Ғазо бўйича янги музокараларга уриниш, Техасда янги миграция қонуни, Тожикистонда шов-шувли суд — кун дайжести
Дунёда содир бўлган воқеалар, ҳодисалар ва муҳим янгиликлар шарҳи билан одатдагидек кун дайжестида таништиришда давом этамиз.
ҲАМАС-Исроил музокаралари
Ғазодаги кескинликни бартараф қилиш учун Исроил ҲАМАС билан музокаралар ўтказмоқчи ва унда ҲАМАС етакчиларидан бири Яҳё Синвар тўғридан тўғри қатнашади, деб ёзади яҳудийларнинг «Haaretz» газетаси.
Нашрга кўра, Исроил ҲАМАСнинг Ғазодаги етакчиси билан музокараларни ўт очишни тўхтатиш ва асирда ушланиб турилганларни алмашиш борасида ўтказади.
Мақолада ёзилишича, ҲАМАС етакчиси билан гаровда ушлаб турилганларни алмашиш борасидаги музокаралар камида икки ҳафтага чўзилиши мумкин, ўт очишни тўхтатиш ва асирлар алмашинуви тўғрисидаги таклифни тайёрлашга эса 24-36 соат вақт кетади.
«Haaretz» газетасининг ёзишича, Исроил махсус хизмати МОССАД етакчиси Давид Барнеа бошчилигидаги делегация музокараларнинг янги босқичини ўтказиш учун Қатар пойтахти Доҳа шаҳрига йўл олган.
Очлик ва чорасизлик исканжасида қолган Ғазода хунрезликка имкон қадар барҳам берилиши керак. Нохуш статистикани яна бир бор эслатиб ўтамиз.
7 октябрдан буён Исроилнинг Ғазо секторида амалга оширган ҳужумлари натижасида ўлган инсонлар сони 31 минг 726 нафарга етди. Уларнинг камида 13,5 минги ёш болалар, 9 минги эса аёллардир.
Техасда янги миграция қонуни
Американинг Олий суди Техас штатига чегарани ноқонуний кесиб ўтаётган мигрантларни ҳибсга олиш ва қамашга рухсат берди.
Бу яқинда қабул қилинган энг қаттиқ иммиграция қонунларидан бирига кўра амалга оширилади. Энди полиция Мексика билан чегарани ноқонуний кесиб ўтишда гумон қилинган шахсларни ҳибсга олиш ва жиноий жавобгарликка тортиши мумкин.
Оқ уй томонидан конституцияга зид деб аталган ушбу қонун маҳаллий полицияга чегарани ноқонуний кесиб ўтишда гумон қилинган ҳар қандай одамни тўхтатиш ва ҳибсга олиш ваколатини беради. Жазолар орасида қамоқ ёки 2000 долларгача жарима ҳам бор.
АҚШдан бир марта депортация қилинганидан сўнг Техас орқали яна ноқонуний кирганлар учун ҳам жазолар анча қаттиқроқ бўлади: шахснинг иммиграция тарихи ва жиноий келиб чиқишига қараб, у 20 йилгача қамоқ билан жазоланиши мумкин.
Техас йўналиши лотин америкаликлар учун кўпроқ машҳур йўналиш ҳисобланади. Ўзбекистонлик ноқонуний мигрантлар АҚШ-Мексика чегарасини кўпроқ Калифорния, Аризона ва Ню-Мексико штатлари орқали кесиб ўтишади.
Россия: сайловдан кейин
Россияликларнинг учдан бир қисми дам олиш кунларида ўтказилган ва Владимир Путин фантастик 87 фоиз овоз тўплаган президентлик сайловлари тоза ўтганидан шубҳаланишини билдирган.
Бутунроссия ижтимоий фикрни ўрганиш маркази томонидан 18 март куни ўтказилган сўровномада сўралган россияликларнинг 65 фоизи сайлов натижалари «ишончли» ва «сайловчиларнинг иродасига мос» ўтганини таъкидлашган.
Сўралганларнинг 18 фоизи сайлов давомида овозларни «сунъий кўпайтириш» ҳолатлари рўй берган, бироқ бу «умумий натижа»га айтарли таъсир кўрсатмаган, деб ҳисоблайди.
