Жаҳон | 19:26 / 19.03.2024
7414
8 дақиқада ўқилади

Ғазода касалхонага зарба, жангга ҳозирланаётган ҳусийчилар ва НАТОнинг янги ҳарбий базаси — кун дайжести

Кун давомида дунёда содир бўлган воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари одатдагидек кундалик дайжестимизда. 

Ғазодаги вазият

Исроил Ғазодаги «Аш-Шифо» касалхонасига зарба бергани маълум қилинмоқда. Бунгача Исроил ҳарбийлари 30 минг киши бошпана сақлаётган «Аш-Шифо» касалхонасини тўлиқ ўраб олган ва унинг яқинида тўпланган аҳолини эвакуация қилишни буюрган, деб хабар беради CNN.

Касалхона 30 мингдан зиёд инсон учун бошпана бўлиб келгани хабар қилинмоқда. Тел-Авивдан келган буйруқ билан уларни Фаластин эксклавининг жанубий қисми — Рафаҳ томондаги «Ал-Мавасий» ҳуманитар зонасига кўчириш ҳақида маълум қилинган.

Хабарларга кўра, қамал қилинган касалхона ичида ёнғин юзага келган. Ҳудуд снайпер ва ҳарбий самолётлар нишонига айланиб қолган. Касалхонани тарк этишга уринган ҳар қандай одамга ўлим билан таҳдид қилинмоқда.

Ғазода камида 1,1 млн инсоннинг озиқ-овқат захиралари тугаган ва улар ҳалокатли очарчилик таҳдиди остида қолган, деган БМТ бош котиби Антониу Гутерриш.

Бош котибга кўра, озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича экспертлар Ғазо шимолидаги очарчиликнинг олдини олиш энди имконсиз эканини маълум қилишган. Бу ерда инсонларнинг 70 фоизи фалокатли очликка рўбарў келгани қайд этилган.

Исроил ҳарбийлари ҲАМАСнинг жанговар қаноти етакчиларидан бири — Марвон Исони ўлдиргани хабар қилинмоқда.

«ҲАМАС шажарасидаги учинчи одам бўлган Марвон Исо ўтган ҳафта Исроил операциясида ўлдирилган. Қолган юқори мартабали раҳбарлар ҲАМАС туннеллари тармоғида яширинган бўлиши эҳтимоли катта», — деган Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан.

Марвон Исо ҲАМАСнинг ҳарбийлаштирилган қаноти Ал-Қассам бригадаларини бошқарадиган Муҳаммад Дейфнинг ўринбосари эди. 

Исроилдан янгиликлар

АҚШ президенти Жо Байден Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан телефон орқали 45 дақиқа мулоқот қилган. Мулоқот давомида Байден Исроилни қўллаб-қувватлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган, аммо уруш пайтида миллионга яқин қочқинлар кўчиб ўтган Рафаҳга исроиллик ҳарбийларнинг бостириб кириши хато бўлишини ҳам таъкидлаган.

«Бу янада кўпроқ бегуноҳ фуқароларнинг ўлимига олиб келади, ҳуманитар инқирозни янада баттарлаштиради, Ғазода бошбошдоқликни кучайтиради ва Исроилни халқаро миқёсда изоляция қилади», — дея Байденнинг сўзларини келтирган Салливан.

Байден Нетаняҳуга ҲАМАСни енгиш борасида шерик эканликлари, бироқ бу учун изчил ва барқарор стратегия керак деб ҳисоблашини ҳам айтган.

АҚШ хусусий таркибида Исроил етарли маълумотларга эга бўлмасдан Ғазодаги биноларни ҳарбий нишон ўлароқ мунтазам бомбалаб келганини тан олган. Бу ҳақда Washington Post газетаси ўз манбаларига таяниб ёзган.

«Байден жамоасидаги юқори мартабали мулозимлар бу ҳақда Оқ уйда йиғилган кичикроқ гуруҳ олдида маълум қилган», — дейилади нашр хабарида.

Газетанинг манбаларига кўра, бу гуруҳ Байден администрациясининг ташқи сиёсат боғлиқ мулозимлардан иборат бўлган. Манбага кўра, улар Исроилда ҲАМАСни яксон қилиш бўйича аниқ режа йўқлигини ҳам муҳокама қилишган. 

Қизил денгиздаги вазият

Исроил ва унга ёрдам бераётган ғарб коалициясига қарши қаттиқ курашга тайёрлигини таъкидлаб келаётган яманлик ҳусийчилар Сано шаҳрида ҳарбий машқлар ўтказишда давом этишмоқда. Улар америка-британ қўшинларининг эҳтимолли бостириб киришини бартараф этиш юзасида амалий машқлар ўтказишмоқда.

Аввалроқ ҳусийчилар 500 минг кишилик армияси жангларга тайёр эканини таъкидлаб ўтган эди.

Дарвоқе, ҳусийчилар ҳам Владимир Путинга Россия президенти этиб қайта сайлангани учун табрик жўнатишган. Ҳусийчилар томонидан тузилган Яманнинг олий сиёсий кенгаши аъзоси Султон ас-Самий Путинга табрик йўллаган.

