Жаҳон | 21:06 / 15.03.2024
16774
5 дақиқада ўқилади

АҚШ Сенатидаги демократлар етакчиси: Нетаняҳу кетиши лозим, Исроилга янги сайловлар керак

АҚШ Сенатида кўпчиликни ташкил этувчи демократлар етакчиси Чак Шумер бош вазир Бинямин Нетаняҳуни алмаштириш учун Исроилда муддатидан олдинги сайловлар ўтказишга чақирди.

Фото: EPA

Нуфузли америкалик сенаторнинг фикрича, Исроил ва АҚШнинг қачонлардир барқарор ва дўстона бўлган иттифоқида хавфли ёриқлар пайдо бўлмоқда.

«Демократик мамлакат сифатида Исроил ўз етакчиларини танлаш ҳуқуқига эга, — деган Шумер, — ва биз соққалар қандай тепилган бўлса шундай тушишига йўл қўйишимиз керак».

Чак Шумер Нетаняҳунинг Ғазодаги урушга ёндашувини кескин танқид остига олиб, уни «тинчлик йўлига тўсиқ» деб атаган.

У Нетаняҳу Ғазодаги тинч аҳоли ўртасидаги қурбонларга панжа орасидан қарагани, бу эса Исроилнинг дунёда дастакланиш даражасини тарихий паст даражага туширишини таъкидлаган. Исроил агар эътибордан қолса, яшаб қололмайди, деган Чак Шумер.

«Нетаняҳунинг коалицияси 7 октябрдан кейин Исроилнинг талабларига ортиқ жавоб бера олмайди. Дунё тубдан ўзгарди, Исроил халқи эса мияси ўтмишда қотиб қолган ҳукмрон коалиция томонидан эзилмоқда», — деган сенатор.

Шумерга кўра, можарони ҳал қилишнинг ягона усули иккита давлат ташкил қилиш.

«Исроил билан ёнма-ён, хавфсиз, гуллаб-яшнаб ва тенг шароитларда яшовчи қуролсизлантирилган Фаластин давлати бўлиши керак», — деган Шумер. Сенаторнинг қайд этишича, Нетаняҳу Фаластин давлатчилиги ғоясини рад этиб, Исроилнинг ҳам келажагини хавф остида қолдирмоқда.

«Исроилнинг келажаги борасида янги муҳокамаларни бошлаш лозим, — дея қўшимча қилган у. – Менинг фикримча, бунинг энг яхши йўли янги сайловлар ўтказишдир».

Исроилдаги кейинги умуммиллий сайловлар 2026 йил октябрига мўлжалланган.

«Исроил — банан республикаси эмас»

Шумер - Америка ҳукмрон элитасидаги энг мартабали этник яҳудий ҳисобланади.

Унинг Нетаняҳу издан чиқиб кетгани ҳақидаги очиқ баёноти Ғазо секторидаги вазият бўйича Исроил раҳбариятини тўғридан тўғри танқид қилишдан қочишга ҳаракат қилаётган бошқа америкалик сиёсатчилар риторикасидан кескин фарқланади.

Шумер Сенатдаги 25 йиллик фаолияти мобайнида Исроил сиёсатини қўллаб-қувватлаб келган. Аммо Исроилнинг Ғазодаги амалиёти кўп сонли қурбонларга олиб келиши, унинг фикрича, Исроилни назардан қолиш хавфини юзага келтирди, чунки бош вазир Бинямин Нетаняҳу «ўзининг сиёсий тириклигини мамлакат манфаатларидан устун қўйди».

Шумернинг сўзларига кўра, Исроил раҳбарияти Ғазодаги тинч аҳолини яхшироқ ҳимоя қилиш чораларини кўриш орқали ўз йўналишини имкон қадар тезроқ тўғрилаши керак.

Бунга жавобан Исроил ҳукумати сенаторга танбеҳ беришга шошилди: Нетаняҳу бошчилигидаги «Ликуд» партияси Шумерга «Исроил банан республика эмаслиги», бош вазир сиёсати «аҳолининг кўпчилик қисми томонидан қўллаб-қувватланиши»ни эслатди.

«Биз сенатор Шумер Исроилнинг демократик сайланган ҳукумати манзилига ҳурмат кўрсатиши ва унинг нуфузига путур етказмаслигини кутамиз», — дейилади партия раҳбарияти томонидан билдирилган баёнотда.

Исроилнинг Вашингтондаги элчиси Михаэл Ҳерцог ҳам Шумернинг сўзларини қоралаб, твиттер саҳифасида «демократик иттифоқчининг ички сиёсий саҳнаси»ни шарҳлаш нафақат фойдасиз, балки тескари натижа берадиган ҳаракат ҳам эканини қайд этди.

Яқин Шарқдаги кескинликнинг навбатдаги босқичи 2023 йил 7 октябр куни ҲАМАС ҳаракати аъзолари Исроилга ҳужум қилиб, 1200 нафар атрофидаги инсонни ўлдириши ва 250 га яқин кишини гаровга олиши ортидан бошланди.

АҚШ Исроилнинг яқин иттифоқчиси ва ушбу мамлакатга энг кўп ёрдам етказиб берувчи сифатида қолаётган бўлса-да, Америка маъмуриятида Исроил қандай воситалар билан уруш олиб бораётгани бўйича хавотир кучаймоқда.

Президент Байденнинг ўзи ҳам сўнгги вақтларда янада баландроқ овозда Исроилни анклав соҳилига «ҳеч қандай шартларсиз» мунтазам равишда инсонпарварлик ёрдами етказиб беришни таъминлашга чақирмоқда.

Аммо Оқ уй Шумернинг сўнгги сўзларига қўшилмаяпти.

АҚШ президенти матбуот котиби Жон Кирби Сенат етакчиси албатта, ўз фикрини билдиришга ҳақли экани, аммо умуман олганда, Америка маъмурияти расмийлари мамлакатни мудофаа қилишда Исроил билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлашини билдирди.

ҲАМАС назоратидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 7 октябрдан буён сектор ҳудудида 30 минг атрофидаги фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг аксарини аёллар ва болалар ташкил этади.

Исроил махсус амалиёти қурбонлари сони амалда бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин, чунки жабрланувчилар статистикасига фақат тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлар киради, шу билан бирга, Исроил авиазарбалари оқибатида минглаб кишилар вайроналар остида қолиб кетган бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, ўтган якшанба куни Нетаняҳу қурбонлар сони бўйича фаластинлик расмийлар эълон қилган маълумотларга қўшилмаслигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Исроил кучлари ҲАМАСнинг сектор ҳудудида яшириниб ётган 13 минг аъзосини йўқ қилган.

Исроил расмийлари баҳоларига кўра, тинч аҳоли ва ҳарбийлар ўртасидаги қурбонлар нисбати 1 га 1,5 кўринишида.

Мавзуга оид