Жаҳон | 20:31 / 14.03.2024
19816
8 дақиқада ўқилади

Белгород кун давомида уч бор ўққа тутилди. Қурбонлар бор

Россия расмийлари чегара ҳудудларда ҳам «украин диверсантлари» билан жанглар давом этаётгани ҳақида хабар берган.

Фото: YELIZAVETA DEMIDOVA/TASS

Россиянинг Украина билан чегарадош икки региони — Курск ва Белгород областлари — пайшанба куни бир неча бор ўққа тутилди. Белгородда эрталабки зарбалар оқибатида камида икки киши ҳалок бўлган, йигирмага яқин киши жароҳатланган. Курск областида чегарадаги Теткино посёлкаси зарбалар остида қолган, Россия ҳукуматига кўра, бу ерда диверсантларнинг ҳужумлари қайтарилмоқда.

14 март куни Белгород областига аввалига самолёт типидаги дронлар ҳужум қилди, кейин эса — маҳаллий вақт билан соат 08.30 атрофида Белгород шаҳрига баравар ўт очиш реактив тизимларидан зарбалар йўлланди.

Регион губернатори Вячеслав Гладковнинг хабар беришича, ҳаводаги саккизта нишон шаҳарга киришидан олдин уриб туширилган, аммо снарядлардан бири енгил машина двигателига келиб урилган. Бу вақтда автомобил бошқарувида бўлган эркак воқеа жойида ҳалок бўлган.

Дастлабки ўққа тутиш оқибатида жами олти киши жароҳатланган.

Пайшанба кунининг иккинчи ярмида Белгород области яна икки бор ўққа тутилди.

Иккинчи зарба вақтида, гувоҳларнинг сўзларига кўра, Белгород шаҳри марказида портлаш рўй берган — вокзал ҳудудида. Гувоҳлар шаҳар узра кўтарилган тутун устуни, шунингдек деразалари тўкилиб кетган хусусий уйлар ва кўп қаватли квартиралар фотосуратларини намойиш этган.

Гладков ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Белгород йўналишида ҳаракатланган 10 та ҳаво нишонини уриб туширганини маълум қилган.

Бу ҳужум оқибатида ҳам автомобил рулида бўлган бир маҳаллий аҳоли вакили ҳалок  бўлган. Портлаш оқибатида аёлнинг машинаси йўл четидаги ариққа ағдарилиб кетган. «Олинган жароҳатлар оқибатида аёл воқеа жойида ҳалок бўлган», — дейилади губернаторнинг хабарида.

Яна камида уч киши тан жароҳати олган. «Икки аёл баротравма билан ва бир эркак елкасидан осколка жароҳати билан тез ёрдам бригадасида Белгороддаги 2-сонли шифохонага етказилган», — дея хабар қилган Гладков.

Расмийларга кўра, Белгородда камида саккизта кўп квартирали уйлар ҳамда учта хусусий уй, шунингдек 13 та автомобил шикастланган.

Шаҳар ўққа тутилиши оқибатида савдо марказлари фаолияти тўхтатилган.

Гладков областнинг Грайворон шаҳри ҳам икки бор ўққа тутилганини маълум қилган. Губернаторга кўра, бу ерда камида тўрт киши жароҳат олган.

Бу ҳудуддаги уйлардан бирига снаряд келиб тушиши оқибатида икки киши жароҳат олган — эркак кишининг боши ёрилган, аёл — шок ҳолатини бошдан кечирган. Уларга воқеа жойида зарур ёрдамлар кўрсатилган, жабрланувчилар шифохонага ётишдан бош тортган. Грайворонда яна икки аёл снаряд парчаларидан жароҳатланган ҳолда маҳаллий шифохонага олиб борилган.

Кун охирига келиб Белгород шаҳрига яна зарбалар йўлланди. Гладков бу ҳужум вақтида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 11 та ҳаво нишонини тўхтатиб қолганини айтди. Унинг маълумотига кўра, шаҳарнинг қурилишлар қилинаётган ҳудудига зарба келиб тушган, бу ерда икки киши жароҳатланган.

Гладков Глотово қишлоғида ҳам дрон зарбаси оқибатида икки киши жароҳатлангани ҳақида хабар берди. Ҳужум вақтида енгил автомобилда бўлганлардан бирида контузия рўй берган, иккинчисида контузия ва қўлда осколкадан жароҳат қайд этилган. Уларнинг иккиси ҳам шифохонага ётқизилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, кун давомида област ҳудудида жами 19 киши жароҳат олган.

