Ўзбекистон | 16:52 / 22.03.2024
8123
3 дақиқада ўқилади

«Антиструмин» дори воситасини ишлаб чиқарган корхона лицензияcи вақтинча тўхтатилди

Суд Наманганда болаларнинг оммавий заҳарланиши билан боғлиқ воқеага дахлдорлиги гумон қилинган «Антиструмин» дори воситасини ишлаб чиқарган «Samo» МЧЖ лицензиясини вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида ажрим чиқарди: Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг судга шу ҳақда киритган илтимосномаси қаноатлантирилган.  

«Антиструмин» дори воситасини ишлаб чиқарган «Samo» МЧЖ лицензияси вақтинчалик тўхтатилди. Бу ҳақда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази хабар берди.  

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан «Samo» МЧЖда фармацевтик фаолият бўйича текширув ишлари олиб борилаётганди

«Ўрганишлар натижасига кўра, корхона томонидан қўпол қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилганлиги аниқланиб, 2023 йил декабр ойида «Samo» МЧЖ лицензиясини бекор қилиш тўғрисида марказ томонидан судга даъво аризаси киритилган эди.

Наманганда юз берган заҳарланиш ҳолати юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича суриштирув-тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани сабабли мазкур иқтисодий иш билан боғлиқ суд, жавобгарнинг илтимосномасига кўра 2024 йил 19 январда тўхтатилди.

Аҳолининг ҳаёти ҳамда соғлиги учун таҳдид юзага келишининг олдини олиш мақсадида, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг юқоридаги иқтисодий иш бўйича якуний суд ҳужжати қабул қилингунига қадар «Samo» МЧЖ лицензиясини тўхтатиб туриш тўғрисида Зангиота туманлараро иқтисодий судига киритган илтимосномаси суднинг тегишли ажримига мувофиқ қаноатлантирди», дейилади марказ хабарида.

Қўшимча қилинишича, «Samo» МЧЖга тегишли, дори воситаларини ишлаб чиқариш учун 2020 йил 30 мартда берилган 15571-сонли лицензиянинг амал қилиши вақтинчалик тўхтатилган.  

Антиструмин воқеаси

2023 йил 20 сентябрдан Ўзбекистонда «Ёрқин миллат» дастури бўйича болаларни йод билан таъминлаш ишлари бошланганди. Йод препаратлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизими орқали 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган барча болалар учун бепул тақдим этилиши кўзда тутилганди.

2023 йил 21 сентябр куни Наманган вилояти Чуст туманидаги боғчанинг айрим тарбияланувчилари орасида тана ҳарорати кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари кузатилгани хабар берилди. Дастлабки шикоят бўйича 5 нафар бола шифохонага олиб келинган. Сўнгра жами 71 нафар боланинг соғлиғидан шикоятлар қайд этилган ва улар тезкорлик билан шифохонага ётқизилган.

Кейинчалик Наманганда 450 нафар бола касаллангани маълум бўлди. Бунинг ортидан мактаб ва боғчаларга тарқатилган йод препарати истеъмоли тўхтатилди ҳамда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Кейинчалик собиқ Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов болаларга йод препарати юқори дозада берилганини тан олганди

Мавзуга оид