Жамият | 09:39 / 14.03.2024
20014
2 дақиқада ўқилади

Алимент тўламагани учун қидирувдаги янгийўллик ота уйининг болохонасида яширинган жойидан ушланди

У бир нафар фарзанди учун 2 йиллик алимент пулларини тўламаган, умумий қарздорлик 30 млн сўмдан ошган.

Фото: МИБ ахборот хизмати

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида фарзанди таъминоти учун алимент тўламаган ҳамда икки йил олдин қидирувга берилган ота топилди. Бу ҳақда Kun.uz’га МИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, МИБнинг Тошкент вилояти бошқармаси тезкор қидирув шуъбаси томонидан Янгийўл туманида алимент қарзларини қасддан тўламай қочиб юрган қарздор шахсларни қидириб топиш бўйича навбатдаги тезкор тадбир ўтказилган. Унда 2022 йилдан бери қидирувда бўлган, 1 нафар фарзанди учун алиментдан 30 млн сўм қарзи бор фуқаро Х.А. ўз ҳовлисининг болохонасидан топилган.

Қарздор ота шу заҳоти тегишли тартибда ушланиб, далолатнома тузилган. Туман бўлими давлат ижрочиси эса алимент тўлаш мажбуриятини қасддан бажармаган қарздор шахсга нисбатан қонун доирасида чора кўриш масадида унинг ишини судга чиқарган.

Таъкидланишича, жорий йилнинг ўтган вақтида алиментдан қарздор бўлган 392 нафар шахсга нисбатан қидирув эълон қилиниб, шундан 235 нафари топилган. 

Олдинроқ Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида алиментдан қарздорлиги учун икки йил олдин қидирувга берилган ота уйининг ертўласидан топилганди.

Мавзуга оид