Кашмир масаласи нега бунчалик чигал?
Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги диний ва маданий зиддиятлар ечими Кашмир водийсига келганда тўхтаб қолаверади, чунки бу низо фақат минтақавий аҳамиятга эга эмас: АҚШ, Хитой ва Россия каби йирик куч марказларининг ҳам глобал манфаатлари бор. “Геосиёсат” бу мавзуда сўз юритиш учун сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Исломхон Ғаффоровни таклиф этди.
— Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги низонинг асосий сабаблари нималар?
Исломхон Ғаффоров: — Ҳиндистон ва Покистон муносабатлари халқаро муносабатларда энг долзарб масалалардан бири. Узоқ муддатли зиддият ва иккаласида ҳам ядро қуроли борлиги муаммонинг глобал аҳамият касб этишини таъминлайди. Бу икки давлат пайдо бўлгандан, яъни 1947 йилдан буён бу можаро давом этмоқда.
Буюк Британия колонияси бўлган бу ҳудудларда қандай қилиб янги давлатлар пайдо бўлиши ва улар ўртасида можаро келиб чиқишига эътибор бериш керак. Кўпчилик айтадики, Британия Иккинчи жаҳон урушидан кейин колонияларини ушлаб туришга кучи қолмади ва Ҳиндистондан чиқиб кетаётганда бўлиб ташлаб ҳукмронлик қил, тамойилига асосан икки давлат ташкил қилиб чиқиб кетди. Аммо мен бу фикрни ёқламаган бўлардим. У вақтда тарихий вазият ҳам минтақада 2 та давлат вужудга келишини тақозо этган. Буюк Британиягача бўлган Бобурийлар даврида мусулмонлар ва бошқа динлар келишиб яшаган. Буюк Британия эса ўз манфаатлари юзасидан бошқарувни амалга ошириб, диний омилларни ҳисобга олмаган ва зиддиятлар ошиб боради. 1947 йилда вазият пишиб турган бўлади ва иккита давлат пайдо бўлади. Миллий озодлик ҳаракати раҳбари Ганди битта давлат тузишга ҳаракат қилади, Калкуттада мусулмонлар ва ҳиндлар ўртасидаги фуқаролар урушини тўхтатади. Аммо Ганди вафот этгач, кескинлик яна ортади ва икки давлат вужудга келади, диний омил асос бўлади бунда.
Буюк Британиянинг ҳам таъсири бўлган, тўла инкор этмайман буни. Лекин кўпроқ ўша вақтдаги сиёсий, ижтимоий омиллар икки давлат бўлишни тақозо этган эди, деб ўйлайман.
Камолиддин Раббимов: — Иккинчи жаҳон урушидан кейин Англия заифлашди ва Ҳиндистон яриморолини назорат қилолмай қолди. 1947 йилда Ҳиндистон ва Покистон ташкил топаётганда федератив демократик давлат сифатида ташкил топади, яъни Англия ўз давлатчилигида шаклланган моделини жорий этишга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам демократик қадриятлар икки давлатда ҳам юқори бўлади. Федератив давлат сифатида Ҳиндистон ва Покистондаги ҳудудлар ўзининг ким билан бўлишини белгилашга ҳаракат қилади. Икки давлат ўртасидаги энг катта конфликт — Жамму ва Кашмир вилоятлари. Бу вилоятлар аҳолисининг асосий қисми мусулмонлар, лекин ҳокимият тепасидагилар ҳиндлар бўлади, шунинг учун ҳам улар Ҳиндистон билан бўлишни танлайди. Жамму ва Кашмирдан ташқари ҳам бошқа конфликт нуқталари бор, чунки асрлар давомида ҳиндлар ва поклар (покистонликлар) ўртасидаги қоришганлик даражаси юқори эмас, Ҳиндистон аҳолисининг 15 фоизга яқини мусулмонлар. Шундай ҳолатда икки давлат ўртасидаги зиддият жуда ҳам кучли. Ўтган асрда ядровий тўқнашув АҚШ ва СССР ўртасида моделлаштирилган бўлса, ҳозирда ядровий тўқнашув бўлиши мумкин бўлган давлатлар Ҳиндистон ва Покистон деб кўрилади.
— Кашмир ва Жамму масаласи Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги ечилмас тугунми?