Сўров марказига кўра, яна 12 фоиз одамлар принципиал тарзда сайлов натижаларига мутлақо ишониб бўлмайди, деб ҳисоблайди.
Бу сўнгги 20 йил ичидаги рекорд натижа. Фақат 2012 йилда, орада Дмитрий Медведев бир бор президент бўлиб олгач, Путин ўзининг учинчи муддати — илк олти йиллик муддатига сайланиши олдидан шундай норозилик натижаси кўзга ташланган эди.
Дарвоқе, қайта сайланган Владимир Путин ўзининг илк хорижий сафарини Хитойга қилиши кетилмоқда, деб ёзади Reuters. Ташриф одатга кўра, 7 май куни бўлиб ўтадиган инаугурация маросимидан сўнг амалга оширилади.
Баҳаво ва ифлос давлатлар
2023 йил якунларига кўра, ҳавоси энг ифлос давлатлар рўйхатида Покистон, Бангладеш ва Ҳиндистон етакчилар деб топилди. Бу Швейцариянинг ҳаво IQAir мониторинг ташкилоти ҳисоботида қайд этилган.
IQAir мутахассислари дунёнинг 134 мамлакати ва минтақасидаги 30 мингдан ортиқ ҳаво сифати мониторинги станциялари маълумотларини таҳлил қилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳаводаги PM 2,5 заррачаларининг йиллик ўртача даражаси ҳар бир метр куб ҳаво учун беш микрограммдан ошмаслигини тавсия қилади. Бироқ ўтган йили бу кўрсаткич Бангладешда 79,9, Покистонда эса 73,7 микрограммни ташкил этган. Ҳиндистонда эса бу миқдор 102,5 микрограммни кўрсатган.
Аниқлик киритилишича, мутахассислар хавфли моддаларнинг ЖССТ стандартларига мувофиқ нормал концентрациясини фақат еттита давлатда – Австралия, Эстония, Финландия, Гренада, Исландия, Маврикий ва Янги Зеландияда қайд этган.
Олимпиада 2024
Россия ва Беларусдан келган спортчилар ёзда Парижда бўлиб ўтадиган олимпиаданинг очилиш ва ёпилиш маросимида иштирок этишмайди.
Улар нейтрал байроқ остида спорт мусобақаларида иштирок этишади, уларнинг қўлга киритган медаллари умумий рейтингда инобатга олинмайди. Спортчилар шарафига мамлакат мадҳияси янграмайди.
Умуман олганда мусобақаларда ҳозирча 55 нафар спортчи нейтрал байроқ остида қатнашиш истагини билдиришган. Россияда бундай спортчиларни аллақачон хоин деб аташмоқда.
Тожикистонда шов-шувли суд
Тожикистон Олий суди «Ориёнбанк» раҳбари ўринбосарини ўлдирганликда айбланаётганларнинг беш нафарига умрбод қамоқ жазоси тайинлади.
Банк раиси ўринбосари Шуҳрат Исматуллоев ўтган йилнинг ёзида ўғирлаб кетиб, ўлдирилган. Унинг ўлимига сабаб бўлган айбланувчилар Дилшод Саидмуродов, Камаруззамон Азизов, Акбар Аҳмедов, Бахтовар Сафаров ва Шоҳрух Хўжаевга умрбод қамоқ жазоси тайинланган.
Бу иш бўйича жами 14 киши судланган. Қолганларга жиноий гуруҳдаги ролига қараб бир йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланган.
Тергов томонидан уюшган жиноий гуруҳ етакчиси деб топилган Дилшод Саидмуродовнинг мол-мулки ҳам мусодара этилиши белгиланди.
Умуман олганда, ушбу иш бўйича 18 кишига айблов эълон қилинган. Ишга алоқадор икки киши халқаро қидирувда. Яна икки киши ўлган. Парвиз Мустафоқулов тергов изоляторида зотилжамга чалиниб вафот этган бўлса, Рустам Ашуровни Кишинёв аэропортида молдовалик кучишлатарлар отиб ташлашган эди.
Мавзуга оид
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024
Ғазодаги ҳарбий назорат, Украина урушига 1000 кун ва ATACMS билан Россияга илк зарба — кун дайжести
14:03 / 19.11.2024