Жаҳон | 19:52 / 22.03.2024
8327
7 дақиқада ўқилади

Ғазо бўйича резолюция, Украинага ракета зарбалари ва Хитой-Тайван можароси истиқболлари — кун дайжести

Кун давомида дунёда рўй берган муҳим янгиликлар, воқеа-ҳодисаларнинг яна батафсил шарҳини сизга тақдим этишда давом этамиз.

ВИДЕО

Ғазодаги вазият

БМТ Хавфсизлик кенгашида — Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича резолюция қабул қилиниши мумкин. Резолюция лойиҳаси БМТ Хавфсизлик кенгашига АҚШ томонидан киритилган ва 22 март жума куни кўриб чиқилади ҳамда овоз бериш ўтказилади.

Резолюция лойиҳасида «тинч аҳолини ҳар томондан ҳимоя қилиш, муҳим ҳуманитар ёрдам кўрсатиш ва инсонлар азобини енгиллаштириш учун зудлик билан ўт очишни тўхтатиш зарурлиги» таъкидланган. «Хавфсизлик кенгаши барча гаровга олинганларни озод қилиш билан бир қаторда, шундай оташкесимга эришиш бўйича олиб борилаётган халқаро саъй-ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди», — дея ҳужжатдан иқтибос келтиради dpa агентлиги.

Ушбу резолюция қабул қилиниши Исроил давлатининг Ғазога бостириб кирганидан буён ва БМТ Хавфсизлик кенгаши бу можарода доимий оташкесим тарафдори эканини билдирганидан бери илк марта содир бўлади. 

Украина энергетика инфратузилмаларига зарба

Россия армияси Украинага навбатдаги ёпирилма ракета зарбаларини йўллади. 22 мартга ўтар кечаси бутун мамлакат ҳудудлари бўйлаб ҳаво тревогаси эълон қилинган.

Энергетика вазири Герман Галушенко россияликларнинг бу сафарги зарбаларини сўнгги вақтларда Украина энергетика тизимига қилинган энг кенг кўламли ҳужум деб атаган. «Мақсад — шунчаки шикастлантириш эмас, балки ўтган йилда бўлгани каби мамлакат энергия тизими фаолиятида кенг миқёсли узилишлар келтириб чиқаришга уринишдир», — деган вазир.

Турли областларда ишлаб чиқариш иншоотлари, электр узатиш ва тарқатиш тизимларида зарбалар ва шикастланишлар қайд этилган. Қатор регионларда электр таъминотида узилишлар юзага келган.

Харкив шаҳри амалда тўлиқ электр ва ичимлик сув таъминотисиз қолган.

Запорижжяга россиялик ҳарбийлар 12 та ракета зарбаси берган. Еттита уй вайрон бўлиб, яна 35 таси шикастланган. Яраланганлар бор.

Запорижжя АЭС фаолияти ҳам тўхташ ёқасига келган — ҳужум вақтида АЭСни Украина энергия тизими билан бирлаштириб турувчи ташқи ҳаво электр узатиш линияси узилган.

Кривий Риҳ шаҳрида дронлар ва ракеталарнинг биргаликдаги ҳужуми натижасида критик инфратузилма объектлари шикастланган.

«Укргидроэнерго» хабарига кўра, гидротехник иншоотлар ва Днипро ГЭС тўғонига зарба берилган. Станцияда ёнғин чиққан. «Сув тошиб чиқиши хавфи йўқ. Станция тўғонидаги вазият назорат остида», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Суми, Винница, Лвив, Ивано-Франковск, Миколайив областларидаги муҳим инфратузилма объектлари ҳам зарбалар нишонига айланган. 

Украинага ёрдам

Халқаро валюта фонди директорлари ижроия кенгаши Украинага 880 миллион доллар миқдорида навбатдаги кредит улуши ажратиш бўйича келишувларни маъқуллади.

Украинага навбатдаги транш ажратиш бўйича келишувга феврал ойида эришилган эди. Тўрт йиллик кенгайтирилган кредит дастури доирасидаги аввалги 900 миллион долларлик транш фонд томонидан 2023 йил декабр ойида тасдиқланган. Жамғарма аввалроқ ушбу механизм бўйича Украина учун тўрт йиллик дастурни 15,6 миллиард доллар миқдорида молиялаштиришни тасдиқлаган эди.

Европа банки ҳам кейинги беш йил ичида Украинага 10 млрд евро инвестициялар ажратади, деб хабар беради Forbes.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки яқин беш йил ичида Украинадаги лойиҳаларга ҳар йили 1,5 млрддан 2 млрд еврогача пул ажратади.