Исломхон Ғаффоров: — Тарихий омиллар бўйича қўшимча қилмоқчиман. Икки давлат пайдо бўлгач, 4 та катта тўқнашув бўлди. Икки давлат ҳукуматлари ҳам хавфли конфликт остида яшаётганларини билади, лекин шу пайтгача музокараларга келмаяпти, деган савол бор. Бу икки давлат пайдо бўлиб, шаклланиш даври совуқ уруш даврига тўғри келади, шу фонда Покистон АҚШ билан яқин бўлади, Ҳиндистон эса Москвага таянган ҳолда сиёсат олиб боради (гарчи 1961 йилдан қўшилмаслик ҳаракатида бўлса ҳам), унинг ҳарбий саноати ҳам СССР ва кейинчалик Россия билан ҳамкорликда ривожланган. Расмий маълумотларга кўра, Ҳиндистон 1998 йилда термоядровий қуролни синовдан ўтказган ва ядро қуроли борлигини расмийлаштирган, лекин 1974 йилда ядро қуролининг биринчи синовлари бўлган. Покистон ҳам 70 йилларда ядро қуроли устида ишлашни бошлаган.
Бу икки давлат ядро қуролига интилишига сабаб ўша вақтдаги совуқ уруш эди. АҚШ ўз иттифоқчилари билан қуролланган бўлса, СССР ҳам Хитойга ёрдам бериб, ўз иттифоқчилари билан қуролланади. У вақтда дунё кун тартиби шу бўлган, бу нарса Жанубий Осиёда ҳам ўз аксини топган ва икки давлат муносабатлари янада совуқлашиб, ядровий пойга бошланади. СССР тугатилгач, вазият бироз юмшайди, 90 йилларда АҚШ президенти Клинтоннинг икки давлатга бир хил муносабатда бўлиш ва тинчлик ўрнатиш ташаббуслари бўлади. Кейинчалик ҳам зиддиятнинг олдини олиш учун Покистон ва Ҳиндистон томонидан ҳам ташаббуслар бўлади. Масалан, Покистон бош вазири Парвиз Мушарраф Кашмир автоном вилоят бўлиши ҳақидаги ташаббусни билдирган. 2015 йилда Ҳиндистон бош вазири Моде Покистон бош вазири Наваз Шарифнинг неварасининг тўйида иштирок этади ва бу давлатлар ўртасида илиқликка олиб келади.
Бугунги кунда зиддият бор. Икки давлат савдо айланмаси 0,5 млрд доллар, бу — жудаям кам. Икки давлатнинг муносабатлари яхшиланиши улар учун жуда катта иқтисодий ютуқларга олиб келади. Лекин уларнинг бор савдо айланмаси ҳам БАА воситачилигида амалга оширилади. Музокаралар бўляпти бугунги кунда ҳам, улар ҳам тушуниб турибди жуда катта иқтисодий йўқотишлар бўлаётганини. 2020 йилдан буён БАА воситачилигида музокаралар бўляпти, хусусан, Кашмир масаласида.
Кашмир масаласи бўйича 5 та ечим таклиф этилади экспертлар томонидан. Биринчиси, икки томон дипломатик музокаралар орқали ҳал этиш, яъни манфаатларга кўра Кашмир бўлиб олинади. Иккинчи вариант эса икки давлат ўртасида иқтисодий алоқалар шу даражада ривожланадики, охири бир томон ён беради Кашмир масаласида. Германия ва Франция ўртасида ҳам шундай талаш ҳудуд бор эди, лекин бугунги кучли алоқалар туфайли бу муаммо унутилган. Учинчи модел эса Кашмир вилоятига автономия бериш, яъни бунда икки давлат манфаатлари ҳам инобатга олинади. Тўртинчиси — битта халқ, иккита давлат тамойили бўлиш, яъни Кашмирда икки давлат қонунчилиги ишлайди, ўзаро келишилган ҳолда бошқарилади. Бешинчиси эса халқаро кучлар, хусусан, БМТ тинчликпарвар кучлари назорати бўлиши.
— АҚШ ва Хитой, Россия каби глобал қудратлар ушбу низода қандай ўрин тутади?
Камолиддин Раббимов: — Юқорида совуқ уруш даврида икки давлатнинг геосиёсий йўналиши ҳақида гапирилди. Ҳиндистоннинг ҳамкори Совет иттифоқи бўлса, Покистон АҚШ билан яқин бўлган. Лекин совуқ уруш тугагач, уларнинг геосиёсий мавқейи ўзгарди. Бугун Покистон Хитойнинг яқин иттифоқчиси, уларни Ҳиндистон омили бирлаштиради. Шу сабаб ҳам Хитой Покистонни Ҳиндистонга қарши қўллайди. Покистон ва Хитой Ҳиндистонни икки томондан тийиб туришни ўзининг геосиёсий вазифаси деб билади.
