Бахмут атрофидаги артиллериячилар ва Белгород ўққа тутилиши оқибатлари. Уруш суратлари
Украинадаги урушнинг 755-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- «Биз уларни қаерда бўлишидан қатъи назар, даъво муддатисиз жазолаймиз». Путин — Украинадаги диверсия-разведка гуруҳлари сафига кирган «хоинлар» ҳақида.
- Адмирал Александр Моисеев РФ ҳарбий-денгиз флоти бош қўмондони вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
- Белгород областида Разумное посёлкаси ўққа тутилди. Уч киши яраланган, жумладан ёш бола ҳам.
- Европа иттифоқи Россия ва Беларус ғалласига бож жорий этди. FT нашри ёзишича, бу талабни «йўқ қилади».
- Петербургда Украинадаги урушдан қайтган собиқ маҳбус ресторанда бир кишини ўлдирган ва кечки овқатни тановул қилишда давом этган.
- РБК хабарига кўра, Арманистондаги банклар санкциялар туфайли «Мир» карталарини қабул қилишни тўхтатди.
Украин ҳарбийлари Запорижжа областидаги полигонда дронларни йиғмоқда
Украинадаги уруш — рақиблар учувчисиз учар аппаратларни бу қадар фаоллик билан қўллаётган тарихдаги илк қуролли можаро бўлмоқда. Россия қўшини Украина ҳудудини камикадзе-дронлар билан тинимсиз ўққа тутади, ўз навбатида РФнинг турли регионларидан ҳам деярли ҳар куни дронлар зарбаси ҳақида хабарлар келмоқда, жумладан, нефтни қайта ишлаш заводлари ҳамда ҳарбий авиабазалар ҳужумга учрамоқда (Украина ҳукумати бу хабарлар юзасидан расман изоҳ бермайди). Жанг майдонида икки томон ҳам операторларга манзарани биринчи шахс бўлиб кўриш имконини берувчи FPV-дронлардан фойдаланмоқда, улар портловчи моддалар олиб юриши ҳам мумкин.
Украин артиллериячиларининг Бахмут атрофидаги позициялари
Украина қуролли кучлари урушнинг ҳозирги босқичида артиллерия учун ўқ-дорилар тақчиллиги муаммосига учради. Ғарбдаги ҳамкорлар ҳозирча снарядлар етказиб бериш бўйича ваъдаларини тўлиқ бажара олмаяпти. Дронлар эса ҳозирча артиллериянинг ўрнини боса олмайди.
Белгород области ўққа тутилиши оқибатлари
Сўнгги ҳафталарда Белгород области расмийлари бир неча бор ҳудуд кун давомида бир неча мартадан ўққа тутилганини хабар қилди, РФ мудофаа вазирлиги эса регион устида ҳаракатланган дронлар тўхтатилгани ва ракеталар уриб туширилгани ҳақида ҳисобот берган. 19 март куни регион раҳбари Вячеслав Гладков бир ҳафта давомида Белгород областида тинч аҳоли вакиллари бўлган 16 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. 20 март куни Белгород навбатдаги марта ўққа тутилиши оқибатида яна бир киши ҳалок бўлди.
Донецк ўққа тутилиши оқибатлари
Россия томонидан аннексия қилинган ДХР расмийлари назоратидаги Донецк шаҳри ҳар куни ўққа тутилади. 19 март куни маҳаллий расмийлар шаҳарнинг Петровский районида уч киши, шунингдек Ҳорливка шаҳрида икки киши жароҳатланганини маълум қилганди. Ҳудуд раҳбарининг сўзларига кўра, Донецкда тўққизта турар жой биноси шикастланган.
Мавзуга оид
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024