Ўзбекистон | 19:10 / 13.03.2024
8143
3 дақиқада ўқилади

«Уй-жой қуриш ҳажмини ҳар йили камида 20 фоизга ошириб боришимиз керак» – президент

Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокимларига 1 июлга қадар «Янги Ўзбекистон» массивларидаги 474 та кўп қаватли уй-жой қурилишини тўлиқ якунлаб, фойдаланишга топшириш бўйича кўрсатма берди. Қурилиш таннархини пасайтириш ва уйлар сифати билан қаттиқ шуғулланиш вақти келгани таъкидланди.

Фото: Kun.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 12 март куни ўтказган йиғилишида «Янги Ўзбекистон» массивлари қурилишини жадаллаштириш бўйича топшириқ берди

Давлат раҳбари уй-жой нархи кескин ошиб кетишининг олдини олиш учун энг аввало бозорда таклифни кўпайтириш зарурлигини таъкидлади. 

«Сўнгги йилларда мамлакатимизда уй-жой қуриш кескин кўпайгани ҳисобига қурувчилар ҳам, ҳокимлар ҳам катта тажриба орттирди. Энди улар қурилиш таннархини пасайтириш ва уйлар сифати билан қаттиқ шуғулланишлари вақти келди. Қайси вазир ёки ҳоким уй-жой нархи ошиши сабаби ичига кириб, унинг олдини олиш бўйича бош қотиряпти?

Уй-жой нархи кескин ошиб кетишининг олдини олиш учун энг аввало бозорда таклифни кўпайтиришимиз зарур. Шу боис, вилоят ҳокимлари икки ҳафта муддатда кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун қўшимча 20 гектардан, Тошкент шаҳрида 60 гектар ноқишлоқ ерларни аниқлаб, икки ойда аукционга чиқариши шарт», деди Шавкат Мирзиёев.  

Давлат раҳбари 1 июлга қадар Янги Ўзбекистон массивларидаги 474 та уй-жой қурилишини тўлиқ якунлаб, фойдаланишга топшириш бўйича топшириқ берди. Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов, Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ва Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовга қурилиши кечикаётган 16 та уйда қурилиш ишларини 10 кун муддатда бошлаш бўйича топшириқ юклатилди.

«Кўриб турибсизлар, аҳолимиз сони тез ўсиб боряпти. Бунинг учун шунга мос уй-жой, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини барпо қилиб боришимиз зарур. Агар биз одамларни рози қиламиз десак, уй-жой энг катта масала. 2024 йил ипотека дастури доирасида 80 мингта уй-жой қуриш режалаштирилган. Бу жуда кам. Олдимизга қўйган улкан марраларга эришиш учун уй-жой қурилиши ҳажмини ҳар йили камида 20 фоизга ошириб боришимиз керак. Бунинг учун вилоят ҳокимлари бюджет ва банк пулига қараб ўтирмасдан ўзлари ҳам инвестицияларни жалб қилиб, реновация лойиҳаларни амалга ошириши керак», дея таъкидлади давлат раҳбари.

Таъкидланишича, бугунги кунда ҳудудларда 38 та массив қурилиши бошланган. Жорий йилда яна 17 та массив бунёд этиш кўзда тутилган.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров Фарғона шаҳри, Фарғона ва Ёзёвон туманларида «Янги Ўзбекистон» массивларини қуриш бошланиб, 74 та кўп қаватли уйлар қурилиши якунига етказилаётгани, бундан ташқари, массивларнинг ўзида 75 гектарлик боғ қурилиши ниҳоясига етаётганини айтиб ўтди.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, хитойлик тўрт нафар инвестор 170 млн долларлик маблағни уй-жой қурилишига жалб қилиши белгиланган.

Йиғилишда уй-жойлар қурилиши соҳасидаги қатор вазифалар белгилаб берилган.

Мавзуга оид