Ўзбекистон | 10:12 / 21.03.2024
3720
2 дақиқада ўқилади

6 йилда метродан фойдаланган йўловчилар сони 162 млн кишига етди

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари 2017-2023 йиллар оралиғида Ўзбекистонда йўловчиларни ташиш соҳасида рўй берган ўзгаришларни таҳлил қилди.

Фото: Kun.uz

Таҳлил 2017-2023 йиллар оралиғида мамлакатда йўловчиларни ташиш ва йўловчи айланмасида сезиларли ўсиш бўлганлигини кўрсатди. 2017 йилда барча транспорт воситалари орқали 5 679,0 млн киши ўз манзилига етказилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич салкам 6 452,0 млн кишини ташкил этди. Йўловчи айланмаси эса 130,0 млрд йўловчи-кмдан 152,7 млрд йўловчи-кмга ошган.

2023 йилда йўловчи ташишда автомобил транспортининг улуши 97,2 фоизни ташкил қилган. Агар 2017 йилда 5 591,3 млн киши манзилга етказилган бўлса, 2023 йилда уларнинг сони 6 270,2 млн кишини ташкил қилган. Автомобил транспортида йўловчи айланмаси мос равишда ортиб, 117,7 млрд йўловчи-кмдан 133,8 млрд йўловчи-кмга етган.

2017-2023 йилларда метрополитендан фойдаланган йўловчилар сони 2,6 маротаба ошган ва 61,6 млн кишидан 162,7 млн кишига етган. Мутаносиб равишда йўловчи айланмаси ҳам 459,1 млн йўловчи-кмдан 1 186,4 млн йўловчи-кмга кўпайган.

Ҳаво транспорти воситасида ташилган йўловчилар ҳам мазкур давр мобайнида 2,4 баробар ошган ва 2,2 млн кишидан 5,3 млн кишига етган.  Йўловчи айланмаси 7,5 млрд йўловчи-кмдан 13,8 млрд йўловчи-кмга ортган.

Транспорт хизматлари бозори ва инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида «Ўзбекистон - 2030» стратегиясида бир қатор тадбирлар белгиланган. Жумладан: йўловчи ва юк ташиш хизматлари ҳажмини 3 баробар ошириш, авиақатновлар сонини 4 баробарга ошириш, шаҳар ва туманларни жамоат транспорти билан тўлиқ қамраб олиш, янги автобуслар сонини 5 мингтага ва электробуслар сонини 2 мингтага етказиш.

Мавзуга оид