«Владимир Путиннинг қайта сайланиши — бутун дунёда уруш ва можаролар оловини ёқаётган, мустамлакалаштириш ва халқларни қашшоқлаштириш сиёсатини юритаётган бир қутбли дунё тизимига қарши курашаётган BRICS гуруҳининг катта ғалабасидир», — деган ас-Самий. 

Украинадаги уруш

Россиянинг Европадаги музлатилган активларини Украинани тиклаш учун эмас, унинг мудофааси учун сарфлаган дурустроқ, деган Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский.

«Мен агрессор ўз агрессияси оқибатлари учун тўлов қилиши керак деб ҳисоблайман. Токи Россия Украинага репарация тўламагунча бу пулларни қайтариб ололмаслигини билиб турган эканмиз, бу пулларни Украинани тиклаш учун эмас, агрессия оқибатларини бартараф этиш йўналтирган яхшироқ», — деган Сикорский

Руминия президенти Клаус Йоҳаннис украиналик учувчиларни F-16 қирувчи самолётларини бошқаришни ўрганишга рухсат берди.

Бунинг учун украиналик 50 га яқин ҳарбий учувчилар ёзда Руминияга келишади. Бундан ташқари, Клаус Йоҳаннис Финландиядан Украинага ҳарбий ёрдамни денгиз ва қуруқлик орқали транзит қилиб етказиш учун ҳам рухсат берди. 

Россияга иқтисодий зарба

Украина томонидан энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлар уюштирилгач, Россия ёқилғи ишлаб чиқариш қувватларининг 10 фоизидан айрилган.

Айни пайтга келиб, Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларидаги йиғинди қувватларнинг 13 фоизи тўхтаб қолган, деб ёзади Reuters соҳадаги манбаларига таяниб.

Агар бензин ва дизел ёнилғиси ишлаб чиқариладиган нефт заводлари ҳисобга олинса, иқтисодиёт ишлаб чиқаришнинг 9 фоизи ёки суткасига 77,4 минг тонна ёқилғидан айрилган.

Пилотсиз парвоз қурилмалари воситасида берилган зарбалар туфайли Нефтни қайта ишлаш заводларининг авариявий тўхтаб қолишидан йиғилиб қолган ёқилғи йўқотишлари 3,5 млн тоннага етган, бу эса урушнинг аввалги икки йилидаги жами кўрсаткичдан 10 баробар кўп. Бу ҳолатда нефтни қайта ишлаш соҳасининг зиён кўрган қурилмалари сони уч баробарга ошган ва март ойининг ўрталарига келиб, авариявий тўхташ ҳажми режали таъмирларга нисбатан 1,4 баробарга ошган.

Ишлаб чиқаришнинг пасайиши Россияда аллақачон ёқилғи нархларига ҳам таъсир кўрсата бошлаган. АИ-95 бензин нархи биржада 12 фоизга кўтарилган. АИ-92 бензини октябрдан буён, дизел ёқилғиси нархи эса ноябрдан буён ўзининг максимум нархларини намойиш этган. 

НАТОнинг янги базаси

Сайловдан кейинги матбуот анжуманида Россия президенти Владимир Путин НАТО билан уруш бошланиши мумкинлиги эҳтимолини соқит этмади.

«Россия НАТО билан кенг кўламли ҳарбий можарода тўқнашиши мумкин, шундан сўнг дунё кенг миқёсли Учинчи жаҳон урушидан бир қадам нарида бўлиб қолади», деган Путин.

НАТО эса Россия билан потенциал уруш бўладиган бўлса, нафақат Болтиқ денгизи, Қора денгиз устидан ҳам назоратни тўлиқ ўз қўлига олади.

Чунки Руминияда НАТОнинг энг йирик ҳарбий базасини барпо этишга киришилди. У Қора денгиз соҳилига яқин жойда қурилади. Унда самолётлар учиб қўнадиган йўлаклар, ангарлар, ҳарбийларнинг болалари учун мактаблар, болалар боғчаси, дўконлар ва касалхона ҳам бўлади. Чунки базада 10 минг ҳарбий ўз оилалари билан келиб жойлашиши кутилмоқда.

Руминия стратегик муҳим нуқтада жойлаган. Бу база эса Украинадаги уруш яқинида доимий ҳарбий инфратузилма яратиш имконини беради. Лойиҳага кўра, авиабаза ҳар қандай турдаги самолётни қабул қила олади. Базада қирувчи ва бомбардимончи самолётлар жойлаштирилади.

Агар Россия билан эҳтимолли тўқнашув юз берадиган бўлса, алянс Россиянинг Қора денгиз соҳилларига зарба бера олади ва Қора денгиздаги ўз позицияларини кескин кучайтира олади. База, шунингдек, қўшинларни бошқариш учун қўмондонлик пункти бўлиб ҳам хизмат қила олади.

База АҚШ ҳарбий ҳаво кучларининг Германиядаги таянч пункти — «Рамштайн» авиабазасидан ҳам йирикроқ бўлиши режалаштирилмоқда.

Мавзуга оид