлик ўрнатилиши учун олиб борилаётган музокараларда воситачилардан бири ҳисобланади. Уларга кўра, Исроил ва ҲАМАС Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилиш бўйича битимга асло яқин эмас. Яъни вазият «жуда мураккаб»лигича қолмоқда.
«Биз келишувга яқинлашганимиз йўқ, бу эса томонлар келишувни амалга ошириш бўйича жорий зиддиятларни ҳал қилиш учун ягона фикрга келганини кўрмаётганимизни билдиради», — деган Қатар ташқи ишлар вазирлиги вакили Мажид ал-Ансорий.
Украинага ҳарбий ёрдам
АҚШ Украинага 300 млн долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Reuters’га кўра, пакетни молиялаштириш яқинда қилинган харидлар учун Пентагонга қайтарилган кредитлар ҳисобидан бўлади.
«Бугун мен президент Жо Байден номидан Украинанинг айрим критик эҳтиёжларини қондириш учун 300 млн долларлик қурол-яроғ ва ускуналардан иборат шошилинч ёрдам пакетини эълон қиламан», — деган АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан.
Politico нашрига кўра, пакетга эса кассетали ракеталари 160 км масофага уча оладиган эски ATACMS тизимлари, шунингдек, 155 мм диатермли гаубицалар учун қўшимча снарядлар ва HIMARS бирваракайига ўт очиш тизими учун ракеталар киритишини маълум қилган.
АҚШ томонидан сўнгги 250 млн долларлик пакет декабр ойининг охирида Украинага ажратилган эди. Бу ёрдамни Конгресс 2022 йилдаёқ тасдиқлаганди. Украинага янги ёрдам ажратиш масаласи ҳозир боши берк кўчага кириб қолган. Ажратилаётган бу ёрдам ҳам Украинага 1-2 ҳафтага етади холос.
Дарвоқе, хабарларга кўра, Европа Иттифоқи давлатлари Украинага 5 млрд евролик янги ёрдам пакетини келишишга жуда яқин келишган.
Полша Чехиянинг Украина учун снарядлар сотиб олиш ташаббусига қўшилди, деб хабар беради Bloomberg.
«Ҳа, биз бунда иштирок этяпмиз», — деган Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский Вашингтонда .
Эслатиб ўтамиз, феврал ойининг ўрталарида Мюнхен конференцияси чоғида Чехия президенти Петр Павел бир неча ҳафта ичида Украинага 500 мингта 155 ммли, 300 мингта 122 ммли артиллерия снарядлар тўплаш ташаббусини илгари сурган ва бунинг учун пул йиғишни бошлаб юборганди. Ҳозирга келиб ушбу ташаббусни Европанинг 18 та давлати қўллаб-қувватлаган.
Путиннинг уруш ҳақида баёнотлари
Россия президенти Владимир Путин ядровий уруш бошлаш учун ўз армияси «техник» жиҳатдан тайёр эканини эълон қилган. Аммо ядровий қуролларни Украинадаги уруш чоғида қўлламаймиз, деган Путин
«Ҳарбий-техник жиҳатдан олиб қаралса, биз, албатта, ядровий урушга тайёрмиз. Ядровий кучларимиз доим жанговар шай ҳолатда бўлади», — деган Путин пропагандачи Дмитрий Киселёвга берган интервюсида.
Лекин Россия президенти Украинага қарши урушда тактик ядровий қуроллардан фойдаланишга эҳтиёж йўқлигини таъкидлаган, ҳаттоки бундай фикр калласига ҳам келмаганини айтган.
Путин Россия давлатининг мавжудлигига дахл қилинса, унинг суверенитети ва мустақиллигига зарар етказилса, ядровий қуролдан фойдаланишини таъкидлаган.
«Бу нарсалар бизнинг стратегиямиздан аллақачон ёзиб қўйилган, биз ҳеч нарсани ўзгартирганимиз йўқ», — деган Путин.
Қайд этиб ўтиш керак, сўнгги икки кун ичида Украина пилотсиз парвоз қурилмалари билан Россиянинг ичкарисидаги учинчи нефтни қайта ишлаш инфратузилмасига зарба берган. Бу марта Украина чегарасидан 500 км олисда жойлашган Рязан шаҳридаги нефт заводига учта дрон билан зарба берилган.
Сўнгги зарбалар Россияда ишлаб чиқарилаётган нефт маҳсулотларининг 5 фоиз қисмига ўз таъсирини ўтказиши айтилмоқда.
Путин сўнгги дрон зарбаларини Украина унинг бешинчи муддатга президент этиб сайланишига халақит бериш мақсадида уюштирмоқда, деди.
«Уларнинг бош мақсади, мен бунга шубҳа қилмайман, агар Россиядаги президентлик сайловларини барбод қилиш бўлмаса ҳам, рус халқининг ўз иродасини намойиш этиб, сайловда нормал овоз беришига қандайдир халақит қилиш», — деган Путин пропагандачи Дмитрий Киселёвга берган интервюсида.
Санкцияга амал қилмаслик учун жазо
Европа парламенти санкцияларни айланиб ўтиш учун жиноий жавобгарлик белгилаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Ҳужжат Европа Иттифоқи томонидан жорий қилинган санкцияларни барча аъзо давлатларда муштарак қилиш, уларни бузиш учун ягона жазо чоралари белгилашга қаратилган.
Жумладан, қуйидаги ҳолатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланиши назарда тутилмоқда:
- Санкция остидаги шахсларнинг маблағлари ва бошқа молиявий активларини музлатиш (блоклаш)дан бўйин товлаш;
- Қурол-яроғ эмбаргосига ва сафар уюштиришга тақиқларга амал қилмаслик;
- Санкция остидаги шахсларга маблағ ўтказиб бериш;
- Чеклов чоралари жорий этилган давлатларнинг давлат корхоналари билан бизнес олиб бориш;
- Санкцияларни бузган ҳолда молиявий ва юридик маслаҳат хизматларини тақдим этиш.
Ҳужжатда инсонпарварлик ёрдами етказиш ёки аҳолининг базавий эҳтиёжларини таъминлаш санкция режимини бузиш сифатида тан олинмаган.
Санкцияларни бузиш ва айланиб ўтиш учун Европа Иттифоқи давлатларида жисмоний шахсларга 5 йилгача озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазо қўлланади. Компанияларга эса жарималар қўлланади, боз устига Европа Иттифоқи давлатлари судларга корхонанинг йиллик айланмаси ва «абсолют максимал суммалар»дан келиб чиқиб жарималар белгилаш ҳуқуқини бериши мумкин.
Ҳужжат пресс-релизида ташаббус Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилиш имконини беради, дейилган. Financial Times нашри сал аввалроқ Европа Иттифоқи музлатилган Россия активларидан олинган даромадларнинг бир қисми (2-3 млрд евро)ни июн ойида Украинага беришни режалаштираётганини ёзган эди.
Мавзуга оид
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024
Ғазодаги ҳарбий назорат, Украина урушига 1000 кун ва ATACMS билан Россияга илк зарба — кун дайжести
14:03 / 19.11.2024