Инвестициялар энергетик хафсизлик, критик инфратузилма, озиқ-овқат хавфсизлиги, бизнес ва савдони молиялаштириш каби мамлакатнинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлайди.

Музлатилган Россия активларидан олинаётган фойда Украина учун қурол-яроғ сотиб олишга йўналтирилиши керак, деган Германия канцлери Олаф Шолц.

Канцлер Брюсселда ўтаётган Европа Иттифоқи давлатлари раҳбарлари саммити чоғида журналистлар олдида чиқиш қилар экан, Ғарб давлатлари Украинани қанча керак бўлса шунча қўллаб-қувватлаши борасида Путинга аниқ сигналлар бераётганига ишончи комил эканини айтган.

Америкадан янги ҳарбий ёрдам пакети депсиниб қолгани сабабли Украина Қуролли кучлари бир қатор ҳудудлардан «мудофаани мустаҳкамлаш» мақсадида чекиниш билан боғлиқ «мураккаб» қарорларга келиши керак, деган Пентагон матбуот котибининг ўринбосари Сабрина Сингҳ.

Дарвоқе, Россия флоти яна бир кемасидан айрилди. Бу марта воқеа Қора денгизда рўй берган эмас ва кўникиб қолганимиз — кема украинларнинг зарбасига дучор бўлгани йўқ. Кемага русларнинг ўзлари зарба беришган: ҳалок бўлганлар ва ярадорлар бор.

Россия оммавий ахборот воситалари «Капитан Лобанов» траулерига Болтиқ денгизидаги ўқув машқлари давомида адашиб ракета зарбаси берилганидан сўнг кема чўкиб кетганини хабар қилмоқда. Кема экипажидан уч киши ҳалок бўлган ва тўрт киши ярадор бўлган. 

Украинага халқаро босим

Украина Франция ва Хитойнинг босимлари остида ўзи тузган уруш ҳомийлари рўйхатидан воз кечмоқда.

Бундай рўйхатга Россия билан бизнес қилишда давом этаётган компаниялар ва жисмоний шахслар киритиб борилаётган эди. Reuters манбаларининг сўзларига кўра, Киевни рўйхатни юритишни бекор қилишига асосан икки давлат мажбурлаган. «Бу нафақат Хитой», деган манбалардан бири ва Францияга ҳам шама қилган. Иккинчи манба Франция ва Хитойдан ташқари Австрия ва Венгрия ҳам Киевга босим ўтказганини айтган.

Рўйхатни Украинанинг коррупциянинг олдини олиш миллий агентлиги юритган ва шу пайтгача 50 дан зиёд фирмалар унга киритилган. Энг кўп компаниялар Хитойники — 14 та. Улар орасида CNPC, Sinopec Group, ва CNOOCдек нефт ва газ компаниялари, Alibaba онлайн ритейлери, Хитой темирйўл қурилиш компанияси, Хитой давлат инженерлик қурилиш компанияси, HikVision видеокузатув воситалари ишлаб чиқарувчиси кабилар бор.

Франция компанияларидан тўрттаси қора рўйхатга тушган: Auchan, Leroy Merlin, Yves Rocher ва Bonduelle. Рўйхатда шунингдек, АҚШ, Германия, Италия, Швейцария бошқа давлат фирмалари ҳам бор. Жумладан Bacardi, Nestle, Knauf, Uniliver каби машҳур брендлар эгалари. 

Хитой-Тайван можароси

Хитой 2027 йилда Тайванга бостириб киришга тайёрланмоқда, деб хабар бермоқда, Bloomberg нашри. Американинг Ҳинд-Тинч океани қўмондонлиги раҳбари, адмирал Жон Акилинонинг нашрга берган интервюсига кўра, барча белгилар Хитойнинг бостириб киришига ишора қилмоқда.

Хитойнинг расмий мудофаа бюджети сўнгги йилларда 16 фоизга ўсиб, 223 млрд долларга етган. Сўнгги уч йил ичида Хитой армияси 400 дан зиёд қирувчи самолётлар, 20 дан ортиқ йирик ҳарбий кемалар билан мустаҳкамланган

Шунингдек, 2020 йилдан буён Хитой Халқ Республикаси баллистик ва қанотли ракеталари захираларини ҳам икки баробарга ошириб олган. Таҳлилчиларнинг қайд этишича, Хитой ўзининг ҳарбий ва ядровий арсеналини «Иккинчи жаҳон урушидан буён мисли кўрилмаган даражада» ошириб бормоқда.

Мавзуга оид