Кейинги даврда АҚШ ва Ҳиндистон ҳамкорлиги ривожланиб боряпти. Ҳиндистон қўшилмаслик ҳаракати аъзоси бугун ҳам, аммо АҚШнинг Хитойни тийиб туриш бўйича бир қанча катта лойиҳалари бор: АҚШ, Австралия, Ҳиндистон биргаликда Тинч океани ҳавзасини ўраб, Хитойни тийиб туриш. Мана шу лойиҳаларда Ҳиндистон босқичма-босқич иштирок этяпти. Бугун Ҳиндистон қурол-яроғнинг катта қисмини АҚШдан ва коллектив Ғарбдан олади. Янги геосиёсий формация шаклланяпти, илгари СССР ва АҚШ қарама-қаршилиги бўлган бўлса, бугун АҚШ ва Хитой тирашуви, бу минтақадаги вазият ҳам шунга ўзгариб боряпти.
Покистон энг катта муаммоси — иқтисодий аҳволи. Ҳиндистон эса 2080 йилга бориб, демографик ва иқтисодий жиҳатдан дунёнинг биринчи қудратли давлати бўлиши таҳлил қилиняпти. Учта давлат: АҚШ, Хитой, Ҳиндистон асосий қудратли давлатлар бўлиб қолади. Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги зиддият борган сари кристаллашяпти. 1947 йилда улар ўртасида зиддият йўқ эди. Жавоҳирлал Неру ва Муҳаммад Али Жинна анча яқин шахслар бўлишган, ҳамкорликда ишлашган, дўст бўлишган. Борган сари Ҳиндистон ҳокимиятида миллатчилар кўпаймоқди, айниқса ҳозирги ҳокимият. Шу сабаб миллатчилик ва икки давлат тирашуви борган сари кристаллашяпти. Ҳиндистонликларда бизни неча асрлар давомида мусулмонлар бошқарди энди ўзлигимизга қайтишимиз керак, масжидлар ўрнида ибодатхоналар бўлиши керак, деган қарашлар бор. Бунга Покистон ҳам жавоб беради. Умуман, ҳар томонлама Ҳиндистон Покистондан кучли, лекин фақат ядровий каллаклар сони бўйича Покистон кучлироқ. 1,4 миллиардлик аҳолиси бор давлат билан 221 млн аҳолиси бор давлат армияси тенг бўлолмайди. Қолаверса, Ҳиндистон иқтисодий жиҳатдан жадал ривожланиб бормоқда.
— Бу конфликтни Марказий Осиё ва Эрон призмасидан ҳам кўрсак, қандай кўриниш касб этади?
Исломхон Ғаффоров: — Эрон икки давлат билан ҳам яқин ҳамкорлик қилади. Мусулмон давлати ўлароқ Эрон Кашмир масаласида Покистонни қўллайди. Эроннинг АҚШ билан тўғридан-тўғри алоқалари бўлмагани учун АҚШ билан мулоқотда Покистон орқали ишлайди. Демак, Эрон Покистон билан анча яқин десак бўлади. Хитой ва Покистон ҳамкорлигидаги Хитой-Покистон иқтисодий коридорини ҳам қўллаб, унга қўшилиш нияти бор Эроннинг.
Ҳиндистон Эронни Марказий Осиёга дарвоза деб билади. Эронда Чобаҳор портини қуряпти, 500 млн доллар ажратган лойиҳага, Ғарб санкцияларидан ҳам озод қилган. Эрон бир вақтнинг ўзида Ҳиндистон билан ҳам, Покистон билан ҳам илиқ муносабатларда.
Транспорт коридорлари масаласига келсак. Ҳиндистон ва Покистон томонидан 2 та йирик лойиҳа тақдим этиляпти. Қайсидир маънода Марказий Осиё давлатлари геосиёсий дилеммага дуч келяпти. Марказий ва Жанубий Осиё боғлиқлигида биринчи истиқболли вариант: Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар йўналишида Покистоннинг Гвадар ва Карачи портларига чиқиш, лекин бу лойиҳани Ҳиндистон қўлламайди Покистон билан зиддият сабаб. Ҳиндистон Туркманистон орқали Эроннинг Чобаҳор портига чиқуви Марказий Осиё билан боғловчи коридорни қўллаяпти, иккинчи тармоқ ҳам бор: Афғонистон орқали Марказий Осиёга кириб келиш. Кўпчилик мутахассислар Жанубий ва Марказий Осиё боғлиқлигида Афғонистон йўналиши устуворлик касб этишини айтади. Бу нуқтада фақатгина Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муаммо тўсиқ бўляпти деб ўйлайман.