Россия Тергов қўмитаси «украин қуролли тузилмалари ўққа тутиши оқибатида одамлар ҳалок бўлиши ва жароҳатланиши факти бўйича» жиноий иш қўзғатган. Иш айнан қайси моддалар бўйича очилганига аниқлик киритилмаган.

Диверсантлар ҳужуми

Белгород кун давомида иккинчи бор ўққа тутилиши арафасида «Россияга озодлик» легиони, «Россия кўнгиллилар корпуси» ва «Сибир баталёни» Курск, Белгород ва Брянск областларидаги ҳарбий объектларга зарба беришлари ҳақида огоҳлантириб, маҳаллий аҳолини эвакуация бўлишга чақирганди.

Курск области губернатори Роман Старовойт 14 март куни украинларнинг диверсия-разведка гуруҳлари Теткино посёлкаси ҳудуди орқали регион ҳудудига киришга уринишда давом этаётганини маълум қилган. Област раҳбари ФХХ чегарачилари ва россиялик ҳарбийлар ҳозирча бунга «йўл қўймагани» ва «бундан кейин ҳам йўл қўймаслиги»ни қўшимча қилган.

Россия мудофаа вазирлиги Россия бўлинмалари Белгород области Сподарюшино қишлоғи ҳудудида Украина қуролли кучларининг мамлакат ҳудудига киришга уринишини тўхтатгани ҳақида хабар берди. Вазирлик жанг оқибатида 195 нафар украин ҳарбийлари ўлдирилиб, бешта танк, тўртта зирҳланган машина, УР-77 русумли миналардан тозаловчи учта машина ҳамда учта муҳандислик машинаси йўқ қилинганини билдирган.

Бу маълумотни мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ. Россиялик ҳарбий мухбирлар ҳам Белгород ва Курск областларининг чегара ҳудудларида «украиналик диверсантлар» билан жанглар бўлиб ўтгани ҳақида ёзишган. Шу билан бирга, улар ҳужум қилганлар орасида қурбон бўлганлар сони вазирлик маълумотидагидан анча камлигини айтишган.

Хусусан, ҳарбий Александр Коц жангларда «тўғридан тўғри иштирок этаётган» манбага таяниб, Сподарюшино қишлоғидаги тўқнашув ҳақида ёзган. Коц украин ҳарбийларига хос бўлган сариқ боғичли ҳарбий жасади акс этган, дрон орқали олинган тасвирни намойиш этган.

«Россияга озодлик» легиони эса ўз жангчилари Теткинода РФ қўшинларининг иккита қурол омборини портлатганини маълум қилди. Бўлинма шунингдек россиялик ҳарбийларни таслим бўлишга ёки Украина томонига ўтишга чақирган.

«Россия кўнгиллилар корпуси» штаби бошлиғи Александр «Фортуна» «Можем объяснить» телеграм каналига берган зоҳида тузилма жангчилари Россия ҳудудига «бир неча ўн километрга илгарилагани» ва россиялик ҳарбийларни асир олгани ҳақида айтган. Унинг сўзларига кўра, корпус Белгород областида йўқотишларга учрамаган, «Россия томонида эса ҳам жонли куч, ҳам техникада йўқотишлар бор». У Россия томони йўқотишлари бўйича аниқ рақамларни келтиришни истамаган.

Россиянинг Украина билан чегарадош областлари ҳафта бошидан буён дронларнинг ёппасига ҳужумларига, артиллерия зарбаларига, шунингдек диверсантлар ҳужумларига йўлиқмоқда. Украина томони эса бу ҳужумларда иштироки борасида изоҳ бермаяпти.

Владимир Путин 12 март куни телебошловчи Дмитрий Киселевга берган интервюсида бу воқеаларни Россияда президентлик сайловлари яқинлашаётгани билан боғлаганди.

«Асосий мақсад шундаки, мен бунга шубҳа қилмайман, агар Россиядаги президентлик сайловларини барбод қила олишмаса ҳам, фуқаролар ўз хоҳишини билдириш жараёнига қандайдир тарзда халақит беришдир. Бу биринчиси. Иккинчиси, бу [ҳужумдан] ахборий эффект, бу ҳақда олдин ҳам айтганман. Аммо учинчиси — агар нимадир амалга ошса, қандайдир имконият, қандайдир аргумент, бўлажак музокаралар жараёни учун қандайдир кузир қўлга киритилса: биз сизга буни қайтарамиз, сиз эса бизга буни қайтарасиз дейиш учун», — деган Путин.

Мавзуга оид