Ўзбекистон | 13:19 / 17.03.2024
7359
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш 2025–2026-йилларга мўлжалланмоқда – президент қарори

Аҳолини рўйхатга олиш ишларининг натижалари 2026–2027-йилларда эълон қилиниши режалаштирилган.

Фото: Kun.uz

2025−2026-йилларда Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш ишлари ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 2024 йил 4 март куни президент имзолаган қарор иловасида белгилаб қўйилган.

Президент қарори билан тасдиқланган расмий статистика соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича йўл харитасида Президент ҳузуридаги Статистика агентлигига 2025−2026-йилларда аҳолини рўйхатга олиш ишларини ташкил этиш вазифаси юклатилган.

Йўл харитасида 2024 йил давомида агентлик аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга тайёргарлик кўриш ишларини давом эттириши белгиланган.

Жумладан:

  • аҳолини рўйхатга олишни аҳолининг кенг оммасига тушунтириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларида фойдаланиш учун видеоролик, баннер, флаер ва буклетлар тайёрлаш;
  • 2021 йилда ўтказилган синов натижалари ва халқаро экспертларнинг тавсиялари асосида аҳолини рўйхатга олиш саволномалари шаклларини такомиллаштириш;
  • халқаро тажриба ва экспертлар тавсиялари асосида «Аҳолини рўйхатга олиш» ахборот тизимини такомиллаштириш;
  • «STATA» амалий дастурий пакети лицензиясини харид қилиш ва унда рўйхатга олиш натижаларининг чиқувчи жадваллари намуналарини шакллантириш;
  • аҳолини рўйхатга олишнинг ташкилий режасини ишлаб чиқиш вазифаларини амалга ошириш белгиланган.

Аҳолини рўйхатга олиш эса 2025−2026-йилларда ўтказилиши, натижалар 2026−2027-йилларда тайёрланиши ва эълон қилиниши белгиланган.

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш умуммиллий тадбири 2022 йилда ўтказилиши керак эди. Хусусан, 2019 йил 5 февралда «Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги президент фармони, 2020 йил 16 мартда «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинганди.

Кейинчалик коронавирус пандемияси туфайли мазкур тадбирни ўтказиш муддати узайтирилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, республикада аҳолини рўйхатга олиш ишлари 2023 йилнинг 1-25 ноябрида ўтказилиши белгиланганди. Бироқ бу тадбир 2023 йилда ҳам амалга оширилмади.

Маълумот учун, Ўзбекистонда сўнгги марта аҳолини рўйхатга олиш ишлари собиқ иттифоқ даврида, 1989 йилда ўтказилган.

Мавзуга оид