— Икки давлатнинг зиддияти нега ШҲТ каби ташкилот доирасида ҳал этилмайди?
Камолиддин Раббимов: — ШҲТнинг ўз мақсад-вазифалари бор. Унинг мақсади Ҳиндистон ва Покистонни яраштириш эмас, бу икки давлатнинг кириши ҳам ШҲТдаги рақобатнинг ифодаси дейиш мумкин. Яъни ШҲТнинг марказида Хитой ва унинг манфаатлари туради. Покистонни Хитой таклиф қилди ташкилотга, бунга жавобан Россия ўз томонини заифлаштирмаслик учун Ҳиндистонни таклиф қилди. ШҲТ ичида зиддиятлар жуда ҳам кўп. Ташкилотнинг асосий вазифаси муаммоларга, зиддиятларга ечим топиш эмас, балки АҚШ, коллектив Ғарбга геосиёсий, геоиқтисодий жавоб шакллантириш вазифаси қўйилган. БРИКС доирасида ҳам шундай зиддиятлар бор.
ШҲТ бундай зиддиятлар ҳаддан ташқари кучайишини истамайди. Лекин бу зиддият бартараф этилса, Хитойнинг манфаатларига қанчалик тўғри келади, деган савол ҳам бор. Хитой Покистонни ўзининг барқарор иттифоқчиси бўлиб қолишини истайди. Биргина мисол: коронавирус пандемияси даврида Покистон Саудиядан қарз олганди, кейинчалик Саудия бу қарзни сўради. Покистонда маблағ йўқ эди, шунинг учун Хитойдан олди. Икки мусулмон давлат ўртасидаги масалада ҳам Хитойга йўналиш олди Покистон. Олдинги бош вазир Имрон Хон Путин билан муносабатларни яхшилади, Ғарбга нисбатан муносабат эса аввалдан салбий бўлган, лекин ҳокимиятга ким келса ҳам, Хитой билан муносабатлар илиқ бўлган.
ШҲТ бундай муаммоларга ечим излай олмайди. Аксинча, борган сари кучайиб бораётган геосиёсий рақобат: АҚШ ва Хитой, Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги зиддиятлар ШҲТга ҳам кўчган, Покистон каби давлатлар эса бундай вазиятда ўз манфаатларини қондиришга имконият излайди.
Исломхон Ғаффоров: — ШҲТнинг аниқ бўлмаган стратегиясига тўхталмоқчиман бу ўринда. Аъзо давлатлар манфаатлари турлича. Россия бугунги санкциялар фонида ШҲТга катта эътибор қаратяпти. Россия томони Ҳиндистон ва Покистон ўртасида зиддият бўлмаслигини хоҳлайди. Чунки Россия ўзининг нефт ва газ маҳсулотларини Ҳиндистонга экспорт қиляпти, шу сабаб Ҳиндистоннинг қандайдир можароларга аралашиши Россия манфаатларига тўғри келмайди, шунинг учун тинчлик истайди бу минтақада.
ШҲТга Ҳиндистон қўшилгач, Хитой ташкилотга эътиборини пасайтиргандек кўриняпти. Хитой бугун геосиёсий майдонда қандайдир форматларда эмас, ўзи якка ҳолда иштирок этишни кўзлаяпти. Шундай хулосага келиш мумкинки, ташкилотнинг бундай можароли ҳолатларга нисбатан стратегияси ва ижро механизми йўқ, тарқоқ бўлиб ётибди ташкилот. Пекин ўз йўналишида, Москва ўз йўналишида, Марказий Осиё ҳам ўз манфаатларига кўра сиёсат олиб боряпти. Ташкилотга ижро механизми керак, шунчаки нуфузли платформа кўринишига келиб қолган, ташкилот даражастга чиқиш учун ҳали бир қанча ишлар олиб бориш керак. Шунда Ҳиндистон ва Покистон масаласида ҳам ўзгаришлар бўлиши мумкин ташкилот таъсирида.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
19:13 / 21.11.2024
Хитойда 83 млрд долларлик олтин захираси топилди
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
15:29 / 20.11.2024