Жаҳон | 14:35 / 21.03.2024
3668
3 дақиқада ўқилади

WP: Украина июлгача 155 мм снарядларни ишлаб чиқаришни бошлай олмайди

Украинада НАТО стандартидаги снарядларни ишлаб чиқариш 2024 йилнинг иккинчи ярмигача бошланмайди, деб ёзади The Washington Post «Укроборонпром»даги манбага таяниб. 

Фото: The Washington Post / Oksana Parafeniuk

The Washington Post нашрининг ёзишича, Украина яқин ойларда ўзига етказиб берилаётган Ғарб артиллерия тизимлари учун зарур бўлган 155 миллиметрли снарядларни ўзи ишлаб чиқаришни йўлга қўя олмайди. Бу снарядларнинг фронтда тақчиллиги бор, бироқ уларни мамлакатда ишлаб чиқариш «шу йил иккинчи ярмидан» кейин бошланиши мумкин, деб ёзади 20 март, чоршанба куни Америка газетаси «Укроборонпром» Украина давлат концерни вакилига таяниб.

Нашрнинг анонимлик шарти билан гапирган суҳбатдоши миллий хавфсизлик масалалари сирлиги сабабли қўшимча маълумот беришдан бош тортди.

155 мм калибрдаги снарядлар - НАТО стандарти

155 мм калибрдаги ўқ-дорилар НАТО қуроллари учун стандарт бўлиб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида артиллерия қуролларида қўлланади. Украина қуролли кучлари ҳар куни уч мингдан олти мингтагача шундай снарядлардан фойдаланиши мумкин, дея олдинроқ тахмин қилганди ҳарбий экспертлар.

Икки йилдан кўпроқ вақт давомида Россиянинг кенг кўламли ҳужумидан ўзини ҳимоя қилиб келаётган Украина бу снарядларни бир қатор мамлакатлардан олади, аммо кўпроқ ҳажмга муҳтож. Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланганидан бери Киев биргина АҚШдан 2 миллионта 155 мм калибрдаги снаряд олди. Чехия бир неча ҳафта олдин Украина қуролли кучларини яқин келажакда 500 мингтагача 155 мм калибрли ва 300 мингтагача 122 мм калибрли артиллерия снарядлари билан таъминлашини эълон қилган. Учинчи давлатлардан харидлар бўйича музокаралар Прага ташаббуси билан 2022 йил бошидан буён олиб борилмоқда.

19 март куни Германия мудофаа вазири Борис Писториус Украинага 500 миллион евролик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди, бу пакетга бошқа нарсалар қатори Бундесвер захираларидаги 10 мингта ўқ-дори ҳам киради. Бундан ташқари, Германия Украина армияси учун яна 180 мингта снаряд сотиб олиш учун пул тўлайди, шунингдек, 100 мингта 155 мм калибрдаги снарядлар ишлаб чиқариш бўйича шартнома тузди, дея қўшимча қилди Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари. 2025 йилда Германиянинг Rheinmetall концерни Украинада снаряд ишлаб чиқарувчи завод қуради. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид